Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (107-дарс). Ўз айбини билиш йўллари

13:00 / 24.10.2020 4893 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўра оладиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини аниқлашнинг тўрт йўли бор:

1. Кишиларнинг айбларини яхши биладиган шайх ҳузурида таълим олиш. Мазкур шайх айбларни ва уларнинг давосини васф қилиб беради.

2. Диндор, мухлис ва садоқатли дўст топиш.

У кузатиб бориб, камчиликларини топади ва хабарини беради. Катта имомлар ва улуғлар шу ишни қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Менга айбларимни ҳадя қилган кишини Аллоҳ раҳм қилсин», дер эди.

У киши Салмон розияллоҳу анҳудан ўз айби ҳақида сўрар эди. Бир куни унинг олдига келганида:

«Мендан сенга ўзингга ёқмайдиган нима етди?» деди.

У айтишдан бош тортди. Умар қаттиқ туриб олди. Шунда:

«Менга етиб келган хабарга қараганда, бир дастурхонда икки хил хўрак ермишсан. Икки сидра кийим қилиб олиб, бирини кундузи, иккинчисини кечаси киярмишсан», деди.

«Бундан бошқа нарса етмадими?» деди.

«Йўқ», деди Салмон.

«Иккисини тўғриланди деб ҳисоблайвер», деди Умар.

Умар ибн Хаттоб Ҳузайфадан ҳам доимо: «Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мунофиқлар ҳақидаги сирлари соҳибисан. Менда мунофиқликнинг белгиларидан кўрасанми?» деб сўраб юрарди.

3. Ўз айбларини билиш учун душманлардан фойдаланиш.

Душманнинг кўзи энг кичик айбларни ҳам кўради. Гоҳида киши уни доим мақтаб юрадиган дўстларидан кўра тирноқ остидан кир ахтарадиган душманидан кўпроқ фойда олиши мумкин. Дўст аяши мумкин, лекин душман аямай гапиради. Шунинг учун душманнинг ҳар бир гапини ҳасадга йўявермаслик керак. Яхшилаб таҳлил қилиб, ундан ўзига фойда олиш ҳаракатида бўлиш лозим.

4. Одамларга аралашиб, улар ёмон кўрган нарсалардан ҳазар қилсин.

Мўмин мўминнинг ойнасидир. Бошқаларга қараб, ўзининг айбини топиб олиш қийин эмас.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга ошириши учун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос давоми...

5033 16:38 / 13.03.2021
АЛЛОҲ БИЛАН УНСУ УЛФАТДА БЎЛИШ ВАЛИЙ ЗОТЛАРГА БЕРИЛГАН НЕЪМАТДИРАҳмад ибн Ҳанбал агар тунда ибодат билан бедор бўлмайдиган талабани кўрсалар уни таълим олишдан давоми...

4473 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ буюради Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган яъни, У зотнинг амрфармонларига итоат этмаган, бас шундан кейин, Аллоҳ уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсалар давоми...

19590 17:21 / 25.10.2018
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Ким намозга чиққанида .Аллоҳим Сендан сўровчиларнинг ҳаққи ила, ушбу юришим ҳаққи давоми...

6380 13:02 / 11.07.2020
Аудиолар

230197 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148775 14:35 / 11.08.2021