Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1444 йил 18 ражаб | 2023 йил 09 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 191-дарс. Ғурурга кетган гуруҳлар

19:01 / 03.07.2022 1407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғурурга кетишнинг зарарлари

1. Ғурурга кетиш нафси бузуқлик ва ичи қораликнинг далилидир.

2. Ғурурга кетиш ҳалокатга олиб боради.

3. Уламоларнинг ғурурга кетиши уларни амалдан четлатади.

4. Ғурурга кетиш туғён, куфр, фисқ ва фужурга олиб боради.

5. Ғурурга кетиш бу дунёда ҳасрат, охиратда азобдир.

6. Ғурурга кетиш халқларни ҳалок қилади ва шахсларни хаста қилади.

7. Ғурурга кетиш кибрни келтириб чиқаради.

Ғурурга кетган гуруҳлар

Бу маънодаги гуруҳлар жуда ҳам кўп. Биз баъзилари билан танишиб чиқамиз.

1. Илмига амал қилмайдиганлар.

Бу гуруҳдагилар шаръий ва ақлий илмларни яхши эгаллаган, чуқур ўрганиб иш олиб борадиган бўладилар. Аммо уларда илмга амал қилиш, тоатларни адо этиб, маъсиятлардан четланиш йўқ. Булар илм ила ғурурга кетиб, адашган гуруҳлардир. Улар илмлари ила Аллоҳ таоло азобламайдиган даражага етишганларини гумон қиладилар. Шунингдек, кишиларни шафоат қилишларини даъво қиладилар.

Аслида илм икки хил бўлади:

Биринчиси – Аллоҳ таоло ва Унинг сифатлари ҳақидаги илм. Буни одатда «илми маърифат» дейишади.

Иккинчиси – муомала илми. Бунга ҳалол ва ҳаромни ажратиш, мақталган ва ёмонланган ахлоқларни билиш илми киради. Бу хилдаги илмларни амал қилиш учун ўрганилади. Агар амал қилинмаса, уларнинг кераги йўқ.

Шунинг учун ҳам илмига амал қилмаган олимларнинг ғурурга кетиши оғир мусибат ҳисобланади. Уларни уламолар қаторига қўшмаслик керак бўлади.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимлар қўрқарлар» (28-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган экан.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», деб туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар экан.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дейди: «Аллоҳдан қўрқиш илмнинг аломатидир. Аллоҳ ила ғурурга кетиш жаҳолатнинг аломатидир».

Ҳасан Басрийдан фатво сўралди ва у киши жавоб берди. Шунда:

«Бизнинг фақиҳларимиз буни айтмайдилар», дейилди.

«Сен бирор марта фақиҳни кўрганмисан ўзи?! Фақиҳ кечаси бедор, кундузи рўзадор бўладиган ва дунёдан зоҳид бўлган одамдир», деди.

2. Илми ва амали бор, аммо ахлоқи бузуқ кишилар.

Бундай кишилар илмли бўладилар, амал ҳам қиладилар, ибодатларни ўрнида адо этиб, маъсиятлардан четланадилар. Аммо қалбларида ахлоқ борасида нуқсон бўлади. Уларда кибр, ҳасад, риё, мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик каби қалб хасталиклари мавжуд бўлади. Бундай кишиларнинг сирти силлиқ, ичи бузуқ бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва мол-дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у салоҳиятли бўлса, жасаднинг барчаси салоҳиятли бўлур. Қачон у бузилса, жасаднинг барчаси ҳам бузилур. Огоҳ бўлинг! Ана ўша қалбдир», деганларини эшитдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

3. Ғурурга кетган воизлар гуруҳи.

Улар бир неча хил бўлади. Баъзилари гўзал исломий сифатлар ҳақида оғиз кўпиртириб ваъз сўзлайдилар. Аммо ўзларида мазкур сифатлардан ному нишон ҳам бўлмайди. Ўзларича гапириб юрганлари кифоя қилишини ўйлаб, ғурурга кетадилар.

Бошқалари одамларни ҳайратга солиб, уларнинг ичидаги жоҳилларнинг олқишидан маст бўладилар. Ҳеч ким гапирмаган гапларни топиб, шариатга тўғри келадими, келмайдими, гапираверади. Уларнинг дарду ғами қофиядор қилиб гапириш, шиддатни изҳор қилиш ва одамларни кофирга, мушрикка, фосиққа чиқариш бўлади.

Яна бирлари зоҳидларнинг, таркидунёчиларнинг ва дунёнинг мазаммати ҳақидаги гапларни ёдлаб олиб, ҳаммани танқид қилишни ўзига касб қилиб олган бўлади. Уни ғурурга кетказган шайтони елкасига миниб олиб: «Дунёда сендан яхши мусулмон йўқ, ҳаммани сўкаверишга ҳаққинг бор», деб туради.

4. Ибодатда ғурурга кетганлар.

Улардан баъзилари фарзу вожибни қўйиб, нафл ва фазл нарсаларга мубтало бўладилар. Нафл ибодатларда чуқур кетиб, ҳаддан ошадилар.

Бирлари таҳоратда васвасага учраган бўлади. Шариат рухсат берган, ҳамма таҳорат қилаётган сувга рози бўлмайди. Таҳоратни қилиб бўлгач, васвасага тушиб, яна бошидан бошлайди. Баъзида шу қабилдаги ишлари билан ҳатто фарз намозининг вақтини ўтказиб юбориши ҳам мумкин. Аммо ўзи таҳорат қилишда тенги йўқлиги билан ўзича ғурурланиб юради.

