Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (22-дарс). Шайх масаласи

21:00 / 01.03.2019 5649 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаввуф масалаларининг аксарияти баҳсли бўлса ҳам, уларнинг баъзиларида тортишув ҳаддан ташқари кўп ва ихтилофлидир. Ана шулардан бири шайх ҳақидаги масаладир.

Аҳли тасаввуфнинг ўзи ҳар бир нарсани шайхга боғлаб қўйган бўлади. Тасаввуфнинг мухолифлари эса тасаввуфни танқид қилишга шайх ҳақидаги фикрлар ва шайхларнинг сийратларини қурол қилиб оладилар. Аммо ўртача йўл тутганлар ҳам бор.

Аҳли тасаввуф: «Ҳар бир иш шайхга боғлиқ, шайх бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди, шайхи йўқнинг шайхи шайтондир», дейдилар. Баъзи бирлари эса ўз шайхлари ҳақида муболағага кетадилар. Уларнинг ғайбни билишлари, қаерда бўлса ҳам, бошига мушкулот тушган муридига ёрдам бериб, балогардон бўлишлари ва бошқа ғаройиб нарсаларни оғиз кўпиртириб гапирадилар.

Бу борада ҳар жамоа ўз шайхининг дунёдаги энг улуғ муршидлигини даъво қилади ва орада низолар ҳам чиқиб туради.

Тасаввуфнинг мухолифлари эса муридларнинг юқорида зикр этилгандек беўхшов гапларини ва шунга ўхшаш бошқа гап-сўзларни далил қилиб олиб, шайхларни ширкнинг сабабчилари сифатида сўкадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар.

Аммо бу масалани мўътадил равишда ўрганиш ва хулоса чиқаришга ҳаракат қилганлар жуда кам бўлади. Келинг, ана шу жуда камлардан бўлишга ҳаракат қилайлик.

Ҳозирги кунимизнинг аҳли тасаввуф шайхларидан бирлари Мисрдаги «Ал-ашийра ал-Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи шайх Муҳаммад Закий Иброҳим жанобларининг мухбирлар берган саволига жавобларини кўриб чиқайлик.

Савол:

«Сўфийлар муридни Роббига етиштириш учун шайх бўлиши зарурлиги ҳақида гапирадилар. Улар: «Шайхи йўқнинг шайхи шайтондир», дейдилар. Шу тўғрими?»

Жавоб:

«Болам, сўфийлар бу борада тўғри шариат, тўғри табиат, тўғри тажриба ва тўғри воқеликдан келиб чиққан ҳолда гапирадилар.

Шариатга келсак, Аллоҳ таоло: «Аҳли зикрдан сўранглар», деган.

У Зот яна: «Уни хабардордан сўра», деган.

У Зот яна: «Ана ўшаларни Аллоҳ ҳидоятга солгандир. Бас, уларнинг ҳидоятига иқтидо қил», деган.

У Зот яна: «Менга қайтган шахснинг йўлига эргаш», деган.

У Зот яна: «Сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор эди», деган.

Собит ҳадисда: «Сўрасалар бўлмасмиди?! Ахир билмасликнинг давоси сўраш-ку!» дейилган.

Бас, шундай экан, ҳидоятга бошловчи, ўрнак бўлувчи, эслатувчи ва Аллоҳга қочиш ва У Зотга ҳижрат қилиш бўйича хабардор зарур.

Сураи «Каҳф»да зикр қилинган Мусонинг эргашиш учун муршид исташини қара! Мусонинг ўз муршидига нисбатан кўрсатган одобига қара!

Шунинг учун Қуръонни ёд олмоқчи бўлган талабага тиловат ҳукмларини, уни адо этишни яхши билувчи устоз керак. Агар оддий кишининг ўзига қўйиб қўйилса, тиловатни тўғри ўрганиб олиши мумкин эмас. Балки хато ўрганиши, маъноларини бузиб юбо-риши эҳтимоли кучли.

Бу ҳақиқат барча диний ва дунёвий илмларга боғлиқ. Турли касбу ҳунар ва санъатларни ўрганиш учун мутахассис устоз лозим.

Агар кишига илм ўргатадиган шайх бўлмаса, у адашади ва шайтоннинг йўлига юради ҳамда охир-оқибат ҳалокатга учрайди. Агар кишига бошқа ҳунар ва касбларни эгаллашда устоз бўлмаса, ўша ишни яхши уддалай олмайди. Шу боис ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида юрмоқчи бўлган солик учун уни иршод қилувчи устоз лозимлиги шубҳасиз. Бу устоз унга шайтоннинг ҳийлаларидан сақланишни ўргатади, ибодат ва муомалотлардаги нозик масалаларни осон йўл билан кўрсатиб беради».

Аммо баъзи уламолар: «Илми бор киши учун шайх бўлиши шарт эмас. Ундай одам ўзи ҳосил қилган илм ила ўз йўлини топа олиши мумкин», дейдилар.

