Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 31 рабиъул аввал | 2025 йил 23 сентябрь, сешанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Инсоннинг халқ қилиниши ҳақида тааммул қилиш | Тазкия дарслари (337-дарс)

19:00 / 19 июль 601 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонни яратиши ҳақида шундай марҳамат қилади:

ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ

«Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган музғадан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз. Кейин сизларни гўдак ҳолингизда чиқарармиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстиради» (Ҳаж сураси, 5-оят).

Одамнинг табиати қизиқ. Билмай туриб, ўзини яратган Холиқ ҳақида, Унинг мавжудлиги, битта ёки бир нечта экани, қудрати ва бошқа сифатлари ҳақида тортишаверади. Аммо ўзининг қандай пайдо бўлганини ўйлаб кўрмайди.

Қайта тирилиш, савол-жавоб, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ҳақида гап кетса, ўйламай-нетмай, дарҳол шубҳа қилишга тушади.

Бу ҳақиқатни атрофлича тафаккур этмасдан туриб, инкор этади. Аллоҳга иймон келтирмагани, охиратдан умиди йўқлиги учун, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилади. Агар қайта тирилиш ҳақ бўлса, ўзининг ҳоли вой бўлишини билгани учун ҳам унга кофирлик қилади.

Аммо холисона ўйлаб кўрса, бундай қилмаган бўлар эди. Ўзининг аслига бир қараб кўрса, қайта тирилиш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етарди.

Мазкур масала ушбу оятда батафсил муолажа қилинмоқда. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига хитоб қилиб:

«Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз…» билиб қўйингки,

«…Биз… сизларни тупроқдан... яратдик», – демоқда.

«Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсонни қуруқ тупроқдан яратган Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?! Инсонни йўқдан бор қилган ва унга жон берган Зот энди уни ўлимдан сўнг тирилтириб, ўзи олган жонни қайта кирита олмайдими?!

«...сўнгра нутфадан... яратдик».

Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа – спермасидан дунёга келди. Бу манийда минглаб уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари беҳуда йўқ бўлиб кетади.

Оддий, кўзга кўринмас ушбу заррачалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?!

Ана шу заррадан одамни яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«...сўнгра алақадан...»

Араб тилида «алақа» деб, аслида, зулукка айтилади. Яқингача «алақа»ни «қотган лахта қон» деб айтиб келинган. Аммо илм ривожланиб, бачадондаги ҳомиланинг турли жараёнларини суратга олиш имкони туғилди.

Шунда Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила бачадонга зулукдек ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг сурати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди.

Ҳомилани ўрганишда дунёда етакчи ҳисобланган америкалик ва канадалик олимлар бу ҳол билан қизиқиб, Қуръони Каримда ҳомила ҳақида келган оятларни ўрганиб чиқдилар. Ва ҳомила хусусидаги энг тўғри илм Қуръон илми эканини таъкидладилар, уни илоҳий Китоб деб тан олдилар.

Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор?

Мазкур қонни бирор кишига кўрсатиб, «Келажакда мана шу сенга ўхшаган одам бўлади», – деса, ким ишонади?

Лекин Аллоҳ таоло шуни қилади. Ана ўша ишни қилиб, бир парча алақа қондан одам яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«...сўнгра битган-битмаган музғадан...»

Ҳомила ривожланиб, лахта қон шаклидан бир парча тишланган гўштга ўхшаш ҳолатга ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам.

Энди ўша бир парча тишланган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик.

Ўша гўштдан инсонни яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«…Биз сизга баён қилишимиз учун… яратдик».

Яъни «Сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик».

«Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз».

Юқорида васф қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради. Хоҳлаганини тушириб юборади.

Демак, ҳомила нутфа, алақа ва тишланган гўшт босқичларидан ўтганидан кейин ҳам унинг ҳали одам бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас. Ана ўша босқичлардан ўтказган Аллоҳ унинг бола бўлишини хоҳласа, онанинг бачадонида қолдиради.

Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Кейин сизларни гўдак ҳолингизда чиқарармиз».

Яъни «Онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз».

Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрганлар билади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан ажралиши ўзича рўй беравермайди. Шундай қийин, мураккаб жараённи жорий этган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз)».

Янги туғилган гўдак қанчалар ожиз эканини ҳамма билади. Фақат Аллоҳнинг иноятигина уни бу дунёда ушлаб қолади. Ҳеч бир жонзотнинг боласи одам боласидек ожиз бўлмайди. Бошқа жонзотлар онасидан туғилганидан кейин бир оз ўтиб, ҳаракатга тушиб, кунини кўриб кетаверади. Аммо одам боласи узоқ муддатли тарбия ва иноятга муҳтож. Янги туғилган гўдак билан вояга етган инсон орасида катта фарқ бор. Бу ишни ҳам Аллоҳ таоло қилади. Ана шундай ишга қодир Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор».

Яъни чақалоқлик даврида, ундан кейинги даврларда вояга етмай, ўлиб кетадиганлар ҳам бор. Қариб, мункиллаб, ҳамма нарсани унутиб қўядиган ёшга етадиганлар ҳам бор. Агар одам боласининг ўзига қолса, ҳеч ўлмас эди. Аммо бу иш унинг қўлида эмас. Бошқа бирор зотнинг қўлида ҳам эмас.

Фақат ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг қўлида. У Зот кимга умр берса, яшайди, бермаса, ўлади. Ана шу нарсага қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло ўлганларни тирилтира олишининг исботига бошқа бир мисол ҳам келтиради.

«Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан».

Қуриб, қақраб ётган ер худди ўликка ўхшайди. Унда ҳаётдан асар йўқ.

«Қачонки Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир».

Ерга сув тушганда, унда жонланиш сезилади. Ҳаёт аломатлари пайдо бўлади.

«Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир».

Сув тушмасидан олдин бирорта ўсимликнинг ҳатто ҳиди ҳам йўқ эди. Аммо сув тушгач, турли-туман гўзал ўсимликлар униб чиқди.

Ўлиб, чириб, тупроққа қўшилиб кетганлар ҳам ҳозирча асарсиз йўқ бўлиб кетганга ўхшайди. Аммо вақти-соати келиб, Аллоҳ таоло қақраб ётган ердан ҳаёт ундирганидек, бир амр билан ҳаммаларини қабрларидан чиқариб олади.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч давоми...

3760 05:00 / 06.03.2017
Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида давоми...

4247 15:00 / 08.05.2021
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч давоми...

2404 19:00 / 20.08.2023
Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига давоми...

7866 05:00 / 28.02.2017