Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (14-дарс). Тариқат силсиласи (давоми)

14:20 / 05.01.2019 6148 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу

У киши Мадинаи Мунавварада ҳижрий 30 сана, милодий 650 санада таваллуд топганлар. Ҳижрий 102 сана, милодий 720 санада Қудайдда вафот этганлар.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу узун бўйли, қорамтир рангли, соқолининг икки тарафи сийрак зот эдилар. У кишининг кўзларидан доимо ёш оқиб турарди. Аллоҳ таолодан қўрққанларидан доимо қадлари букик юрардилар.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фарзанди Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг ўғиллари эдилар. У кишининг кунялари Абу Муҳаммад эди. Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг оналари асли форс аёли эди.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу дастлаб Оиша розияллоҳу анҳодан, сўнг Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳадис ва фиқҳ дарсларини олдилар. У киши Мадинанинг етти буюк фақиҳларидан биридирлар. Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу фиқҳ ва тасаввуфда устоз эдилар.

Умар ибн Абдулазиз: «Агар қўлимдан келса, халифаликни Қосим ибн Муҳаммадга қолдирган бўлардим», дер эди.

Имом Молик: «Қосим бу умматнинг фуқаҳоларидандир», дер эдилар.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан билмаган нарсалари сўралса, «Билмайман», деб айтишдан тортинмас эдилар. Билган нарсалари ҳақида эса «Ўзим билган нарсаларни беркитишим мен учун ҳаромдир», дер эдилар.

Вафотларидан олдин Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. У киши ўзларининг вафотлари яқинлашганини сезганларида ўғилларига:

«Мени ўзим кийиб турган либослар – кўйлак, изор ва ридога кафанланглар», дедилар.

«Отажон, буни икки қават қилсак бўлмайдими?» деди.

«Бобом Абу Бакр ҳам шу каби уч нарсага кафанланган эдилар. Биз улардан ўрнак олишимиз лозим. Шуниси етади. Янги либосларга ўликлардан кўра тириклар муҳтождир», дедилар.

У киши етмиш ёшларида вафот этдилар.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу силсила омонатини Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан олганлар.


Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 83 санада Мадинаи Мунавварада таваллуд топганлар ва ҳижрий 148 санада ўша ернинг ўзида вафот этганлар.

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу гўзал юзли, катта бошли, оқ танали ва қирмизи ёноқли зот эдилар. У киши катта боболари ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга жуда ҳам ўхшар эдилар.

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг «содиқ» деган лақабларига жуда ҳам мос эдилар. У киши ҳаётларида ҳеч ёлғон гапирмаганлари учун шу лақабни олган эдилар. Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу кулча юзли ва ширин сўзли зот эдилар.

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳунинг насаблари бир тарафдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга борса, иккинчи тарафдан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга етиб боради. У кишининг оталари Муҳаммад Боқир розияллоҳу анҳу имом Ҳусайннинг набиралари бўлса, оналари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг набиралари Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакрнинг қизлари эди.

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг замондошларидир.

У киши розияллоҳу анҳу ўзлари табаъа тобеъинлардан бўлиб, жуда кўп тобеъинлардан турли илмларни, хусусан, ҳадис илмини ўргандилар. У киши ўз замоналарида мавжуд бўлган кўпгина илмларда пешқадам эдилар. Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу кимё, физика ва ал-Жабр (Алгебра) илмларида тенги йўқ зот эдилар. Ал-Жабр (Алгебра) илмининг асосчиси, буюк олим Жобир ибн Ҳайён Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳунинг талабасидир. У киши ўз замоналарининг улкан олими сифатида ҳамма тарафга донг таратган эдилар.

Аббосий халифалардан Абу Жаъфар Мансур у кишини тез-тез зиёрат қилиб, билмаган нарсаларини сўраб турар эди. Бир куни халифа Абу Жаъфар Мансурнинг юзига пашша келиб қўнибди. У ҳар қанча уринмасин, пашшани ҳайдай олмабди. Шу пайт Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу халифанинг олдига кириб қолибдилар. Халифа у кишидан:

«Аллоҳнинг пашшани яратишидан ҳикмат недир?» деб сўрабди.

«Золимлар ва ўзига ишонганларга биргина пашшага ҳам кучлари етмаслигини кўрсатиб туриш учундир», дебдилар Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу.

Бир куни Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳуга ниҳоятда ихлосли бўлган бир одам у киши билан анҳорнинг бўйида кетаётиб, сувга йиқилиб тушиб, оқиб кета бошлабди. Шунда ҳалиги киши «Жаъфар! Жаъфар»! деб бақира туриб, сувга ботиб кетибди. Бир оздан сўнг бирдан нажот топибди. Шунда Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу ундан:

«Нима бўлди?» деб сўрабдилар.

«Жаъфар», дедим, ботдим, «Аллоҳ», дедим, қутулдим», дебди. Шунда Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу:

«Доимо ушбу ҳолни ўзингга лозим тут. Аллоҳдан ўзгадан ёрдам сўраб бўлмас», дебдилар.

Жаъфар Содиқ  розияллоҳу анҳу ўлимларидан олдин ўғиллари Мусо Козимга қуйидаги васиятни қилганлар:

«Ўғлим, васиятларимни яхши тингла. Агар буларга диққат билан муносабатда бўлсанг, бахтли яшаб, бахтли ўлурсан.

