Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (121-дарс). Ёлғоннинг сабаблари, турлари ва ҳукми

13:00 / 30.01.2021 4825 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёлғоннинг сабаблари

Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор:

1. Фойда жалб қилиш. Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради.

2. Зарарни қайтариш. Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди.

У ўзича шу тўғри йўл, деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.

3. Сўзини чиройли ва гапни гўзал чиқармоқчи бўлиш. Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан, уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон тўқийди.

Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.

4.Душмандан ўч олиш мақсади. Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.

5. Ўз обрўсини орттириш мақсади.

Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди.

ёлғоннинг турлари

Асли йўқ нарсани тўқиш.

Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада қўшимча қўшиш.

Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада нуқсон етказиш.

Бор нарсани гапираётганда маънони ўзгартириб юборадиган даражада ибораларни ўзгартириш.

Ёлғоннинг ҳукми

Имом Ибн Ҳажар ва имом Заҳабий: «Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир», деганлар.

Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир.

Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ۝

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ўзлари ёлғончилардир» (105-оят).

Аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақида эътиқоди бўлмагани учун ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар.

Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ: إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда берса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

عَنْ صَفْوَانَ بْنِ سُلَيْمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ جَبَاناً؟ فَقَالَ: نَعَمْ. فَقِيلَ لَهُ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ بَخِيلًا؟ فَقَالَ: نَعَمْ. فَقِيلَ لَهُ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ كَذَّابًا؟ فَقَالَ: لَا. رَوَاهُ مَالِكٌ.

Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар.

«Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар.

«Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди. «Йўқ», дедилар».

عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي حَازِمٍ قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: إِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ، فَإِنَّ الْكَذِبَ مُجَانِبٌ لِلْإِيْمَانِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Ёлғондан ҳазир бўлинглар! Албатта, ёлғон иймондан четлатувчидир», деганини эшитдим».

Байҳақий ривоят қилган.

Ёлғон ҳақидаги гаплардан намуналар:

– Умар ибн Хаттоб: «Мени рост пастлатгани (аслида унинг паслатиши нодир) ёлғон кўтарганидан (аслида унинг кўтариши нодир) яхшироқдир», деган.

– Арваа исмли аёл Саъид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл билан ҳовли талашиб, хусумат қилди. Шунда у (Саъид ибн Зайд): «Бу аёлни ўз ҳолига қўйинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир қарич ерни ноҳақ олса, қиёмат куни етти қават ер унга тавқи лаънат бўлади», деганларини эшитганман. Аллоҳим! Агар бу аёл ёлғончи бўлса, кўзини кўр қилгин ва қабрини ҳовлисида қилгин», деди.

Мен ўша аёлнинг кўр бўлиб, деворларни пайпаслаб юрганини кўрдим. У: «Менга Саъид ибн Зайднинг дуоси тегди», дер эди. Бир куни ҳовлисида кетаётиб, қудуққа тушиб кетди ва ўша қудуқ унга қабр бўлди».

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда молу дунёнинг айни ўзи ёмонланмайди. Балки, одамнинг молу дунёга бўлган муносабатидаги маъно ёмонланади. Одам боласидаги мазкур маъно молга ҳирс қўйиш, давоми...

4368 05:00 / 28.02.2017
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафарга чиқдим. Бир давоми...

4435 05:00 / 11.03.2017
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 560 сана, милодий 1165 санада Ревгарда таваллуд топганлар ва ҳижрий 660 сана, милодий 1212 санада ўша ерда вафот давоми...

6887 13:15 / 18.01.2019
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Ким намозга чиққанида .Аллоҳим Сендан сўровчиларнинг ҳаққи ила, ушбу юришим ҳаққи давоми...

6137 13:02 / 11.07.2020
Аудиолар

213519 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132729 14:35 / 11.08.2021