Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тақводорларнинг мукофоти | Тазкия дарслари (258-дарс)

19:00 / 02.12.2023 1494 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ

Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради, ёмонликларингизни ўчиради ва сизни мағфират қилади. Аллоҳ буюк фазл эгасидир» (Анфол сураси, 29-оят).

Яъни Аллоҳ таоло тақводор кишига ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, фарқлайдиган ҳидоят ва нур бериб қўяди.

Фурқон» дегани ажратувчи», фарқловчи» деганидир. Ана ўша ҳидоят ва нур ила тўғри йўлдан юриб борилади.

Тақводорларнинг ҳам гуноҳлари ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.

Аммо Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофотлар ҳам беради.

Бу ҳақда У Зот шундай деб марҳамат қилади:

ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ

Улар муддатларига етсалар, уларни маъруф билан ушланглар ёки улар билан маъруф ила ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бундан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Яъни ким тақво ила Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни кўрсатиб қўяди.

Тақводорнинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйламаган, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради.

Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса аксинча натижага олиб келади.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

Қуръондаги энг катта умидбахш оят ушбу –

ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ

 

Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур»дир», деган эканлар.

عَنْ ثَوْبَانَ مَوْلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَفَعَهُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَرُدُّ الْقَدَرَ إِلَّا الدُّعَاءُ، وَلَا يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلَّا الْبِرُّ، وَإِنَّ الْعَبْدَ لَيُحْرَمُ الرِّزْقُ بِالذَّنْبِ يُصِيبُهُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди. Умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди. Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ

Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир», жумласи тафсирида уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَاعْلَمْ أَنَّ الْأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلَّا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَإنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلَّا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ الله عَلَيْكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Тақво қилувчи бандаларининг гуноҳларини кечириб, ажрларини кўпайтириб бериши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ

Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадир. Булар Аллоҳнинг сизга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини буюк қилиб берур» (Талоқ сураси, 4-5-оятлар).

Талоқ, идда ва уларга тегишли бошқа масалалар оилавий ажралишларга боғлиқ бўлгани учун уларда бир-бирига зулм қилиш эҳтимоли кўп. Шунинг учун ҳам бу масалага оид оятларда Аллоҳ таоло қайта-қайта тақвога чақиради.

Шу билан бирга, ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беришни ва гуноҳларини кечиришни ҳамда ажрини кўпайтириб беришни ваъда қилади.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, тақво ҳақида оятлар жуда кўп. Биз ҳар маънога оид бир ёки икки оятни мисол учун келтирдик, холос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тақводорларнинг имоми бўлишлари билан бирга, тақво ҳақида кўплаб ҳадислар ҳам айтганлар. Юқорида эслатилганлардан ташқари, яна баъзи бир ҳадисларни мисол тариқасида келтирамиз.

عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا بَعْدَ صَلَاةِ الْغَدَاةِ مَوْعِظَةً بَلِيغَةً، ذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، وَوَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، فَقَالَ رَجُلٌ: إِنَّ هَذِهِ مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ، فَمَاذَا تَعْهَدُ إِلَيْنَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللهِ، وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ عَبْدٌ حَبَشِيٌّ، فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ يَرَ اخْتِلَافًا كَثِيرًا، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الْأُمُورِ، فَإِنَّهَا ضَلَالَةٌ، فَمَنْ أَدْرَكَ ذَلِكَ مِنْكُمْ فَعَلَيْهِ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمُهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб, кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:

Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди.

Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул (бошлиқ) бўлса ҳам қулоқ солиб, итоат этишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг суннатимни ва рошид, ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш У Зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишга қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадиларndash Завқ ва ўйинкулги орзуларини совутиб қўювчи нарса ўлимни кўп хотирлангҲадиснинг шарҳи бундайЎлимни кўп давоми...

3952 10:02 / 26.11.2018
Бола отаонаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига давоми...

3571 13:00 / 21.11.2020
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимАли розияллоҳу анҳу дедилар Тақво Аллоҳдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, озга қаноат қилиш, кетадиган кунга тайёргарлик кўришдирrdquo. давоми...

6199 05:00 / 01.03.2017
151. Сохта дўстлик обҳаво ноқулай бўлганда қишлаш учун кўчиб кетувчи қушга ўхшайди.152. Дўстлар вазиятлар билан билинади, йиллар билан эмас. Бу ҳақиқатни бир кун давоми...

3866 16:20 / 22.04.2017