Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (112-дарс). Қорин ва фарж шаҳвати (биринчи мақола)

13:00 / 28.11.2020 6612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг йўлдан озишига, гуноҳларга гирифтор бўлишига кўпроқ қорин ва фарж шаҳвати кўйига тушиш сабаб бўлади. Бу икки шаҳват унга берилганларни доимо ҳалокатга олиб борган. 

Шунинг учун ҳам турли дин, фалсафа, тузум ва мафкураларда ушбу икки шаҳватнинг ёмонлигидан одамларни ҳимоя қилиш борасида уринишлар бўлган. Агар ўша ғайри исломий уринишларга назар солсак, натижалари кўнгилдагидек бўлмаганини кўрамиз. Баъзилари нуқсонга йўл қўйган, баъзилари ҳаддидан ошиб кетган.

Исломда эса бу масала илоҳий таълимот асосида мўътадиллик ила йўлга қўйилган. Мусулмон уламолар Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида қорин ва фарж шаҳвати ёмонлигидан одамларни ҳимоя қилишнинг энг фойдали услубларига далолат қилганлар. Бу ишда руҳий тарбия устозлари пешқадам бўлганлар.

Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айнан қорин шаҳвати сабаб бўлган. Қорин шаҳвати туфайли молга ўч бўлиш, фарж шаҳвати ва бошқа кўплаб бало-офатлар келиб чиқишини кўпчилик яхши билади.

Қорин шаҳватига берилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қатор ҳадиси шарифларида огоҳлантирганлар.

 عَنِ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَا مَلَأَ آدَمِيٌّ وِعَاءً شَرًّا مِنْ بَطْنِهِ، بِحَسْبِ ابْنِ آدَمَ أُكُلَاتٌ يُقِمْنَ صُلْبَهُ، فَإِنْ كَانَ لَا مَحَالَةَ فَثُلُثٌ لِطَعَامِهِ وَثُلُثٌ لِشَرَابِهِ وَثُلُثٌ لِنَفَسِهِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا كَانَ يَأْكُلُ أَكْلًا كَثِيرًا فَأَسْلَمَ، فَكَانَ يَأْكُلُ أَكْلًا قَلِيلًا، فَذُكِرَ ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنَّ الْمُؤْمِنَ يَأْكُلُ فِي مِعًى وَاحِدٍ، وَالْكَافِرَ يَأْكُلُ فِي سَبْعَةِ أَمْعَاءٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши жуда кўп таом ер эди. Бас, мусулмон бўлди ва оз таом ейдиган бўлиб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди. Шунда у зот:

«Албатта, мўмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса етти ошқозон ила ейди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. 

Уқба Росибийдан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Ҳасаннинг олдига кирсам, овқатланаётган экан. У менга:

«Кел!» деди.

«Ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўйиб олганман», дедим.

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон одам ҳам ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўядими?!» деди».

Баъзи бир зоҳидлар оз таом ейиш ва очликка чидашда муболаға даражасига ўтиб кетганлар. Бу эса нотўғри ва мўътадилликдан оғиш даражасига етган ишдир. Таомланишдаги мўътадиллик бир оз иштаҳа қолганда ейишдан тўхташдир. Бунда энг гўзал ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганларидир.

Мўътадил овқатланиш ила бадан соғ бўлади ва беморликнинг олди олинади. Сурункали кам овқат ейиш қувватни олади. Баъзи қавмлар таомини камайтиравериб, фарз амалларда ҳам нуқсонга йўл қўядиган бўлиб қолганлар. Ўзларича, жоҳилликлари туфайли буни фазилат деб ўйлаганлар. Аслида ундай эмас. Улуғларимиздан ким очликни мадҳ қилган бўлса, албатта, ўртача бўлишни кўзда тутган. Ўта тўйиб юришга одатланиб қолган кишиларнинг қорин шаҳватини синдириш бўйича риёзатлари қуйидагича бўлади: у одам вақт ўтиши билан оз-оздан таомини камайтириб боради. Аввал айтиб ўтилган мўътадиллик ҳолатига етганда тўхтайди. 

Зотан, ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бинобарин, ибодатдан ман қилмайдиган ва қувватнинг боқий қолишига сабаб бўладиган даражада таом емоқ энг тўғри йўлдир. 

Овқатланувчи очликни ҳам, тўйганликни ҳам сезмайдиган бўлсин. Ана ўшанда бадан соғ, ҳиммат жам ва фикр соф бўлади. Кўп овқатланиш уйқуни кўпайтиради, зеҳнни паст қилади ҳамда бошқа хасталикларга сабаб бўлади.

Шаҳватлардан баъзисини тарк қилаётган шахс риёкорликдан ҳазир бўлсин. Ўтган азизлардан баъзилари иштаҳаси тортган нарсани сотиб олиб, уйига илиб қўяр, ўзи унга тегмас ва шу иши ила зоҳидлигини беркитар эди. Мана шуни зоҳидлик дейдилар. Ўзи ичида зоҳидлик қилади. Аммо сиртда аксини кўрсатади. Бу сиддиқларнинг ишидир. Чунки у ўз нафсига сабр аччиғини икки марта ичиради. Иккинчиси аччиқроқ бўлади.

(Давоми бор)

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олинган озиқовқатлар бутунлай ҳалол бўлса ҳам, узлуксиз овқат еявериш меъдани қорайтиради, унга зарар етказади. Чунки тўқлик шаҳвоний ва ҳавойи истакларни давоми...

3367 18:00 / 02.11.2018
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади Эй иймон келтирганлар Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради, ёмонликларингизни ўчиради ва давоми...

2498 19:00 / 02.12.2023
Изоҳ Бу фаслда нафсни ҳисобкитоб қилишнинг муроқаба ва мушоҳада мақомлари ҳақида гап боради. Инсон бир амални бажаришида ҳар хил мақом даражаларга эга бўлади. давоми...

4605 05:00 / 01.03.2017
Ҳаёт учун зарур бўлган нарсалардаги зоҳидлик қуйидагилар 1. Таомдаги зоҳидлик. Бунда зоҳид очликни даф қилишга кифоя қилувчи ва баданига мувофиқ таом билан давоми...

3028 19:00 / 01.04.2023
Аудиолар

213071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132296 14:35 / 11.08.2021