Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (1-дарс) Тариқатлар

10:57 / 17.08.2018 10474 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замони саодатда ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ақоид, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар қатори тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиққан эмасди. Ўша даврдаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзларига эргашар эдилар.

Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб, амал қилиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар турли оят ва ҳадислардан ўзлари учун далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларига татбиқ қилдилар.

Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид халифа, Абу Зарр Ғифорий, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, асҳоби суффа розияллоҳу анҳум ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.

Тобеъинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори, руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар.

Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг илм сифатида шаклланишида ўзларининг катта ҳиссаларини қўшган зотлар етишиб чиқдилар. Булардан Увайс Қараний, Ҳасан Басрий, Саъид ибн Мусаййаб, Жаъфар Содиқ ва бошқаларни барча эътироф этиб, зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига ҳеч ким хилоф қила олмаган.

Тасаввуф ва мутасаввифлар тарихини ўрганган олимлардан Абу Нуъайм ўзининг «Ҳулятул авлиё» китобида тасаввуф ила машҳур бўлган тобеъинлардан икки юз кишининг таржимаи ҳолини келтирган.

Табаъа тобеъинлар авлодида Фузайл ибн Иёз ва Иброҳим ибн Адҳам бошлиқ кўплаб сўфийлар етишиб чиқдилар.

Аста-секин руҳий тарбия устозлари ҳам етишиб чиқа бошлади. Уларнинг атрофида шогирдлари ва ўз жамоалари ҳам пайдо бўла бошлади. Бора-бора улар бошқалардан ажралиб турадиган ўз белгиларига ҳам эга бўлдилар.

Кейинчалик бир устознинг руҳий тарбиясини олиб, ўша тарбияни ҳаётига татбиқ қилиб юрган жамоа аъзоларининг тутган йўлини «тариқат» деб номлаш одат тусига кирди. Зотан, «тариқат» арабча «торийқ» – «йўл» сўзидан олинган бўлиб, ҳам моддий, ҳам маънавий йўлни ифода этишга ишлатилаверади.

Ҳар бир тариқатнинг устози ўз шогирдлари томонидан «шайх» дея эътироф қилинди.

Ҳар бир шайх ўз тариқатининг Қуръон ва Суннатга мувофиқ эканини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан олинганини исботлаши керак эди. Бунинг учун ҳар бир шайх ўз устозининг ва устозининг устозининг рухсатларини исботлаб, силсилани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етказар эди.

Бу маънода аҳли тасаввуфнинг силсиласи худди муҳаддисларнинг санадига ва фақиҳларнинг мазҳабига ўхшаб кетарди.

Агар тасаввуф тариқатлари тарихига назар соладиган бўлсак, улардан ҳозиргача машҳур бўлиб келаётганлари фиқҳий мазҳабларга ўхшаб, ҳижрий иккинчи асрда эмас, балки анча кейин шуҳрат топганларини кўрамиз.

Албатта, ҳар бир тариқатнинг асли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Шу сабабли унинг томирлари узун ҳисобланади. Аммо маълум шайх номи ила машҳур бўлган катта тариқатларнинг аксари ҳижрий бешинчи ва олтинчи асрларга тўғри келади.

Бундан эса айнан ўша асрларда тасаввуф ўз равнақининг чўққисига чиққанини билиб олсак ҳам бўлади. Келинг, тасаввур ва маълумот учун баъзи машҳур тариқатларни қисқача зикр қилиб ўтайлик:

1. Рифоъия тариқати.

Бу тариқат ўз асосчиси Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳининг номи билан аталган. У киши Ироқда, Басра билан Восит орасидаги Умму Убайда қишлоғида ҳижрий 512 санада таваллуд топганлар. Ёшликларида оталаридан ажраб, етим қолганлар ва тоғаларининг тарбиясини олганлар. Аввал Шофеъий мазҳаби бўйича фиқҳни ўрганганлар. Кейин тоғаларидан тасаввуф бўйича таълим олганлар ва у кишининг ўрнига тариқат шайхи бўлганлар. Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 578 санада вафот топганлар.

2. Шозилия тариқати.

Бу тариқат Абул Ҳасан Шозилий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилгандир. У киши ҳижрий 593 санада туғилиб, ҳижрий 656 санада вафот топганлар. Абул Ҳасан Шозилий раҳматуллоҳи алайҳи олим, обид, зоҳид ва машҳур сўфийлардан бўлганлар. У киши Тунис, Миср, Ироқ ва Макка томонларга кўп маротаба сафарлар қилганлар. Қоҳиранинг Комилия мадрасасида қози Иёзнинг «Шифо» китобини, «Рисолаи Қушайрия»ни, «Ал-Муҳаррар ал-Важийз»ни талабаларга ўқитганлар. У киши узлатни ва маҳрумлик ҳаётини ўзларига эп кўрмаганлар. Одамларга аралашиб, дунё неъматларидан баҳраманд бўлиб яшаганлар.

3. Қодирия тариқати.

Бу тариқат ўз муассиси Абу Муҳаммад Муҳйиддин Абдул Қодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳининг номлари билан аталган. Абдул Қодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 470 санада Бағдодда таваллуд топганлар ва ҳижрий 562 санада ўша ерда вафот этганлар. У киши машҳур фақиҳ бўлиб, ҳам шофеъий, ҳам ҳанбалий мазҳаби ила фатво берар эдилар.

