Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (98-дарс). Бемор кўриш ва жанозада иштирок этиш

13:00 / 15.08.2020 4000 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Беморларни кўргани бориш ва жаноза маросимларида иштирок этиш ҳам ўлимни эсга олишда муҳим восита ҳисобланади. Зотан, имом Табароний Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Воизликка ўлимнинг ўзи кифоя қилади», деганлар.

Шунингдек, тез-тез қабристонларни зиёрат қилиб туриш ҳам ўлимни эслатади.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الْآخِرَةَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ وَاللَّفْظُ لِلتِّرْمِذِيِّ.

Сулаймон ибн Бурайда отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасининг қабрини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.

Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан ман қилган эдилар.

Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбида мустаҳкам жойлашиб бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки амр қилдилар, тарғиб этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, кўпроқ охират учун ҳаракат қилади.

عَنْ هَانِئٍ مَوْلَى عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ عُثْمَانُ إِذَا وَقَفَ عَلَى قَبْرٍ بَكَى حَتَّى يَبُلَّ لِحْيَتَهُ، فَقِيلَ لَهُ: تُذْكَرُ الْجَنَّةُ وَالنَّارُ فَلَا تَبْكِي وَتَبْكِي مِنْ هَذَا؟ فَقَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّ الْقَبْرَ أَوَّلُ مَنْزِلٍ مِنْ مَنَازِلِ الْآخِرَةِ، فَإِنْ نَجَا مِنْهُ فَمَا بَعْدَهُ أَيْسَرُ مِنْهُ، وَإِنْ لَمْ يَنْجُ مِنْهُ فَمَا بَعْدَهُ أَشَدُّ مِنْهُ». قَال:َ وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَا رَأَيْتُ مَنْظَرًا قَطُّ إِلَّا الْقَبْرُ أَفْظَعُ مِنْهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади:

«Усмон қачон қабр устига келса, йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетарди. Бас, унга: «Жаннат ва дўзахни зикр қилинганида йиғламайсиз-у, бунга йиғлайсизми?» дейилди.

Шунда у деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қабр охиратнинг манзилларидан аввалгисидир. Ундан нажот топса, ундан кейингилари ундан осондир. Агар ундан нажот топмаса, ундан кейингиси ундан кўра шиддатлидир», деганлар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қанча даҳшатли манзара кўрган бўлсам, қабр ҳаммасидан кўра даҳшатлироқдир», деганлар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ривоятда бизга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қабр зиёратидан ибрат олишнинг олий намунасини ўрнак қилиб кўрсатмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳадисларини қандай эслаш керак, уларни қанчалик англаш ва ҳис этиш, улардан қанчалик таъсирланиш ва уларга қанчалик амал қилиш намуналарини кўрсатмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари гапириб юриш учун, эшитиш учун, ўқиб қўйиш ёки ёзиб қўйиш учунгина эмас, асосан уқиш, англаш, ҳис этиш, амал қилиш учун, қисқаси, яшаш учун улкан восита эканини тушунган инсонгина юқоридаги каби ҳолатни ҳис этиши мумкин.

Ҳазрати Усмон ҳар қачон қабрни кўрсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабр тўғрисида эшитганларини эслаб, йиғлайвериб, соқоллари ҳам ҳўл бўлиб кетар экан. Пайғамбаримизнинг куёвлари, жаннатнинг башоратини олган ўн нафар одамдан бири, учинчи халифа шунчалик таъсирланар экан.

Хўш, биз-чи? Биз нима қилмоқдамиз? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси ҳадисларини эслаб кўзимиздан ёш чиқади? Қай биримиз бирорта ҳадисдан таъсирланиб, кўз ёшимиз ила юзимизни ювишга яраймиз?

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу охиратнинг охирги манзили жаннат ёки дўзахни ўйлаб эмас, балки охиратнинг биринчи манзили бўлган қабрни ўйлаб йиғлар эканлар.

Ҳа, охиратга бориш бир неча манзиллардан иборат. Ўша манзилларнинг биринчиси ва энг аҳамиятлиси қабр экан. Чунки қабрда иши осон кўчган киши бошқа манзилларда ҳам унча қийналмас экан. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, одам қабрда шиддатга учраса, бошқа манзилларда ундан ҳам қаттиқроқ шиддатга учрар экан.

Ҳа, қабр энг қўрқинчли, энг даҳшатли жой. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп шиддатли жойларни, жумладан, дўзахни ҳам кўрганлар. Ул зотнинг хабар беришларича, ҳеч бир жой қабрчалик қўрқинчли ва даҳшатли эмас экан.

Буни билган, тушуниб етган инсон ҳар қанча йиғласа арзийди. Йиғлаб-йиғлаб, ибрат олиб, қабр қўрқинчи ва даҳшатидан қутулиш учун бу дунёда Аллоҳ таолонинг розилигини топишга, Унинг дини бўлмиш Исломга амал қилишга қаттиқ уринадиган бўлади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган.Шукр давоми...

7830 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади .Сен .Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар давоми...

3513 19:00 / 14.05.2023
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

3146 19:00 / 03.06.2023
1. Аллоҳ таолога қалбни ислоҳ қилишини сўраб дуо қилиш. 2. Аллоҳнинг Каломини ҳар куни бир саҳифадан бўлса ҳам тадаббур билан ўқиш. 3. Солиҳлар билан бирга давоми...

3867 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

213085 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132309 14:35 / 11.08.2021