Ўғлим! Аллоҳ Ўзининг тақсимига рози бўлганни ўзгаларга муҳтож ҳолда ташлаб қўймас. Бошқаларнинг қўлидагига кўз тиккан эса фақир ҳолида ўлур. Илоҳий тақсимга рози бўлмаган кимса Аллоҳга У Зотнинг ҳукми тўғрисида эътироз қилган бўлур.

Ўз гуноҳини кичик кўрган кимса бошқанинг кичик гуноҳини катта кўргай. Бошқанинг гуноҳини кичик кўрган ўзининг гуноҳини катта кўргай. Бошқаларга исён ила қилич кўтарган одам ўша қилич ила ўлдирилгай. Ўзгага ўра қазиган ўша ўрага ўзи тушгай».

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 148 сана – милодий 765 санада вафот этиб, Жаннатул Бақийъ қабристонига, оталари Муҳаммад Боқир, боболари Али ибн Хусайн Зайнул Обидин ҳамда катта амакилари имом Ҳасаннинг қабрлари ёнига дафн этилдилар.

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу силсила омонатини она тараф боболари ҳазрати Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан олганлар.


Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу

Бу зотнинг туғилган йиллари номаълум. Милодий 875 санада Бистом шаҳрида вафот этганлар.

Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу узун бўйли, заиф баданли, оқ ва сийрак соқолли ва кўзлари чуқур одам эдилар. У киши ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаб кетар эдилар. Боязид Бистомий қуддиса сирруҳуни «орифларнинг султони» ва «муҳаққиқларнинг сардори» деб аташарди.

Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу ёшликларидан илм-маърифатга қаттиқ қизиқдилар. У киши 113 та шайх билан учрашиб, улардан илм олганлар. Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳининг вафотлари чоғида 12 ёшда бўлган Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу у кишининг ўзларидан, талаба ва мухлисларидан бўлган уламо ҳамда машойихлардан жуда кўп фойдалар олганлар.

У киши Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳига оид ҳар бир сўздан ва иршод услубидан фойда олишга интилганлар. Бу нарсалар у кишига катта таъсир қилган. Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳининг руҳониятларидан файз олиб ҳамда шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат мартабаларида тамоман у кишига тобе бўлиб, йўлларини давом эттиришга ҳаракат қилганлар.

Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу ёшликларида Тайфур деб аталган эканлар. У киши оналарининг дуоларини олган зот эдилар.

Охир-оқибат у киши ҳақиқат сирларини ва ишларнинг ҳикматларини билишда ягона зотлардан бирига айландилар. Уламолар Боязид Бистомий қуддиса сирруҳуни «шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатга тобе ва ҳимматда нодир», деб васф қиладилар. У киши ҳанафий мазҳабида эдилар.

Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу силсилани Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳидан маънавий йўл билан олганлар.

 

Абул Ҳасан Ҳараконий қуддиса сирруҳу

Бу зот Эроннинг Ҳаракон деган жойида ҳижрий 352 сана,  милодий 963 санада таваллуд топдилар ва ўша ерда ҳижрий 425 сана, милодий 1034 санада вафот этдилар.

У киши узун бўйли, кулча юзли, кенг пешонали, йирик кўзли ва қизғиш рангли зот эдилар.

Абул Ҳасан Ҳараконий тасаввуфда танила бошлашлари билан ҳазрати Боязид Бистомийни тушда кўриб, у зотдан иршод ва файз олганларини сўзладилар. Абул Ҳасан Ҳараконий қуддиса сирруҳу у кишининг мозорларида ўн икки йил хизмат қилдилар. Мазкур хизматдан сўнг иршодга маъзун ва тариқатни нашр қилишга маъмур бўлдилар. Ана шу муддатда Қуръони каримни Фотиҳа сурасидан бошлаб охиригача тафсир қилиб чиқдилар. Шу билан у кишига барча зоҳир ва ботин илмларнинг эшиги кенг очилди.

Кишилар Абул Ҳасан Ҳараконий қуддиса сирруҳудан:

«Ахлоқ недир?» деб сўрашди.

«Ишни Аллоҳ учун қилмоқдир», дедилар.

У кишининг ҳикматли сўзларидан намуналар:

– Роса қирқ йилдан бери Аллоҳ менинг қалбимга боқади ва у ерда Ўзидан бошқани кўрмайди.

– Кўнгилларнинг ойдинлиги ҳаққа майлли бўлмоқ билан, амалларнинг гўзаллиги риёдан узоқ бўлмоқ биландир.

– Неъматларнинг энг ҳалоли ўз меҳнатинг ила қўлга киритганингдир.

Абул Ҳасан Ҳараконий қуддиса сирруҳу силсила омонатини Боязид Бистомий қуддиса сирруҳудан маънавий йўл билан олганлар.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Руҳий қоидалар кўпгина лаззатлардан ва бадан хоҳлаб турган нарсалардан воз кечишни талаб қилади. Бу эса дабдабабозликка, ҳоюҳавасга берилган кишиларда содир давоми...

3047 05:00 / 28.02.2017
Баъзи сўфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

39056 16:42 / 12.04.2017
Маълумки, Иблис Одам алайҳиссаломга сажда қилиш ҳақидаги илоҳий буйруққа бўйсунмай, Аллоҳга осий бўлган. Ваҳоланки, у бу буйруқдан олдин фаришталар орасидаги давоми...

3271 05:00 / 01.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимАли розияллоҳу анҳу дедилар Тақво Аллоҳдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, озга қаноат қилиш, кетадиган кунга тайёргарлик кўришдирrdquo. давоми...

6120 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

135050 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55325 14:35 / 11.08.2021