Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 18 шаввол | 2025 йил 16 апрель, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Умр бўйи тавба қилиш | Тазкия дарслари (314-дарс)

19:00 / 18 январь 793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этадиган бўлиши керак. Тавбанинг ўтган, ҳозирги ва келаси замонга боғлиқ бўлиши аввал айтиб ўтилган эди.

Бас, тавбанинг ўтган замонга боғлиқлиги қуйидагича: банда фикри ила балоғатга етган биринчи кунига қайтади. Ўшандан буён ўтган умрини йилма-йил, ойма-ой, ҳафтама-ҳафта, кунма-кун, соатма-соат ва нафасма-нафас тафтиш қилиб чиқади. Адо этилмай қолган тоатларига ва содир этган маъсиятларига назар солади, ҳаммасини хотирига олади.

Қанча намозни ўқимагани ёки ўқиган бўлса ҳам, нотўғри ўқиганини аниқлайди. Кейин уларнинг қазосини ўқишни бошлайди. Аста-секин қазо намозларини охирига етказади.

Шунингдек, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг ҳам қазосини жойига қўяди.

Банда балоғатга етганидан бошлаб содир этган маъсиятларини ҳам тафтиш қилиб аниқлайди. Мазкур маъсиятлардан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги ишларга тавба қилиб, надомат чекади ва истиғфор айтади.

Кейин гуноҳларининг миқдорига назар солади. Улардан ҳар бирига муносиб, яхши амал қилишга ўтади.

Каффорот ўрнига ўтувчи ҳасанот – яхшиликлар дил, тил ва бадан билан адо этилади. Дил билан тазарру ва ўзини зор тутиш, тил билан зулмни эътироф қилиб, истиғфор айтиш ва аъзолар билан садақа ва бошқа турли тоат-ибодатлар қилинади.

Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилиб, шундай дейди:

ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят).

عَنْ أَبِي ذَرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ الله: «اتَّقِ اللهَ حَيْثُ مَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бас, ғийбат мажлислари ўрнига зикр мажлисларида иштирок этсин. Мусҳафни таҳоратсиз ушлаган бўлса, уни икром қилсин ва қироатини кўпайтирсин. Хамр ичган бўлса, ҳалол ичимликлардан садақа қилишни кўпайтирсин.

Бандаларга нисбатан қилинган зулмлар бир вақтнинг ўзида Аллоҳ таолога нисбатан ҳам маъсият бўлади. Чунки бандага зулм қилувчи гуноҳкор инсон Аллоҳ таоло тақиқлаган, қайтарган ишни содир этган бўлади. Шу эътибордан у тавба қилади. Бунга қўшимча тарзда зулмларининг муқобилига яхши ишлар қилади. Одамларга озор берган бўлса, уларга яхшилик қилади. Молини тортиб олган бўлса, унинг эвазига ўзининг ҳалол молидан садақа қилади. Уларни ёмонлаган бўлса, мақтайди.

Кейин одамларнинг ҳаққига қилган зулмидан қутулишга ўтади. Бу зулмлар одатда жонга, молга, обрўга ва қалбга тегишли бўлади.

1. Жонга оид жиноят хато тариқасида одам ўлдиришдан иборат бўлса, ҳақдорларга хун тўлашни йўлга қўяди. Агар қасддан одам ўлдирган бўлса, ўзини ўлдирилган шахснинг эгасига топширади. У хоҳласа, қасос олади, хоҳласа, кечиради. Бу масалада жиноятчи ўз қилмишини яшириши жоиз эмас. Шунингдек, бировни зинода айблаб қазф (бўҳтон) қилган шахс ҳам ўзини ўзи тутиб бериши керак.

Аммо зино, ароқхўрлик, ўғриликка ўхшаш бошқа маъсиятларда жиноятчи ўзини тутиб бериши тавбанинг шартларига кирмайди. Қилмишини яшириб, тавба қилса бўлаверади. Агар очиқ эътироф қиламан деса, ўзининг иши. Унга шаръий жазо қўлланилади ва тавбаси қабул бўлади.

2. Молу мулкка оид жиноятлар тавбаси ичида уларни ўз эгасига қайтариб бериш ҳам бўлади. Ҳақ эгасига ҳақини қайтариш билан бирга, ундан узр сўраш ҳам лозим.

Агар бировнинг ҳақи адо этиб бўлмайдиган даражада кўп бўлса, қўлидан келганини бериб бораверади. Шу билан бирга, қўлидан келганича яхшилик қилади. Қиёмат куни ўша яхшиликлардан ҳақ эгасига олиб берилади.

Молни қайтариш учун унинг эгасини топа олмаса, меросхўрига беради. Меросхўрни ҳам топа олмаса, ўша миқдордаги молни камбағалларга садақа қилади.

Молида ҳаром ва ҳалол аралашиб кетган одам ҳаракат қилиб, ҳаромнинг миқдорини аниқлайди ва ўшани камбағалларга садақа қилади.

Қалбга ва обрўга оид жиноятлардан тавба қилишнинг амалий қисмида мазлумларни топиб, улардан жиноятига яраша ҳақларини ҳалол қилишни сўрайди.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абу Ҳанифанинг буюк шогирди Абу Юсуф Аббосий халифа Ҳорун арРашийд даврида қозиларнинг энг каттаси бўлган. У биринчи бўлиб quotқозийул қузотquot қозиларнинг давоми...

3342 05:00 / 01.03.2017
Олтинчи офат ndash масхара ва истеҳзо..Масхара, сўзи луғатда .бировни ҳақир ndash паст санаш, ва .хор билиш, маъноларини англатади.Уламолар масхарани қуйидагича давоми...

4283 13:00 / 16.01.2021
Куфр тўрт хил бўлади 1. Инкор куфри. Бу хилдаги куфр эгаси ҳам қалби, ҳам тили билан куфр келтирган бўлади ва тавҳиддан ҳеч нарсани билмайди. Бундай кишилар ҳақида давоми...

5470 17:00 / 12.06.2021
Хожа Яъқуб Чархий қуддиса сирруҳуБу зоти шарифнинг Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилганлари маълум. Туғилган саналари эса маълум эмас. Мавлоно Яъқуб Чархий давоми...

5060 15:10 / 02.02.2019