Бундай фикрдаги уламолар жумласига қадимда аҳли тасаввуфнинг улуғ имомларидан бири бўлган Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи ҳам кирганлар. У киши ўзларига қараб: «Менга насиҳат қилинг!» деган одамга: «Аллоҳни соҳиб тутгин! Одамларни четда қўйгин!» деганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, мавлоно Яъқуб Чархий ва ҳазрати Хожа Баҳоуддин раҳматуллоҳи алайҳим ҳам шу фикрда бўлганлар. Фахруддин Али Сафий «Рашаҳоту айнул ҳаёт»да хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан қуйидагиларни нақл қиладилар:

«Айтур эдиларки:

«Мавлоно Яъқуб Чархий алайҳирроҳма айтдиларким: «Термизда бир шайхнинг суҳбатига бордим, у кўп муболаға қилар эди. «Муриднинг иши шайхсиз ҳеч ерга бормас», дер эди. Унга айтдимки:

«Ояти каримада «Ал-явма акмалту лакум динакум ва атмамту алайкум неъмати» – (Бугун сиз учун динингизни комил қилдим ва сиз учун неъматимни тўлиқ этдим), дейилган. Бунинг мазмунига кўра, Китоб ва суннатга амал этиш ила иш кифоя қилур. Кишига зоҳир юзасидан пири муқтадо тутиш лозим эмасдир».

Ул шайхнинг тили тутилди. Бу сўзни ҳазрати Хожа Баҳоуддин қуддиса сирруҳуга айтган эдим, у кишига маъқул келди ва қабул ила лутф кўргаздилар» («Рашаҳот», 353-бет).

Бугунги кунда ҳам илми етарли одам ўзидан илми паст кишини шайх қилиб олмаслиги, балки динни китоблардан ўрганиб олиш мумкинлигини таъкидлайдиган уламолар бор. Улар сирасига суриялик машҳур олим, кўплаб китоблар муаллифи, тасаввуф илмининг катта билимдони Муҳаммад Саъийд Бутий кирадилар. У киши ўзларининг «Ал-ҳикам ал-Атоийя» китобига ёзган шарҳларида мазкур маънони таъкидлаганлар.

Баъзи бир уламолар бу масалани батафсил тушунтиришга ҳаракат қилганлар. Мисол учун, машҳур сўфий олим шайх Аҳмад Зарруқ ўзларининг «Қавоидут-тасаввуф» китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Андалуснинг мутааххир фуқаҳолари шайхларни қўйиб, китоблар билан кифояланиш ҳақида тортишиб қолдилар. Улар турли юртларга мактуб ёздилар. Ҳар ким ўз билганича жавоб берди. Жумлаи жавоблар уч доирадан ташқарига чиқмайди.

1. Шайхларга назар солиш керак.

Оқил, ҳозиқ, илм йўлларини яхши билган киши таълим шайхини қўйиб, китоблар билан кифояланса бўлади.

Диндор ва оқил насиҳатгўйнинг суҳбати билан кифояланиб, тарбия шайхини қўйса бўлади.

Учрашув ва табаррук ила кифояланиб, тарқия шайхини қўйса бўлади.

2. Толибнинг ҳолига назар солиш керак.

Илмсиз киши учун уни тарбияловчи шайх лозим.

Оқил ва билимли кишининг тараққиёти учун китоб кифоя қилади. Аммо у мақсадга етса ҳам, ўзи қийналиши турган гап.

3. Кўзланган нарсаларга назар солиш керак.

Тақво баён қилинган ва умумий нарса бўлгани учун, уни ўрганишда шайхга эҳтиёж йўқ.

Истиқоматнинг яхшисини айира билиш учун шайх лозим. Гоҳида оқил киши китоблар ўқиш ва уриниш туфайли шайхсиз ҳам мақсадига етиши мумкин.

Тарқияга эришиш учун эса шайх бўлиши лозим».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тариқатда шайхнинг бўлиши афзал. Бошқа илм ва ҳунарларни устоздан ўрганиш ўзича ўрганишдан афзал бўлганидек, бу илмда ҳам етук устоз бўлса, ўша кишига шогирд тушган афзал. Аммо ўша етук устоз бўлмаса, илмли одам ўзи китоблардан фойдаланиб иш юритгани маъқул.

Агар «йўқдан кўра бор» қабилида иш тутиб, илмли одам илмсиз шайхга қўл берса, илмсиз кишиларга ёмон ўрнак бўлишлари эҳтимоли бор. Чунки қадимда шу тариқа иш олиб бориш оқибатида катта ва кўп тойилишлар бўлган.

(давоми бор)

 “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзиларини санаб ўтамиз1. Аччиғини тўкиб солиш.Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат давоми...

3927 17:00 / 20.02.2021
Риёнинг бир неча тури бор. 1. Бадан ила риё қилиш. Бунда озғинлик ва сарғайишни зоҳир қилинади. Бу билан қаттиқ ижтиҳод қилаётгани, дин учун маҳзунлик ва охират давоми...

4569 19:00 / 06.11.2021
Минг афсуслар бўлсинким, ҳижрий еттинчи асрдан кейин барча исломий билимлар бошига тушган таназзул тасаввуфни ҳам четлаб ўтмади. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг давоми...

3701 05:00 / 07.03.2017
141. Сабр ndash ҳаётнинг quotқулоғиquotга quotМодомики, Аллоҳ мен билан бирга экан, ҳаргиз енгилмайманquot деб шивирлашингдир.142. Баъзи одамларнинг ҳаётингдан чиқиб кетиши давоми...

4153 12:02 / 18.04.2017