Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Инсон доим сабрга ҳожатманддир | Тазкия дарслари (284-дарс)

19:00 / 01 июнь 930 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бандага бу дунёда учрайдиган барча нарсалар икки турга бўлинади: унинг ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган ва мувофиқ келмайдиган нарсалар. Банда буларнинг иккисида ҳам сабрга муҳтож бўлади. Демак, банда барча ҳолатларда сабрга ҳожатманддир.

1. Ҳавойи нафсга мувофиқ келадиган сабр ҳақида сўз юритадиган бўлсак, сиҳат-саломатлик, мол-дунё, обрў ва мансаб, ёру дўстларнинг кўплиги каби нарсаларда бўлади.

Маълумки, мазкур нарсаларнинг барчаси дунёнинг лаззатбахш матоҳларидан ҳисобланади. Агар банда бу нарсалардан ўзини тиймаса, йўлдан урилиши ва туғёнга кетиши турган гап.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ

«Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур… ўзини жуда бой кўргани учун» (Алақ сураси, 6-7-оятлар).

Баъзи орифлар:

«Балога мўмин сабр қилади. Офиятларга фақатгина сиддиқ сабр қилади», дейдилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум:

«Қийинчилик синовига учраганимизда сабр қилдик. Осонлик синовига учраганимизда сабр қила олмадик», деганлар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини мол, аҳли аёл ва болалар фитнасидан ҳазир бўлишга чақирган.

Энг яхши одам мазкур дунё матоҳларига берилиб кетишдан ўзини тийиб, сабр қилган кишидир.

У дунё матоҳидан ўта хурсанд бўлиб кетмайди, уларга ружуъ қўймайди, маишатпарастликка берилмайди, ўйин-кулги, кўнгилхушлик кетидан қувмайди, ҳавойи нафси иштаҳа қилган нарсаларда сабр қилади.

Ўзига берилган барча неъматларда Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилади. Молидан инфоқ қилади, бадани ила халойиққа ёрдам беради. Тили ила ростгўйликни тарқатади ва ҳоказо.

Ушбу турдаги сабр шукр билан чамбарчас боғлиқдир.

2. Ҳавойи нафсга мувофиқ келмайдиган нарсаларга сабр қилиш.

Бу хилдаги сабр уч қисмга бўлинади:

Биринчи қисм.

Тоат ва маъсият каби, банданинг ихтиёрига боғлиқ нарсаларга сабр қилиш.

– Тоатга сабр қилиш оғир кечади. Чунки одатда нафс убудият – бандаликни эмас, рубубият – хожаликни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам аксарият бандаларнинг ўз қўл остидаги шахсларга нисбатан ўзини катта олишларини кўрамиз.

Бас, убудият нафс учун ниҳоятда машаққатли кўринади. Сўнгра дангасалик сабабли ибодатлардан баъзилари, мисол учун, намоз ёқмайди.  Баъзилари бахиллик туфайли, мисол учун, закот ёқмайди. Баъзилари эса мазкур икки нарса сабабли ёқмайди. Бунга ҳажни мисол келтириш мумкин.  Бас, тоатларга сабр қилиш қийинчиликларга сабр қилишдир.

Тоатга сабр қилишда банданинг уч ҳолатга ҳожати тушади.

Биринчиси тоатдан олдинги ҳолат бўлиб, бунда ният ва ихлосни тўғрилашда, риёкорлик ва бошқа офатлардан ҳазир бўлишда сабр қилиш керак бўлади. Ният ва ихлоснинг ҳақиқатини билганлар учун бу сабр энг қийин сабрлардан биридир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳуд сурасида сабрни амалдан олдин келтириб:

ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ

«Фақат сабр қилганлар ва солиҳ амалларни қилганларгагина – ана ўшаларга мағфират ва улуғ ажр бор», деган (11-оят).

Иккинчиси амал пайтидаги ҳолат бўлиб, унда банда амални бажариш давомида Аллоҳ таолодан ғофил бўлмасдан, охиригача суннат ва одобларни ўрнига қўйиб, сабр қилиши керак бўлади. Бу сабр ҳам қийинлик билан юзага келадиган сабрдандир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ

«Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! Улар сабр қилган ва Роббларигагина таваккул қиладиганлардир» (Анкабут сураси, 58-59-оятлар).

Учинчиси амалдан кейинги ҳолат бўлиб, унда мақтанчоқлик ва риёдан ҳамда амалига манманлик ва миннатни аралаштиришдан тийилишга сабр қилиш керак бўлади. Бу ҳам қийин ҳисобланади.

Аллоҳ таоло шундай деб буюради:

ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ

«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб, ботил қилманг» (Бақара сураси, 264-оят).

Маъсиятга сабр қилиш ҳам банданинг доимо ҳожати тушиб турадиган ишлардан биридир.

Бу борадаги энг машаққатли иш одатга айланиб қолган маъсиятларга сабр қилишдир. Одат кишиларга сингиб кетган нарса бўлади. Агар одатга шаҳват қўшилиб қолса борми, шайтоннинг навкарларидан икки навкар бирлашади ва уларни енгиш қийинлашади.

Шунингдек, маъсият қилиш осон ишлардан бўлса, унга сабр қилиш ҳам душвор бўлади. Бунга ғийбат, ёлғон, риёкорлик, ўзини мақташ, озорли мазаҳ, ҳақорат каби тил маъсиятлари мисол бўлади.

Булар катта маъсиятлар бўлса ҳам, содир қилиниши осон бўлгани учун кўп қилинади ва ўрганиб қолингани учун инкор ҳам қилинмайди. Гоҳида одамлар бир макруҳи танзиҳий ишни қилган одамни гуноҳи кабира қилгандан қаттиқроқ инкор қилишади, аммо у билан ўтириб олиб, юқоридаги тил маъсиятларини тап тортмай, ҳузур ила қилаверишади.

Ким тилига кучи етмаса, у билан қилинадиган маъсиятларни қайтаришга сабри бўлмаса, ёлғизликни лозим тутиши вожибдир. Унинг нажоти ёлғизликдан бошқада эмас.

Иккинчи қисм.

Банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган мусибат ва фалокат каби нарсаларга сабр қилиш.

Яқин кишиларнинг ўлими, молу мулкнинг ҳалокатга учраши, беморлик етиши каби ишларга сабр қилиш ушбу қисмга киради. Бундай мусибат ва фалокатларга сабр қилиш сабрнинг олий мақомларидан саналади.

 

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Моида сурасида бундай деб марҳамат қилади ... .Эй иймон келтирганлар Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам давоми...

1992 19:00 / 17.07.2023
Робиъа ибн ҲайсамРобиъа ибн Ҳайсам ҳар тунни бедор ўтқазардилар. Бир куни у зотнинг қизилари Аллоҳ яратганлари ичида энг афзали кимrdquo деб сўради. Ибн Ҳайсам давоми...

3385 05:00 / 01.03.2017
Эҳтиёт бўлиш лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бидъат ҳисобланади. .Бидъат, сўзи луғатда .бир нарсани янгитдан пайдо қилиш, деган маънони давоми...

2986 17:00 / 04.09.2021
Аллоҳ буюради.Айтинг Эй Муҳаммад .Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ гуноҳларни давоми...

3398 16:41 / 28.10.2018