Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (155-дарс). Эътиқодий ва амалий бидъатлар

18:30 / 09.10.2021 3971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бидъатни қоралаб, Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

ثُمَّ قَفَّيْنَا عَلَى آثَارِهِم بِرُسُلِنَا وَقَفَّيْنَا بِعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ وَآتَيْنَاهُ الْإِنجِيلَ وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً وَرَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيْهِمْ إِلَّا ابْتِغَاء رِضْوَانِ اللَّهِ فَمَا رَعَوْهَا حَقَّ رِعَايَتِهَا فَآتَيْنَا الَّذِينَ آمَنُوا مِنْهُمْ أَجْرَهُمْ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُونَ

«Сўнгра уларнинг ортидан расулларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига шафқат ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар – буни уларга фарз қилмаган эдик – фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир» (27-оят).

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргашганларнинг, у зотнинг даъватларини қабул қилганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солиб, уларни қўполлик ва раҳмсизликдан сақлади. Ийсо алайҳиссаломнинг бузилмаган, тўғри олиб борган даъватларига ихлос билан эргашганларда ушбу сифатлар мужассам бўлган.

Аммо Ийсо алайҳиссаломдан кейин кўп ўтмай, у зотнинг таълимотлари бутунлай бузилиб кетди. Бинобарин, мазкур икки сифат ҳам бузилиб, Ийсо алайҳиссаломга эргашганликни даъво қиладиганлар ичидан сон-саноқсиз бидъатчилар чиқди.

«Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар – буни уларга фарз қилмаган эдик – фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар».

Роҳиблик таркидунёчиликдан иборат бўлиб, русларда «монахлик» дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл аёллар монастирида оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар.

Қуръони Карим ушбу оятда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга бундай роҳибликни буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб, одат қилишганини эслатмоқда.

Уларнинг бидъат равишда ихтиро қилган таркидунёчиликлари кўпроқ қўшимча ибодат қилиш, дунёга қизиқмаслик, жамоатдан четда бўлиш, эътиборсиз кийимлар кийиш, фақат ўсимликлар билан овқатланиш ва оила қурмасликдан иборат эди. Улар ушбу ишларнинг барчасида хатоликка йўл қўйдилар.

Бидъатлар асл жиҳатидан икки хил бўлади:

1. Эътиқодий;

2. Амалий.

Эътиқодий бидъатлар ақийдага, амалий бидъатлар шариатга оиддир.

Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодда бўлганидир. Улар жуда кўп бўлиб, асосан аҳли сунна вал жамоадан ажраб чиққан турли тоифалар ўша бидъатлар туфайли йўлдан озганлар.

Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадан хабардор ҳамда аҳли сунна вал жамоа муҳитида яшаб юрган киши учун бидъатларни билиб олиш қийин эмас.

Дастлаб пайдо бўлган эътиқодий бидъатчи фирқалар тўрттадир.

1. Хаворижлар. Бу фирқа жоҳил парҳезкорлик, динда ҳаддан ошиш, эсипастлик, ҳақ аҳлига қарши ботил ила чиқиш, умумий ва бир-бирига ўхшаш матнларни маҳкам тутишга асосланган бўлиб, мусулмонларнинг бошига кўплаб бало-офатлар ёғилишига сабаб бўлган.

2. Муржиъалар. Бу фирқа хаворижларга қарши ҳаракат сифатида пайдо бўлган. Улар: «Иймон ила маъсият зарар қилмайди», деган фикрни ўзларига шиор қилиб олганлар.

3. Шийъалар. Бу фирқа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари хусусида ғулувга кетишга асосланган эди.

4. Мўътазилийлар. Бу фирқа шаръий матнларни таъвил қилишда ҳаддан ташқари кенг йўл тутган ва гумонли қоидаларни ишга солиш ила танилган эди.

Ҳозирги кунимизда ҳам ушбу тўрт тоифанинг фикрларидан баъзилари тез-тез тарқалиб, одамларни ташвишга солиб тургани сир эмас. Буларнинг таъсиридан чуқур илм ва илмда пешқадам уламолар йўлини маҳкам тутиш билангина соғ қолиш мумкин.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим зот сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эди. У киши илмни даъво қилиб, одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиганларга қарши эди. Уларни доимо таъқиб қилар, эътиқодий бидъатни қўзитмоқчи бўлганларни қаттиқ жазолар эди.

Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Субайғ Ироқий мусулмон аскарлар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.

Чопар мактубни олиб кирганида Умар уни ўқиб бўлиб:

«Бу одам қани?» деди.

«Юклар билан», деди у.

«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!»деди.

Уни олиб келди. Умар унга:

«Нималар ҳақида сўрайсан?» деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб одам юборди. Уни ўша билан уриб, орқасини яра қилди.

Кейин уни шу ҳолда қўйиб, тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни тек қўйиб, тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у:

«Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», деди.

У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди.

Бу иш ҳалиги одамга жуда ҳам оғир бўлди. Абу Мусо Умарга «Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. У ҳам ўз навбатида, «Одамларга у билан ўтиришга изн беравер», деб ёзди».

Бу одам Бану Тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди.

Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Авваллари у ўз қавмида саййид эди. Бундан кейин ҳақир бўлди.

Амалий бидъатларга келадиган бўлсак, хулоса тарзида қуйидагиларни айтишимиз мумкин. Мужтаҳид уламолар бидъатлигига иттифоқ қилган нарсалардан жуда эҳтиёт бўлиш ва яқинига йўламаслик керак.

Мужтаҳид уламоларнинг ўзлари бидъат ёки бидъат эмаслигида ихтилоф қилган нарсаларда кенгчилик бор.

 

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи кишилар гуноҳни беркитиш риё деб ўйлайдилар. Аслида эса ундоқ эмас. Риё қилмайдиган содиқ банда ўзидан маъсият содир бўлганда беркитса жоиз. Чунки Аллоҳ давоми...

3811 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таоло .Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана давоми...

4707 05:00 / 28.02.2017
Ҳақиқий ҳаё амру маъруф ва наҳйи мункардан ман қилмайди. Бу ҳақда .Фазуллоҳис Сомад, номли китобда қуйидагилар келган .Ҳаё соҳиби гоҳида ҳақ билан юзмаюз келишга давоми...

1614 19:00 / 10.05.2025
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафарга чиқдим. Бир давоми...

4602 05:00 / 11.03.2017