Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 193-дарс. Ғазаб шайтонни хурсанд қилади

17:35 / 25.07.2022 2764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ғазаб» луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида, ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни «ғазба» дейишади. Ғазаб ҳам шундан олинган. Зотан, у қаттиқ жаҳл чиқишини англатади.

Уламолар ғазаб хусусида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифлар айтганлар.

Журжоний «Таърифот»да ғазабни: «У қалбнинг қони қайнаганда кўксида ҳосил бўладиган бахтсизликдан шифо топадиган ўзгаришдир», деб таърифлаган (167-бет).

Имом Ғаззолий: «Ғазаб қалб қонининг интиқом талабида ғалаён қилишидир», деган.

Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида сўз юритиб шундай дейди: «Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада – тафрийт (камлик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар».

Тафрийт (камлик) ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай инсон ҳамиятсиз одам дейилади ва жуда ҳам мазаммат қилинади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий: «Кимнинг ғазаби қўзғатилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган.

Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзига номуссизлик ва хорликни раво кўрадиган бўладилар.

Ифрот (ортиқчалик) сифати ғолиб бўлганда эса ғазаб инсонни ақл, дин ва тоат чегарасидан чиқиб кетишгача олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади, тафаккури ва ихтиёри ҳам қолмайди.

Ғазабдаги мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши ақл ва диннинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганда қўзғалади, ҳилм керак бўлганда босилади. Ғазабни мўътадил ҳолда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандаларидан талаб қилган мустақимлик ҳолатидир. Мана ўша ҳолат ўртачаликдир.

Бас, ким ўзида ғазабда футурга кетиш, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак. Ким ўзида ноўрин ғазабни, ҳаддан ошишни, ман қилинган ишларни қилишга рағбатни ҳис қилса, ўзидаги ғазаб оловини ўчириш ҳаракатида бўлсин.

Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутиш пайидан бўлсин. Мана шу мўътадиллик сиротул мустақиймдир».

Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада ноўрин ғазаб қаттиқ қораланиб, уни ютиш тарғиб қилинган.

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

يَأْتُوكَ بِكُلِّ سَحَّارٍ عَلِيمٍ
 

«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир» (37-оят).

Яъни, бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш, ғазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради.

Лекин бу, умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас. Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб ҳам бўлади, олийжаноблик ҳисобланади.

Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатларни инкор этиш йўқ, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади. Лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади.

Демак, ҳамма нарса, жумладан, ғазаб ҳам, ҳилм ҳам, ўрнида бўлиши керак. Шоир айтганидек, «Ноўрин ҳалимлик жаҳолатдир».

Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.

عَنْ حُمَيْدِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَوْصِنِي. قَالَ: «لَا تَغْضَبْ». قَالَ: قَالَ الرَّجُلُ: فَفَكَّرْتُ حِينَ قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم مَا قَالَ، فَإِذَا الْغَضَبُ يَجْمَعُ الشَّرَّ كُلَّهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Ҳумайд Ибн Абдурраҳмондан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади:

«Бир киши Набий алайҳиссолату вассаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди.

«Ғазаб қилма», дедилар.

«Набий алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».

Аҳмад ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: عَلِّمْنِي شَيْئًا، وَلَا تُكْثِرْ عَلَيَّ لَعَلِّي أَعِيهِ. قَالَ: «لَا تَغْضَبْ» فَرَدَّدَ ذَلِكَ مِرَارًا كُلُّ ذَلِكَ يَقُولُ: «لَا تَغْضَبْ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди.

«Ғазаб қилма!» дедилар.

У ўз сўзини бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар: «Ғазаб қилма!» дедилар».

Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ أَبِيهِ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ كَظَمَ غَيْظًا وَهُوَ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُنْفِذَهُ دَعَاهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رُؤُوسِ الْخَلَائِقِ حَتَّى يُخَيِّرَهُ مِنْ أَيِّ الْحُورِ الْعِينِ شَاءَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Саҳл ибн Муъоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ғазабнинг зарарлари:

1. Ғазаб Роҳман ва Роҳийм – Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради.

2. Ғазаб шайтонур-рожиймни рози қилади.

3. Ғазаб одамлар орасини бузади.

4. Ғазабдан ҳасад ва фисқу фасод чиқади.

5. Ғазаб ақл ва диндаги нуқсоннинг аломатидир.

6. Ғазаб ортидан узр айтиш ва надомат келади.

7. Ғазаб кўзни кўр, қулоқни кар қилади.

8. Ғазаб ўз эгасига одамлар нафратини келтириб чиқаради.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги каломИмом Заҳабий имом Абу Зуръа Розийнинг таржимаи ҳолини баён қилар экан, у зотнинг вафотлари ниҳоятда таъсирли бўлганини шундай ҳикоя қилади.Абу Зуръа давоми...

3314 05:00 / 06.03.2017
quot quot1Ҳикмат Хато содир бўлганда умиднинг камайиб қолиши амалга суяниб қолинганининг аломатидирrdquoШариатда амалга суяниш мақталган ишми ёки айб саналганми давоми...

3827 05:00 / 01.03.2017
1. Ёлғон ўз эгасини парчалайди. 2. Ёлғон ўз эгасини дўзахга олиб боради. 3. Ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир. 4. Ёлғон мурувват, жамол ва чиройни давоми...

3247 13:00 / 06.02.2021
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, рақоиқ луғатда рақиқнинг жами бўлиб, .нозик,, .ўта таъсирли, деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтилганда, қалбни рақиқюмшоқ давоми...

4220 05:00 / 28.02.2017