Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (113-дарс). Қорин ва фарж шаҳвати (иккинчи мақола)

13:00 / 05.12.2020 4871 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарж шаҳвати ҳақида бир-икки оғиз сўз юритсак. Аллоҳ таоло одам зотини жинсий шаҳватли қилиб яратган. Албатта, бу беҳикмат эмас. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, жинсий шаҳватнинг иккита катта ҳикмати бор: биринчиси – инсон наслининг бардавом бўлиши учун хизмат қилиши. Иккинчиси – охират лаззатларини қиёслаш учун хизмат қилиши. Бир нарсани татиб, тушунмагунча унга қизиқиш бўлмайди. Бинобарин, шаҳватнинг мазасини тушунган инсон билсинки, охиратдаги шаҳватлар бундан ҳам афзал ва беқиёсдир. Унга етишиш учун эса бу дунёда шаҳватни фақат ҳалол йўл билан қондириш зарур.

Аммо бу шаҳватни жиловлаб, мўътадил даражада тутилмаса, кўпгина бало-офатлар келиб чиқади.

Шунинг учун ҳам Исломда зино қаттиқ қораланган ва унга олиб борувчи йўллар ҳам маҳкам тўсилган.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلَّا كَانَ ثَالِثَهُمَا الشَّيْطَانُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин! Агар шундай бўлса, учинчилари шайтон бўлур», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

وَلِلشَّيْخَيْنِ وَالتِّرْمِذِيِّ: مَا تَرَكْتُ بَعْدِي فِتْنَةً أَضَرَّ عَلَى الرِّجَالِ مِنَ النِّسَاءِ

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:

«Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган».

عَنْ سَهْلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يَضْمَنُ لِي مَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ وَمَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ ضَمِنْتُ لَهُ بِالْجَنَّةِ. رَوَاه الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳадиси шарифдаги икки оёқнинг орасидаги нарсадан мурод – жинсий аъзо, икки жағ орасидаги нарсадан мурод – тил.

Демак, ким зинодан ва тили билан куфр-ширк сўзларни айтишдан сақланса, жаннатий бўлиши муҳаққақдир.

Солиҳлардан баъзилари: «Агар бир киши менга байтулмолни омонат тарзда берса, унинг омонатига хиёнат қилмасликка кўзим етади. Аммо биров менга бир қора аёлни омонат қолдириб, бир соат у билан холи қоладиган бўлсам, ўзимга ўзимнинг кўзим етмайди», деганларида шаҳватни енгишнинг қийинлигини назарда тутганлар.

Фарж шаҳватини синдиришнинг ҳам ўзига яраша чоралари бор.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ، مَنِ اسْتَطَاعَ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ، وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ، فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй ёшлар жамоаси, ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилишган.

Агар никоҳга қудрати етмаган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳват қўзишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб, бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.

Оддий ҳолатларда эса бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун, кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.

عَنْ جَرِيرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ نَظْرَةِ الْفَجْأَةِ فَقَالَ: اصْرِفْ بَصَرَكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. Бас, у зот: «Кўзингни бошқа томонга бур», дедилар».

Бешовларидан Бухорий ривоят қилмаган.

Номаҳрамга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаром. Бироқ бехосдан назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан. Мўмин-мусулмон кишилар бу ҳукмни ҳеч қачон унутмасликлари лозим.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا عَلِيُّ، لَا تُتْبِعِ النَّظْرَةَ النَّظْرَةَ، فَإِنَّ لَكَ الْأُولَى وَلَيْسَتْ لَكَ الْآخِرَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али! Назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун зарарсиз бўлса ҳам, бошқаси ундай эмас», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Биринчи назар номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни тасодиф деб бўлмайди, буниси қасддан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.

Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан сақлаш учун келган.

Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоғлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу ҳам хиёнат саналади.

Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин. Шунда гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган шахсга шаҳват назари билан қарамасин. Агар зино содир бўлмаган чоғида ҳам, кўз зиноси бўлади. Хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.

عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ كَتَبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ حَظَّهُ مِنَ الزِّنَا أَدْرَكَ ذَلِكَ لَا مَحَالَةَ، فَزِنَا الْعَيْنَيْنِ النَّظَرُ، وَزِنَا اللِّسَانِ الْمَنْطِقُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир», дедилар».

وَزَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَزِنَا الْيَدَيْنِ الْبَطْشُ، وَزِنَا الرِّجْلَيْنِ الْمَشْيُ، وَزِنَا الْأُذُنِ الْاِسْتِمَاعُ، وَزِنَا الْفَمِ الْقُبَلُ، وَالنَّفْسُ تَمَنَّى وَتَشْتَهِي وَالْفَرْجُ يُصَدِّقُ ذَلِكَ وَيُكَذِّبُهُ.

Бошқа бир ривоятда:

«Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилур. Фарж эса уни тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур», дея зиёда қилинган». 

Абу Довуд ва икки шайх ривоят қилишган.

Ислом жамияти том маънодаги пок жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Унда зино ҳаром. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Бир нарсага сабаб бўладиган нарсаларни ҳаром қилмай туриб, унинг ўзини ҳаром қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун зино ҳам, унга сабаб бўладиган ҳамма нарсалар ҳам ҳаром қилинган.

Бу ишлар қаторига ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган шаҳвоний қараш, гап-сўз, тинглов, юриб бориш ва ушлаш ҳам, бу ҳадисда зикр қилинмаган – кейин пайдо бўлган турли фаҳш суратлар, фильмлар, ёзувлар, китоблар ва бошқа нарсалар ҳам киради.

Ислом жамиятида ҳар қандай разилликларга ўрин йўқ. Мусулмон одам бундай нарсаларнинг яқинига ҳам йўламаслиги керак.

(Тамом)

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик давоми...

2251 00:00 / 23.10.2022
Ҳасаднинг бир неча сабаблари бор. Уламоларимиз мазкур сабабларни ўрганиб чиқиб, асосийлари олтита эканини таъкидлаганлар. Уларни қисқача ўрганиб чиқамиз 1. давоми...

3836 17:00 / 05.02.2022
Аллоҳнинг муҳаббати ва розилиги ndash унга интилувчиларнинг улкан орзусидир. Бунга барча мусулмонлар ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бандасидан бу дунёда рози давоми...

9206 09:16 / 17.04.2017
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни бир қанча сифатлар билан сифатлаганлар. Улардаги ҳусни хулқни баён қилиб берганлар. . ,. давоми...

1636 13:00 / 14.11.2020
Аудиолар

135050 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55325 14:35 / 11.08.2021