Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (6-дарс). Сунний тасаввуф

13:02 / 05.11.2018 5563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат?

Аввало турли омилларга кўра «тасаввуф» сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақиқатнинг «руҳий тарбия», «тазкиятун-нафс», «сулук» ва шунга ўхшаш маънолар билан ифода қилинганини айтиб ўтмоғимиз лозим.

Қуръони каримда динимизнинг шўъбаларидан ва нубувват орқали келган муҳим нарсалардан бири бўлган бу ҳақиқат «тазкия» – «поклаш» деб аталган. Тазкия Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган тўрт муҳим нарсадан бири сифатида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Жумуъа сурасида қуйидагиларни айтади:

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ

«У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар» (2-оят).

Биз «саводсиз» деб таржима қилган маъно араб тилида «уммий» дейилиб, бу сўз ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. «Умм» она дегани. Демак, «уммий» сўзидан «онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган» деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари «уммий қавм» деб аталган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар. Албатта, Аллоҳ таолонинг улкан ҳикмати туфайли шундай бўлган. Нима учун ҳикмат, деяпмиз? Чунки саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсган, умрида ҳеч нарса ўқимаган-ёзмаган, ўзга динлар, шариат ва маданиятлардан бехабар ҳолда вояга етган, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дин бўлмиш Исломга даъват қила бошладилар.

Энди бевосита ояти кариманинг шарҳига ўтайлик.

«У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган… Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар».

Аллоҳ таоло арабларга ўзларининг ичидан чиққан ва ўзларига ўхшаш уммий кишини элчи қилиб юборганини миннат қилмоқда. Бу элчи Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу элчининг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:

Аллоҳ таоло Ўзининг «...оятларини ўқиб берадиган...» Расулни юборди.

Яъни Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан нозил бўлаётган Қуръони карим оятларини уммий қавмларга етказадилар;

«...ва уларни поклайдиган...»

Яъни ўша Расул уларни куфр ва гуноҳлар ботқоғидан поклайди. Уларнинг қалбларини, руҳларини, виждонларини, муомалаларини, хуллас, барча-барча тарафларини поклайди.

Ўша поклаш «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб аталиб, мўминларнинг нафсларини кучлантириб сайқаллаш, уларга фазилатларни касб қилдириш, уларни разолатлардан холи қилиш билан бўлади.

«...ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборди».

«Китоб»дан мурод Қуръони каримдир, яъни ўша Расул уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади.

«Ҳикмат»дан мурод эса Пайғамбаримизнинг суннатларидир. «Суннат» Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганликларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Динимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Набий алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир.

«...гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам...» дегани, Исломдан олдин дунё халқларининг қаттиқ адашишда эканлигига, уларнинг жаҳолат ботқоғида қулоқларигача ботиб ётганлигига ишоратдир.

Демак, тазкиятун-нафс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажаришлари лозим бўлган тўрт муҳим нарса: оятларни уммийларга тиловат қилиб бериш, уларга Китобни таълим бериш, уларга ҳикматни ўргатиш ва уларни поклашдан биридир.

Нафсни поклаш ҳақида юқоридаги оятдан бошқа ояти карималар ҳам бор.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ

«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик» (151-оят).

Эътибор қилинса, ушбу оятда олти муҳим нарса ҳақида сўз бормоқда:

Биринчидан, ўзингиздан танлаб, Расул юбордим.

Иккинчидан, у Расул сизларга оятларимни тиловат қилиб беради.

Учинчидан, у сизларни поклайди. Аллоҳ ирода қилмаса, сизларни ким поклаши мумкин эди, ахир?!

Тўртинчидан, у Расул сизларга Китобни – Қуръонни ўргатади.

Бешинчидан, ҳикматни ўргатади.

Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади.

Мазкур ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бундай неъматларни ато эта олмайди. Ана ўша муҳим ишлар ичида тазкия ҳам бор.

Аллоҳ таоло Аълаа сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ

«Дарҳақиқат, ким пок бўлса, ютуқ топадир. Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса»  (14-15-оятлар).

Ҳа, охиратда ютуққа эришиш учун, катта оловга кириб куймаслик учун, ўша олов ичида на ўлмай ва на тирилмай, даҳшатли азобда қолмаслик учун ҳар бир банда бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳлардан пок бўлиши, ўз Роббини зикр қилиб, намоз ўқиши шарт.

Бу ердаги покланиш ва зикрдан сиз билан биз ўрганаётган ҳақиқат кўзда тутилган.

Аллоҳ таоло Шамс сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ва нафс билан ва унинг бекаму кўст қилиниши билан қасам. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди. Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди» (7-10-оятлар).

Аллоҳ таоло инсоннинг нафсини Ўзи яратади. Яратганда ҳам, ажойиб қилиб, камолга эришиш истеъдодига эга қилиб, ҳамма нарсасини мўътадил қилиб, турли қувват ва қобилиятларга эга қилиб, ақлли қилиб яратади. Инсон ўзини бекаму кўст қилиб яратган Аллоҳ таолога иймон келтириши ва Унга итоату ибодат қилиши лозим ва лобуддир.

Аллоҳ таолонинг шунча нарсалар билан қасам ичишидан мақсад улардан кейин келадиган масалага, яъни инсон нафсининг пок бўлишига эътиборни тортиш, унинг аҳамиятини оширишдир.

«Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди».

Яъни Аллоҳ таоло инсон нафсини бекаму кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нима-ю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди. Яхши нима – ёмон нима, иймон нима – куфр нима, савоб нима – гуноҳ нима, ҳидоят нима –  залолат нима, ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.

Ана шундан кейин энди:

«Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди».

Яъни ким ўз нафсини куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади.

«Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди».

Яъни ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади, ҳасратга учрайди.

Ушбу оятлардан тазкиятун-нафс – нафсни поклаш динимиздаги энг муҳим ишлардан бири эканини англаб оламиз. Бу муҳим ишни амалга оширадиган, йўлга қўядиган, ўргатадиган илмни «тасаввуф» деб аташ урф бўлиб қолган. Уни бошқа номлар билан атаса ҳам бўлар эди. Аммо нима учундир айни «тасаввуф» деган ном билан аталиб қолган.

 

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучорбўлишини билиб қўйсин.Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар давоми...

4527 15:00 / 20.03.2021
1. Вараъ иймоннинг энг олий мартабаларидандир. 2. Вараъ эҳсоннинг энг афзал даражаларидандир. 3. Вараъ мўминни хотиржам қилади. 4. Вараъ мўминнинг қалбига роҳат давоми...

896 19:00 / 11 февраль
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

2231 19:00 / 13.03.2023
иккинчи мақолаУчинчи мақом муҳосабаМуҳосаба ndash амалдан сўнг нафсни ҳисобкитоб қилишдир. Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр давоми...

4039 13:02 / 29.08.2020
Аудиолар

135049 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55324 14:35 / 11.08.2021