Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 13 рабиъул аввал | 2024 йил 16 сентябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (134-дарс). Ҳар ким ўзини кўрсатгиси келади

17:00 / 01.05.2021 3225 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илмсиз киши ҳам ўзини илмли қилиб кўрсатиш ила ҳузурланади. Диний илмга оид гапларни гапириб турганда шайтон унинг хаёлига олим ва фозил бўлиб қолгани ҳақидаги даъвони солади. У бунга алданиб, шайтоннинг изидан бориб, куфр гапларни гапириб юборганини ўзи ҳам билмай қолади.

Қийин ва ўзининг даражасидан юқори масалаларни сўраш ҳам офат ҳисобланади.

Имом Термизий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилмоқ бурчдир» ояти нозил бўлганида, одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар йилими?» деб сўрашди. Ул зот индамадилар. Улар яна:

«Ҳар йилими?» дейишди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ. Агар «Ҳа», десам, фарз бўлиб қоларди», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَسْأَلُواْ عَنْ أَشْيَاء إِن تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِن تَسْأَلُواْ عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللّهُ عَنْهَا وَاللّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ

«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга изҳор қилинса, ўзингизга ёмон бўладир. Агар улар ҳақида Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга изҳор қилинадир. Аллоҳ уларни афв қилди. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир» («Моида» сураси, 101-оят).

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Улардан бирини юқорида зикр қилдик.

Аслида бу оят ўша пайтда кенг ёйилган бир одатни муолажа этиш учун нозил қилингандир.

Эндигина жоҳилият замонидан чиқа бошлаган одамларнинг табиати ҳам ҳар хил бўлган. Улар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлар-бўлмас саволлар билан мурожаат қилувчилари ҳам мавжуд экан.

Баъзилари ўзини кўрсатиш учун, баъзилари фитна қўзиш учун ва яна бошқалари фаросати етмаганидан ҳам савол бераверар экан. Ўша пайтдаги воқеликни тасвирловчи ривоятларда бу ҳол яққол кўзга ташланиб туради.

Имом ибн Жарир Тобарий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, юзлари қизариб, минбарга чиқиб ўтирдилар.

Шунда бир одам туриб, қаршиларига борди-да:

«Менинг жойим қаерда?» деб сўради.

«Дўзахда!» дедилар. Бошқа бири туриб:

«Менинг отам ким?» деди.

«Отанг Ҳузайфа!» дедилар.

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

«Аллоҳни Робб деб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар ва Қуръонни имом деб рози бўлдик. Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз жоҳилиятдан ва ширкдан яқиндагина чиққан одамлармиз. Оталаримизнинг кимлигини Аллоҳнинг Ўзи билади», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабдан тушдилар. Кейин «Эй иймон келтирганлар, ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар» ояти нозил бўлди».

Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Аммо мазкурлари кифоя қилар, деган фикрдамиз.

Ушбу оятдан Қуръони Карим ақийда, шариат масалаларини баён қилиш билан бирга мусулмонларнинг кундалик ҳаётларига аралашиб, уларнинг қўлидан етаклаб, тарбиялаб ҳам боргани, ҳатто савол бериш одобигача ўргатгани маълум бўлади.

Аслида сўраб ўрганиш, маърифат ҳосил қилиш яхши нарса. Аммо ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор.

Ислом воқелик дини бўлганидан маърифат учун бериладиган саволлар ҳам воқеликдан келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан нима фойда? Айниқса Қуръон нозил бўлиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бордир.

«Ҳаж ҳар йили фарзми?» деб қайта-қайта сўраган одамга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар «Ҳа», десам, фарз бўлиб қоларди», деб жавоб қилганларидан ҳам шу маъно келиб чиқади.

Ўша бир кишининг саволи сабаб бўлиб ҳаж ибодати ҳар йили фарз бўлиб қолганда мусулмонларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Бўлар-бўлмас нарсаларни сўрайвериш ҳар хил қийинчилик ва ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан ҳам бундан қайтарилмоқда.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, юқоридаги ривоятда: «Отам ким?» деб сўраган одам Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бўлган. У киши қадимдан мусулмон эди. Ҳабашистонга ҳижрат қилган, Бадр ғазотида қатнашган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчилари сифатида у зотнинг мактубларини Форс подшоҳи Кисрога олиб борган эътиборли шахс эди.

Аммо у киши дабдурустдан «Отам ким?» деб ноқулай савол берди. Саволининг ноқулайлигини айниқса онасидан дакки эшитганида яна ҳам яхшироқ ҳис этди.

Онаси у кишига: «Сендан кўра оқроқ болани кўрмадим. Онанг жоҳилият аёллари қилган ишларни қилиб қўйган бўлганида, уни одамлар орасида шарманда қилган бўлар эдинг!» деган экан.

Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ мени «Бир қора қул насабидансан», деганларида, шундай бўлар эди», деди.

Яъни Абдуллоҳнинг отаси Ҳузайфа экани маълум ва машҳур бўлишига қарамай, худди онам хиёнат қилиб биров билан зино қилмаганмикан, дегандек шубҳага бориб савол берган.

Мусулмонларни шунга ўхшаш ноқулайликлардан сақлаш мақсадида уларга хитоб қилиниб:

«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар сизга изҳор қилинса, ўзингизга ёмон бўлади», дейилмоқда.

Яъни сизга керакли қисми айтиб қўйилган. Агар сўраган нарсангиз юзага чиқса, ўзингизга ёмон бўлади. Тоқатингиздан ташқари таклиф бўлиши ёки бошқа бир оғирроқ ҳукм келиши ҳам мумкин.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга фарзларни буюрди, уларни зое қилманг; чегаралар қўйди, ундан тажовуз қилманг; бир қанча нарсаларни ҳаром қилди, уларни поймол қилманг; сизларга раҳм этиб, эсидан чиқиб эмас, бир қанча нарсаларни зикр қилмади, улар ҳақида сўраманг», деганлари ривоят қилинган.

 «Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

2009 19:00 / 13.03.2023
Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний қуддиса сирруҳуБу зотнинг туғилган ерлари ва йиллари ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Аммо ҳижрий 1135 сана, милодий 1722 санада Бадавунда давоми...

5388 14:00 / 22.02.2019
Қуръон қироати самаралари ва фойдаларини ҳисобламоқчи бўлсак, бунинг чекичегараси кўринмайди. Улар жуда ҳам кўп бўлиб, ҳадисларда ўз аксини топган, уламоларимиз давоми...

3850 13:01 / 09.05.2020
Бандаларининг имкониқтидорини, феълатворини турлича яратган ва улар учун Ўзига етишишнинг сон саноқсиз йўлларини тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар давоми...

4877 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

129671 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

50322 14:35 / 11.08.2021