Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш | Тазкия дарслари (266-дарс)

19:00 / 27 январь 1090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Огоҳ бўлингким, албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир».

Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъиян ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.

«Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир».

Яъни Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, уни қилиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса Аллоҳнинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир.

Жинси ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланганларга бу дунёда соғлиқдан айрилиш, турли бало-офатларга гирифтор бўлиш ва бошқа жазолар бор. Охиратда яна ўзига яраша жазолар бўлади.

Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам қўлларини кесиш ва бошқа турли тан жазолари билан бирга, бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслиги каби руҳий-маънавий жазолар ҳам бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап.

«Огоҳ бўлингким, албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким, ўша нарса қалбдир».

Бу иқтибосда «солиҳ» сўзи «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» деб луғатда бир нарсани ағдаришга айтилади. Қалб бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам «қалб» деб аталган.

Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.

Зоҳирийси кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклидаги гўшт парчасидир.

Ботинийси эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ўшадир.

Зоҳирий қалб инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.

Қалбни бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади.

Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг бузуқ ёки тузук бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Қалбнинг бузуқ ёки тузук бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ экан.

Ушбу ҳақиқатни қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносида тушунилган.

Ҳозирги кунда эса юрак танани тирик ва соғ ҳолда тутиб турадиган аъзо сифатида билинади. Юрак ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, юрак соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб билинади.

Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилиши керак.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Маълумки, таом танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига молу мулк топган одамлар гуноҳкори азим бўладилар. Мазкур гуноҳлар уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаромхўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига ҳам яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз.

Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш ниҳоятда зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ҳалоллиги аниқ бўлган нарсаларнигина ўзимизга раво кўришимиз керак.

Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз лозим.

Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
101. Бир донишманддан сўралди дўстларнинг энг яхшиси кимДонишманд жавоб берди сендан бир яхшилик кўрса, ёядиган сендан бир айб билса, яширадиган дунё сенга давоми...

4473 16:04 / 28.03.2017
Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳақлари бордир. Баъзиларни амал қилиш учун ўрганиб чиқамиз.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

4314 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади .Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кекларингизни чиқарур, 37оят.Аллоҳ таоло Ўзи яратган давоми...

3407 19:00 / 23.04.2022
Қуёш чиққандан кейин икки ракъат ишроқ намози ўқилади.Муъоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бомдод давоми...

2521 15:00 / 04.12.2018