Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (104-дарс). Шайтоннинг қалбга йўл олишини тўсиш

13:00 / 26.09.2020 6140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одам боласига шайтоннинг таъсири бўлиши шубҳасиз. Фақат Аллоҳ таоло сақласагина, бу нарса бўлмайди. Шайтон инсонга унинг заиф томонларидан таъсир қилиш учун ҳаракатда бўлиши ҳам аниқ.

Шунинг учун ҳам нафсни поклаш масаласида қалбга шайтон таъсир кўрсатадиган йўлларни билиш катта аҳамият касб этади.

Инсоннинг қалби худди қўрғонга ўхшайди. Шайтон ўша қўрғонга кириб, уни эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Мазкур қўрғонни душмандан ҳимоя қилиш учун унинг эшик, дераза ва тешикларини яхши билиш лозим. Уларни яхши билмагунча қўрғонни ҳимоя қилиб бўлмайди.

Қалбни шайтоннинг васвасасидан ҳимоя қилиш вожиб. Бу иш ҳар бир мукаллаф бандага фарзи айндир. «Вожибга етиш учун керак бўладиган нарса ҳам вожибдир», деган қоида бор. Шайтондан қалбни ҳимоя қилиш унинг кириш жойларини билиш керак бўлгани учун, мазкур кириш жойларини билиш иши ҳам вожиб бўлади.

Шайтоннинг қалбга кириш йўллари банданинг сифатлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилади. Биз мазкур эшикларнинг энг катталари ҳақида сўз юритамиз.

1. Ғазаб ва шаҳват.

Ғазаб ақлнинг кишанидир. Ақлнинг аскари заиф бўлса, шайтоннинг аскари кучли бўлади. Инсон қанча кўп ғазабланса, шайтон уни худди ёш бола тўпни ўйнагандек қилиб ўйнашга ўтади.

2. Ҳасад ва ҳирс.

Банданинг бирор нарсага ҳирс қўйиши қанчалик кучли бўлса, ўша ҳирси уни шунчалик кўр ва кар қилади.

Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нарсага бўлган муҳаббатинг кўр ва кар қилур», деганлар.

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шайтоннинг кириш жойлари қалб кўзларининг нури ила кўрилади. Агар ўша кўзларни ҳирс ва ҳасад беркитиб қолса, кўриб бўлмай қолади. Ана ўшанда шайтон фурсатни ғанимат билиб, ҳасадчи ва ҳирсли одамга шаҳватга эриштирадиган ҳар бир нарсани чиройли кўрсатиш пайидан бўлади.

3. Таомдан ортиқча тўйиш.

Бунда таом ҳалол, пок бўлиши ҳам мумкин. Чунки таом шаҳватни кучайтиради. Шаҳватлар эса шайтоннинг қуролларидир. Кўп ейишда олти ёмон хислат борлиги таъкидланади.

1) Қалбдан Аллоҳнинг хавфи кетиши.

2) Қалбдан халойиққа нисбатан раҳмнинг кетиши. Чунки у ҳаммани тўқ деб ўйлайди.

3) Тоатни оғир кўриб қолиш.

4) Ҳикматли сўзни эшитганда, таъсирланмаслик.

5) Мавъиза ва ҳикматли сўзларни гапирса, одамларга таъсир қилмаслиги.

6) Турли хасталикларнинг келиб чиқиши.

4. Кийим-кечак, асбоб-анжом ва уй-жойда зебу зийнатга ружу қўйиш.

Қачон шайтон инсон қалбида мазкур ҳолларнинг урчиганини кўрса, дарҳол тухум қўйиб, болалайди. Мазкур одамни уй-жойини зийнатлашга чақиради: «Шифтни яхшила, деворларни чиройли қил, хоналарни кенгайтир», дейди.

Шунингдек, «Кийимларингни қойилмақом қил, уловнинг ҳеч кимда йўғини топ», дейди. Қарабсизки, умрини шундай ишлар билан ўтказиб турибди. Бу ҳол давом этаверса, оқибатда банда куфрга бориши ҳам мумкин.

5. Одамлардан тамагир бўлиш.

Чунки қалбга тамагирлик ғолиб бўлса, шайтон унга тинимсиз равишда кимдан тама қилаётган бўлса, ўшанинг олдида турли риё ва ҳийла-найранглар билан жилваланишни чиройли кўрсатади.

Энг камида у ўзи тамагирлик қилаётган одамини ўринсиз мақташга ўтади. Унинг розилигини топиш учун ҳар қандай гуноҳни қилишга тайёр бўлади.

 «Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Беморларни кўргани бориш ва жаноза маросимларида иштирок этиш ҳам ўлимни эсга олишда муҳим восита ҳисобланади. Зотан, имом Табароний Аммор розияллоҳу анҳудан давоми...

4151 13:00 / 15.08.2020
1. Дуо.Гуноҳни тарк этишга ёрдам берадиган ва ҳар бир муаммонинг ҳал бўлишида энг катта сабаблардан бири дуодир. Эй тавба қилувчи эркак Эй тавба қилувчи аёл Эй давоми...

5458 05:00 / 01.03.2017
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилинган. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор бўлиб, уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир. Мадҳ қилувчидаги давоми...

4434 11:15 / 18.04.2021
Илоҳий қонун билан инсоний қонунларнинг орасида осмон билан ерчалик, янада аниқроқ айтсак, Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор. Илоҳий қонун бутун борлиқни яратган ва давоми...

12109 05:00 / 28.02.2017