Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (85-дарс). Қуръон қироатининг нозик сирлари

13:35 / 16.05.2020 4808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим қироатининг ўзига яраша ички сирлари, қалбга, ҳис-туйғуга боғлиқ бир қанча нозик жиҳатлари бордир. Улардан баъзиларини қисқача ўрганиб чиқишга Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда ҳаракат қиламиз.

1. Қуръони Каримнинг улуғлигини ва олиймақомлигини англаб етиш. Қуръон Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган фазли ва лутфи карами ила нозил бўлганини тушуниб етиш. Қуръони Каримни қироат қилувчи ҳар сафар қироатни бошлаганда мазкур маъноларни чин қалбдан ҳис этмоғи лозим.

2. Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва ўша Зотнинг улуғлигини англаб етиш. Қуръони Карим оддий калом эмас. У Аллоҳ таолонинг каломидир. Аллоҳ таоло билан ожиз банда орасида қандай фарқ бўлса, Қуръони Карим билан банданинг каломи орасида ҳам шундай фарқ бор. Қуръони Карим ёзилган мусҳафни таҳоратсиз ушлаб бўлмаганидек, таҳорати – поклиги бўлмаган қалб ва тил ила унга яқинлашиб бўлмайди.

Каломни улуғлаш калом эгасини улуғлашдир. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг улуғлигини англаб етиш орқали Қуръони Каримнинг улуғлигини англаб етиш мумкин бўлади. Ҳар бир қироат қилувчи бу маъноларни билиши ва уларга амал қилиш пайидан бўлиши лозим.

3. Қалб ҳозир бўлиши ва хаёл жамланиши лозим. Бундан қироат қилиш пайтида жиддий бўлиб, барча ҳимматни шу ишга буриш ва ундан бошқа нарсадан бутунлай ажраб чиқиш кўзда тутилади.

Салафи солиҳлардан бирларига: «Қуръон қироат қилаётганингизда кўнглингиздан бирон нарса ўтказасизми?» дейилганда у киши: «Мен учун Қуръондан бошқа нима ҳам маҳбуб бўлиши мумкинки, мен уни кўнглимдан ўтказсам?!» деган экан.

4. Қуръони Каримни тадаббур қилиш.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми?!»  (82-оят).

Қуръонни тадаббур қилиш, яъни уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.

Қуръони Каримни қалби ҳозир бўлган ҳолда тиловат қилиш мумкин. Аммо уни тадаббур қилиш учун яна ортиқча ҳаракат керак. Қироатдан кўзда тутилган асосий мақсад уни тадаббур қилишдир. Қироатнинг ўзи сиртқи ҳолат бўлса, тадаббур ички ҳолатдир.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Фиқҳи йўқ ибодатда ва тадаббури йўқ қироатда яхшилик йўқдир», деган.

5. Қуръони Карим қироатида тараққий этиш.

Қуръони Карим тиловатининг даражаси учтадир.

Биринчи даража: Қироат қилаётган банда ўзи Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб ўқиётгани ва У Зот унга назар солиб, эшитиб турганини ҳис қилиши даражаси. Бу даражадаги банданинг ҳоли сўраш, ялиниш, тазарруъ ва илтижодан иборат бўлади. Ушбу даража ўнг тараф соҳибларининг даражасидир.

Иккинчи даража: Қироат қилаётган банда қалби ила Аллоҳ таолонинг кўриб турганига, Унга лутфи ила хитоб қилаётганига, инъоми ва эҳсони ила муножот қилаётганига шоҳид бўлиши даражасидир. Бу даражадаги банданинг мақоми ҳаё, улуғлаш, қулоқ осиш ва фаҳмлаш ила бўлади.

Учинчи даража: Каломда Мутакаллимнинг сифатларини кўриш даражаси. Бу даражага эришган банда ўзига ҳам, қироатига ҳам, берилган инъомларга ҳам қарамайди. У ҳимматини фақатгина Мутакаллимнинг ўзига хослайди. Фикрини У Зотга боғлайди. Худди У Зотни кўришга ғарқ бўлган ҳолга келади. Бу муқаррабларнинг даражасидир.

Ушбу олий даражага эришганлардан бири Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гаплари жуда ибратлидир:

«Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, Аллоҳ азза ва жалла халойиққа Ўз каломида тажаллий қилгандир. Лекин улар кўрмаслар».

Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу намозда ҳушидан кетиб йиқилди ва ўзига келганида бу ҳолнинг сабабини сўрашди. Жавоб қуйидагича бўлди: «Бир оятни қалбимда шунчалар такрорладимки, охири уни ўз Эгасидан эшитдим. Шунда жисмим бу ҳолни кўтара олмади».

Ана ўша даражага етганда қироат ҳаловати кучаяди ва муножот лаззати ўз чўққисига чиқади.

Бу ҳақда ҳукамолардан бирлари қуйидагиларни ҳикоя қилган: «Қуръони Каримни тиловат қилардим-у, ҳаловатини топмас эдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига тиловат қилиб бераётганларини эшитгандек бўлиш даражасига чиқдим.

Кейин яна юқори даражага кўтарилиб, тиловат қилганимда худди Жаброил алайҳиссаломнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилаётганларини эшитаётгандек бўлишга эришдим.

Сўнгра Аллоҳ менга бир даражани бердики, ҳозир уни Мутакаллимнинг Ўзидан эшитаётгандек ҳолга сазовор бўлдим. Ана шунда фироқига чидай олмайдиган даражада ҳаловат ва лаззатга эришдим».

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг «Агар қалбларимиз пок бўлса, Роббимизнинг каломидан тўймайди», деганлари ҳам бежиз эмас.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. давоми...

1969 19:00 / 26.03.2023
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

3374 13:00 / 13.06.2020
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3793 05:00 / 28.02.2017
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик давоми...

2322 00:00 / 23.10.2022