Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 194-дарс. Ғазабни илм воситасида даволаш

19:00 / 30.07.2022 4180 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, жумладан, қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Манманлик.

2. Мазаҳ.

3. Ҳазил.

4. Масхара.

5. Айблаш.

6. Риёкорлик.

7. Алдамчилик.

8. Мансабпарастлик.

9. Дунёпарастлик ва бошқалар.

Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади.

Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади:

1. Ғазабни ютиш, афв қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш.

Молик ибн Авсдан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга:

«Эй мўминларнинг амири! «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дедим («Аъроф» сураси, 199-оят). Умар ўзига ўзи: «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дея бошлади.

У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп тааммул ва тадаббур қилар эди. Бир оз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди».

Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди-да, сўнг «…аччиғини ютадиганлар» оятини ўқиб туриб, ғуломига: «Уни қўйиб юбор!» деди.

2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш.

Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи: «Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра афв қилай, ўзим ҳам қиёмат куни афв қилинсам, ажаб эмас», дейди.

3. Ўзини ўзи адоват ва ўч олиш оқибатидан огоҳлантириш.

Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди.

4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш. Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Одамлар ғазабланган кимсани қутурган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин.

5. Ғазабни ютмасликка ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш.

Эҳтимол, шайтон унга «Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверасанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!» деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига ўзи: «Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!» дейиши керак.

6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган садоқат, содиқлик, ростгўйлик каби сўзлардан кўзланган маъно арабчада .сидқ, шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа давоми...

4596 05:00 / 28.02.2017
Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули Менга давоми...

5848 05:00 / 01.03.2017
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.Иккинчи даража хосларнинг давоми...

5297 15:48 / 18.04.2020
Нафснинг шаҳватлари фақат ёмонликдан иборат эмас. Улардан фойда ҳам бор. Таом шаҳвати бўлмаса, ғизо тановул қилинмас эди. Жинсий шаҳват бўлмаса, насл қирқилар эди. давоми...

4095 13:00 / 31.10.2020
Аудиолар

213071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132296 14:35 / 11.08.2021