Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ўтган умматлар ҳоли ҳақида тааммул қилиш | Тазкия дарслари (336-дарс)

19:00 / 12 июль 714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўтган умматлар ҳолидан хабар бериб шундай марҳамат қилади:

ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰﮱ ﯓ ﯔ ﯕ

«Сендан олдин ҳам фақат шаҳар-қишлоқ аҳлидан эр кишиларни расул қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос. Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?!» (Юсуф сураси, 109-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, кофир ва мушрикларнинг у кишини инкор этишларига эътибор қилмасликка, аввалги пайғамбарлар ҳам у зотга ўхшаган инсонлар бўлганига ишора этмоқда:

«Сендан олдин ҳам фақат шаҳар-қишлоқ аҳлидан эр кишиларни расул қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос».

Яъни аввалги пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар ва қишлоқ аҳолисидан бўлган, саҳровийлардан эмас. Чунки шаҳар ва қишлоқ аҳли тарбияли, муомалани яхши биладилар, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар, яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эгалар.

Шунингдек, аввал ўтган пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлганлар. Хотин киши ёки фаришталар эмас. Чунки аёл кишиларнинг табиий, жисмоний тузилишлари пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Ва фаришталар ҳам одамларга пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.

Бу ҳақда бошқа жойларда батафсил сўз юритилган.

Бинобарин, хотамул анбиё бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломни инкор этаётган кофир ва мушриклар:

«Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?!»

Чунки ўтганларнинг изига назар солиш, уларнинг ким бўлганликлари-ю, нима ҳолга тушганликлари ҳақида тафаккур қилиш ҳар қандай шаккокнинг ҳам қалбини ларзага келтиради.

Дунёдан дабдаба ила ўтган не-не жаҳонгирлар, паҳлавонлар, олимлар, донишмандлар, бойлар ва устомонларнинг ҳеч нарсага етишмай, тупроққа қоришиб ётиши, улар қолдирган асарлар – бир пайтлар гуллаб-яшнаган шаҳару қишлоқлар, сарою қасрларнинг ҳаробага айланиб кетгани ҳар қандай тош қалбни ҳам эритиб юборади.

Улар ибрат назари билан мазкур оят-белгиларни мулоҳаза қилиб кўрганларида,

«Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир» деган гапга ишонч ҳосил қилган бўлар эдилар. Ахир

«Ақл юритмайдиларми?!»

Ақл юритмасалар, бу ҳақиқатни тушуниб етмайдилар ва ҳалокатга учрайдилар. Ақл юритсалар, тааммул қилсалар, ўзларига яхши.

Аллоҳ таоло яна бандаларини огоҳлантириб шундай марҳамат қилади:

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

«Улардан илгари масканларида юрган авлодлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам уларни ҳидоят қилмадими? Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир» (Тоҳа сураси, 128-оят).

Инсонлар ўтганлардан ибрат олмай, ўзича бепарво юрса, юраверадилар. Лекин атрофларига қарасинлар. Тарихга назар солсинлар. Ўзлари яшаб турган жойларда яшаб ўтганларнинг ҳоли нима бўлганини ўйласинлар. Ўзлари турган жойда улардан илгари яшаб ўтганларнинг кўплари ҳалокатга учрашига нима сабаб бўлганини билиб қўйсинлар.

Агар инсонлар инсоф билан назар солсалар, ўзларидан илгари ўтган асрларнинг авлодлари асосан Роббларидан юз ўгирганлари учун, Унинг оятларига иймон келтирмаганлари учун ҳалок бўлганларини кўрадилар.

«Улардан илгари масканларида юрган авлодлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам уларни ҳидоят қилмадими?»

Ахир ўтган кофир ва золимларнинг ҳидоятдан юз бурганлари учун ҳалокатга учраганлари кейин келганларга ўрнак бўлиши керак-ку! Бу тушунча, шубҳасиз, уларни ҳидоятга бошлаши зарур-ку!

«Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир»

Агар улар ўтмишдан ибрат олиб, ҳидоятланмаган бўлсалар, уларнинг ақллари йўқдир. Чунки мазкур ишларда фақат ақл эгалари учун – тааммул қиладиганлар учун ибратлар бордир. Бундай ҳодисалардан фақат ақл эгалари, уларнинг ҳам тааммул қилганларигина ибрат оладилар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини қайта ва қайта тааммул қилишга буюради:

ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ

«Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмадиларми?! (Улар) қувватда булардан кучлироқ эдилар ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга расуллари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин ўзларига ўзлари зулм қилардилар» (Рум сураси, 9-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларни ўтган умматларнинг ҳолини тааммул қилиб, улардан ўрнак олишга чақирмоқда:

«Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмадиларми?!»

Агар ер юзини кезганларида, ўтмишдаги кофир ва мушриклар қандай оқибатга дучор бўлганларини яққол кўрар эдилар. Ҳолбуки, ўша олдингилар ҳозиргилардан яхшироқ ҳолатда эдилар.

«(Улар) қувватда булардан кучлироқ эдилар...»

Қадимда ўтган кофирлар ҳозирги кофирлардан кўра кўпроқ куч-қувватга эга эдилар. Аммо оқибатлари ёмон бўлди. Уларга нисбатан заиф бўлган ҳозирги кофирларнинг оқибати нима бўлар эди?

«...ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар».

Аввалги кофирлар ободончилик масаласида ҳам ҳозирги кофирлардан устун эдилар. Улар ерга кўпроқ ишлов берганлар. Деҳқончиликни жуда ҳам ривожлантирганлар. Шунингдек, ердан турли маъданларни чиқариш ва бошқа ободончилик ишларини тараққий эттирганлар.

Ўзлари яшаб турган масканларини ушбу оятлар нозил бўлаётган давр кофирларидан кўра кўпроқ обод қилганлар. Шундай вазиятда:

«...уларга расуллари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар».

Уларни Аллоҳнинг ибодатига, тавҳид ақийдасига даъват қилдилар. Лекин улар пайғамбарлар даъватига «лаббай» деб жавоб бермадилар, иймонга келмадилар.

«Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади…»

Агар иймонга келганларида, ҳаммалари бахту саодатга эришар эдилар. Аксинча, улар кофир бўлдилар ва:

«...ўзларига зулм қилардилар».

Чунки улар ўтган умматларнинг ҳолини тааммул қилиб, улардан ўрнак олмас эдилар.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз,.Шарҳ Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан давоми...

4954 16:00 / 29.06.2019
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.3. Зикр ғамандуҳларни кетказади.4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.5. Зикр қалб ва баданни давоми...

5010 14:06 / 06.06.2020
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

4546 19:07 / 20.11.2018
.Сўфий, ва .тасаввуф, сўзларининг луғавий маънолари ҳақидаги тортишув уларнинг истилоҳий маъноси борасида ҳам давом этади.Муҳаммад Юсуф Мусо таҳқиқ қилган давоми...

8525 10:01 / 31.10.2018