Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (34-дарс). Тариқат йўлига кириш ва юриш (давоми)

21:00 / 26.05.2019 4037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу маънодаги оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан кечаси бедор бўлиб ибодат қилишнинг нафс тарбиясига катта таъсир кўрсатишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бедорликни мужоҳаданинг тўрт рукнидан бири қилиб олганлар.

Рисоладагидек узлат, тилни тийиш, очлик ва бедорликни йўлга қўйиб олган киши учун руҳий тарбиянинг юқори поғоналарига чиқиш ҳам осон бўлиб қолади.

Бу тарафини муршиди комил ҳар бир муриднинг ҳолига қараб, алоҳида тартиб ила йўлга қўйиб бораверади.

Шу ўринда бир савол туғилади: «Бугунги шароитимизда муршиди комилни топа олмаган киши нима қилади?»

Дарҳақиқат, бугунги кунда рисолага тўғри келадиган шайхни топиш жуда ҳам қийин. Бу ҳолда нима қилиш керак?

Бу саволга қониқтирувчи жавобни асримизда тасаввуф бўйича эътиборли китоблари билан ном чиқарган марҳум Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳининг «Тарбиятунаа ар-руҳийя» – «Руҳий тарбиямиз» номли китобидан топамиз.

У киши муршиди комил топилмаган ҳолат ҳақида мазкур китобнинг 162-163-бетларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Бундай ҳолатда Аллоҳга интилувчи кишининг одоби илмга қаттиқ уриниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш, кимдан бирор нарса олиш имкони бўлса, ўша билан музокара қилиш ва иршодга қўл урган барча билан ҳусни одобда бўлишдир. Шу билан бирга, ҳар бир эришган нарсасини илм ва фиқҳ асосида сайқаллаб боришдир.

У бир муайян кишига байъат қилиб, уни лозим тутмайди. Фақатгина сўфийлар орасида танилган байъат чегарасида бўлсагина, байъат қилади. Шундай қилса, Аллоҳ хоҳласа, охири яхшиликка эришади.

У жоҳил сўфийларнинг «Ким бизнинг шайхимизга қўл бермаса, Аллоҳни танимайди ва Унга эриша олмайди», деган сафсаталарига қулоқ солмайди. Бу гап мутлақ жоҳилликдир. Аллоҳ таолонинг энг ориф бандаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Уламолар ва сўфийларнинг ниҳояси бирдир. Сўфийлар кўп ибодат ва оз илм билан эришган нарсага олимлар кўп илм ва оз ибодат ила эришадилар».

«Ибн Ато: «Аллоҳга етишишинг Уни билишга етишишингдир», деган».

Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳининг бу гаплари ва иқтибослари бугунги кунимиз учун жуда ҳам аҳамиятлидир.

Аммо Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳининг юқорида келтирилган иқтибосини тўғри тушуниш лозим.

Сўфийнинг ибодати кўплиги маълум. Лекин унинг бу ерда айтилган «оз илми» ҳам шариат ҳар бир мўмин-мусулмонга фарз қилган илмдан кам эмас.

Ва аксинча, олимнинг «оз ибодати» ҳам шариатда буюрилганидан асло кам эмас.

Яъни шариат талаб қилган даражадаги илм ва ибодат ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир. Бировда илмнинг, бошқа бировда ибодатнинг талаб қилинганидан кўпроқ бўлиши ҳеч қандай баҳсу мунозарага сабаб бўлмаслиги керак. Зеро, шариатда ҳамманинг тариқат шайхи даражасида сўфий бўлиши буюрилмаганидек, барча мўмин-мусулмонларнинг мужтаҳид даражасида олим бўлиши ҳам талаб этилмайди.

Илмда ҳам, ибодатда ҳам ва умуман, барча ишларда ҳам ўртача бир йўлни танлаш омма учун энг мақбул йўлдир.

Ўртачалик, яъни васатийлик инсонни ҳеч бир амалдан бездирмайдиган, васвасаларга йўл очмайдиган, айни пайтда, жамиятнинг фаол бир аъзоси бўлиб яшашга халақит бермайдиган ҳолатдир.

Агар ҳамма бараварига илмга шўнғиб, кечаю кундуз фақат илм билан машғул бўлса ёхуд барча мўмин-мусулмонлар бир шайхга қўл бериб, ўша шайхдек юксак мақомларга эришаман деб, ҳаттоки оила, бола-чақадан воз кечиб, туну кун риёзат чекиб, тинмай ибодат қилаверса, шариатнинг кўпгина ҳукмлари бажарилмай қолиб кетарди.

Бу ҳақда халқ орасида ҳазилнамо бир гап ҳам бор: «Ҳамма олим бўлиб кетса, подани ким боқади?»

Ҳолбуки, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасида ота-она, бола-чақа, жуфти ҳалол, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва бошқа яна кўплаб инсонларнинг ҳақлари бор.

Ҳақиқий мўмин-мусулмонликни даъво қилувчи киши фарзанд сифатида ота-онасининг, эр сифатида хотинининг, аёл сифатида эрининг, ота ёки она сифатида фарзандларининг, қариндош сифатида барча уруғ-аймоғининг, фуқаро сифатида жамиятнинг ўзидаги ҳақ-ҳуқуқларини риоя қилиши лозим ва лобуддир. Чунки мана шу ҳақ-ҳуқуқлар ҳам шариатда қатъий белгилаб қўйилган.

Аслида мазкур ҳақ-ҳуқуқларини шариат буюрганидек адо этиб юрган мўмин-мусулмоннинг ушбу йўлдаги ҳар бир амали ибодат саналади.

Демакки, тариқатга кириш, шайхга қўл бериш дегани ўзининг мўмин-мусулмон сифатидаги мажбуриятларининг бир қисмидан ёки ҳаммасидан воз кечиш дегани эмас...

Илова тарзида катта шайхлардан баъзиларининг ҳеч кимга қўл бермай, ўз илми билан йўл топиб кетганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Мисол учун, Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолийнинг ҳаётлари ҳақида ёзганлар у кишининг бировга қўл берганлари ҳақида ҳеч қандай маълумотни зикр қилмаганлар. Ҳолбуки, у киши тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири ҳисобланадилар.

Ҳозирги кунда Миср араб жумҳуриятидаги учинчи ўринда турадиган Азмийя тариқати яқинда таъсис топган. Бугунги кунда тариқат асосчисининг набираси шайх Алоуддин Абулазоим унга шайхлик қилмоқда.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Моида сурасида бундай деб марҳамат қилади ... .Эй иймон келтирганлар Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам давоми...

1854 19:00 / 17.07.2023
Тасаввуфнинг вазифалари кўп бўлиб, улардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтайлик1. Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни .ботиний фиқҳ,, яъни .ички фиқҳ, дейдилар. Бундан фиқҳ давоми...

5188 14:03 / 07.12.2018
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди .Қиёмат кунида ҳар бир жон қилган яхшилигининг ҳозир бўлганини билади, ОлиИмрон сураси, 30оят. Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада давоми...

3983 05:00 / 28.02.2017
32Ҳикмат Ўзингда яширинган айбларни кўришга интилишинг, сендан тўсиб қўйилган ғайбларни кўришга интилишингдан яхшироқдирrdquo Одамларнинг қалбларига, давоми...

3719 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

133639 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53986 14:35 / 11.08.2021