Баъзилари нафл рўза ғурурига алданган бўлади. Нафл рўзани кўп тутиши билан мақтанади. Лекин тилини ғийбатдан, хотирасини риёдан ва қорнини ҳаромдан тиймайди. Шу тариқа фарз ёки вожибни тарк қилиб, нафлга мағрур бўлиб юраверади.

Бошқа бирлари ҳаж ғурурига кетиб, «Ҳаж қилсам, барча гуноҳларим мағфират қилинади», деган даъвони қилади. Аммо ҳажи қабул бўлиш-бўлмаслиги ўз ихтиёрида эмаслигини унутади. Ҳаж қилишдан олдин зулмларини тўхтатмайди, қарзларини узмайди, ота-онасининг розилигини олмайди, ҳалол касбдан сарф-харажат қилмайди ва бошқа ёмон ахлоқларини тузатмайди.

Ҳаж давомида фисқу фужурдан тийилмайди, йўлда намозни тарк қилиши ҳам мумкин. Ҳамроҳлари билан жанжал қилади. Ҳаж арконларини ўрнига қўйиб бажармайди. Унинг фикри-зикри одамлар «Фалончи ҳам ҳажга борган», деган гап қилишлари билан банд бўлади.

Мазкур гуруҳлар ичида амри маъруф ва наҳйи мункарни ўзига ниқоб қилиб олган товламачилар ҳам йўқ эмас. Улар шу тариқа ўзларини мўмин-мусулмонлар устидан тафтишчи ва охират мартабаларини тақсимловчи қилиб оладилар. Одамларни яхшиликка чақириб, ўзини унутади. Яхшиликка чақиришда қўполлик қилади. Ўзини ҳаммадан юқори ва бошқаларга ўтказиб қўйгандек тутади. Агар биров унинг хатоларини айтадиган бўлса, балога қолади. Иши риёкорлик ва иззатпарастликдан бошқа бўлмайди.

Агар мазкур нусха муаззин бўлса, азонни Аллоҳ таоло учун айтишини ва ундан бошқа одам бу ишга лойиқ эмаслигини даъво қилади. У йўқлигида бирор киши кутиб турмай, азон айтиб қўйса, унинг лаънатига учрайди. Бировнинг меросини олиб қўйган одамдек туҳматга қолади.

Баъзилари зуҳо, таҳажжуд ва бошқа нафл намозлар ғурурига кетган бўлади. Бу намозларни мендан бошқа ўқийдиганлар кам деган хаёлда бўлади, ҳамма фазл айни шу намозларда, деган даъвони қилади. Бора-бора бу намозларни фарз, вожиб, суннат намозлардан ҳам устун қўядиган бўлиб қолади.

Тажрибада собит бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, мазкур сифатга эга бўлган жоҳиллар фарз, вожиб ва суннат намозларни ўз вақтида ўқишни таъкидлаган олимларни нафл намозларга аҳамият бермагани учун тарк қилиб, туҳфаи Расул ёки шунга ўхшаш ўтганларга бағишланадиган намозларни вазифа қилиб берадиган «муршид»ларга шогирд тушадилар.

Ўша илмсиз гуруҳга мансуб кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга қурбат ҳосил қилмоқчи бўлганлар уларга фарз қилган нарсаларим ила яқин бўлганлари каби яқин бўлмаганлар», деган ҳадисларига хилоф иш қиладилар.

Аҳли ғурурнинг ичида тасаввуф ғурурига кетган, аммо ўзи тасаввуф нималигини билмайдиган нусхалар жуда ҳам кўп. Улар маърифат, ҳақиқат, мақомот, илми ҳол каби истилоҳларни ёдлаб оладилар. Ўзлари эса бу нарсаларнинг исмидан бошқа нарсани билмайдилар. Шу билан ўзларини ўтганлардан ҳам, қолганлардан ҳам илмли ҳисоблайдилар. Тафсирчилар, ҳадисчилар, фақиҳлар ва бошқа илмларнинг уламоларига таҳқир назари билан қарайдилар. Уларни «илми қол» билан машғул бўлиб юрган гумроҳлар деб атайдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одамлар ичида ғурурнинг тури кўп. Кимдир молу дунё, кимдир мансабу насаб, яна бошқалар касб ғурурига кетган бўладилар. Буларнинг ҳаммасини санаб ўтишнинг ўзи ҳам қийин. Лекин ҳаммаси ҳам яхши эмаслигини билишимиз лозим ва улардан қутулиш йўлини ахтаришимиз керак.

 

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Беморларни кўргани бориш ва жаноза маросимларида иштирок этиш ҳам ўлимни эсга олишда муҳим восита ҳисобланади. Зотан, имом Табароний Аммор розияллоҳу анҳудан давоми...

1792 13:00 / 15.08.2020
Нафсни тергаб туриш ниҳоятда фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво давоми...

2329 20:01 / 21.11.2018
Бу маънодаги оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан кечаси бедор бўлиб ибодат қилишнинг нафс тарбиясига катта таъсир кўрсатишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳам давоми...

2644 21:00 / 26.05.2019
Қасам ичиш турли миллатлар ва халқларда қадимдан қўлланиб келинган одатдир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ бу борада ўзига хос услуб ишлатган. Кўпчилик иложи борича давоми...

2488 05:00 / 28.02.2017
Топ рейтинг www.uz