4. Мавлавия тариқати.

Мавлоно Жалолуддин Румий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилган бу тариқат Онадўлида кенг тарқалган эди. Мавлоно Жалолуддин Румий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 604 санада таваллуд топганлар. У кишининг насаблари ота тарафдан Абу Бакр Сиддиққа, она тарафдан Мовароуннаҳрда ҳукм сурган хоразмшоҳлар сулоласига бориб тақалади. У киши кўплаб сафарлардан кейин Султон Алоуддин Салжуқийнинг пойтахти Қўния шаҳрида узоқ вақт яшаб, ўша ерда вафот этиб, дафн қилинганлар. У киши шаръий илмларни кўзга кўринган ҳанафий фақиҳ бўлган ўз оталаридан олганлар. Мавлоно Жалолуддин Румий раҳматуллоҳи алайҳи ўз умрларининг биринчи даврида мударрис, воиз ва фақиҳ бўлганлар. Кейин эса сўфийлик, шоирлик ва ҳакимлик билан шуҳрат қозонганлар.

5. Яссавия тариқати.

Бу тариқат улуғ мутасаввиф Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳининг номлари билан аталгандир. У киши ҳижрий 562 санада вафот этганлар. Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳи шайх Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан бўлганлар. У киши Бухорода таҳсил олганлар. Яссавийлик тариқати силсила жиҳатидан нақшбандликка алоқадордир. Бу тариқатда зикр жаҳрий бўлади.

6. Нақшбандия тариқати.

Бу тариқат Шоҳ Нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши ҳижрий 717 санада Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида дунёга келганлар. Ўн саккиз ёшларида уйланганлар. Шайх Саммосий ва Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳимодан руҳий тарбия олганлар. Шу билан бирга, шариат уламолари ва олимларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари хусусида олиб бориладиган суҳбатларида доимий равишда иштирок этар эдилар. У киши икки марта ҳаж зиёратини адо этганлар ва Форс ҳамда унинг атрофидаги кўплаб Ислом юртларига сафарлар қилганлар. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 791 сана рабиъул аввал ойининг учинчи куни, душанбага ўтар кечаси вафот этганлар.

Ҳазрати Баҳоуддин раҳматуллоҳи алайҳи бутун умр бўйи ўз муридларини суннати Муҳаммадия йўлида тарбиялаб ўтдилар. У кишининг қўлларида ўн минглаб муридлар камол топди. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг тариқатлари ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўплаб юртларида кенг тарқалгандир.

Шайх Абдуллоҳ Деҳлавий Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Бу тариқат Ҳақ таолонинг ҳузурида доимий ҳозирликдир, Ислом ақийдасини, Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини мустаҳкамлашдир ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир».

Уламолар Муҳаммад Мурод Ўзбакийнинг Нақшбандия тариқати ҳақида айтган қуйидаги гапларини ривоят қиладилар:

«У саҳобаи киромларнинг асл ҳолича, зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмай қолган тариқатидир. У ботинда ҳам, зоҳирда ҳам барча ҳаракат ва саканотларда суннатга ва азийматга комили илтизом қилган, бидъат ва рухсатдан батамом четда бўлган ҳолда ибодатда бардавом бўлишдан иборатдир».

Шайх Амин Алоуддин Нақшбандий ўзининг «Нақшбандия тариқати недир?» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Муҳаққиқ уламолар Нақшбандия тариқати ҳақида қуйидагиларни таъкидлайдилар:

Нақшбандия тасаввуфи ўртача ва мўътадилдир. У сулукдаги мўътадиллик, шариатга эргашиш, тариқатнинг осонлиги билан ажралиб туради. У хусусан, дин уламолари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий сўфийнинг қалби Аллоҳ билан, жисми банда билан.

Бу тариқатдаги эътиборни ўзига тортадиган энг муҳим нарса – сокинлик, яъни унинг риёдан холи бўлмайдиган бақириқ-чақириқ, тараннум ва тинглашлардан узоқдалигидир.

Нақшбандия тариқатидаги зокир намоздан кейин пок ҳолида, қиблага қараб ўтириб олиб, тилини танглайига теккизиб, қалби тил ҳаракати ила бирлашиб, Аллоҳни зикр қилади».

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир. 2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради. 3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

1945 19:00 / 15.04.2023
Аъробий сўрадиndash Эй Аллоҳнинг Расули, туяни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилаймиРасул соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларndash Боғлаб таваккул қилЯна Аллоҳ давоми...

2664 18:05 / 29.11.2018
биринчи мақолаТасаввуфга оид бир мавзуни талқин қилишдан аввал тасаввуфrdquo нима эканлиги тўғрисида бир тушунчага, хулосага келиш лозим. Мен тасаввуф давоми...

9496 20:09 / 09.11.2018
Гоҳида мурид жидди жаҳд қилиб, маъсиятларни тарк қилиб, хулқини сайқалланганини ва энди мужоҳадага ҳожат қолмаганини гумон қилиши мумкин. Аслидан эса, ундоқ эмас. давоми...

4031 05:00 / 28.02.2017