Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 жумадул аввал | 2025 йил 08 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (150-дарс). Осийлик амрларни тарк этишдир

19:00 / 21.08.2021 4481 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири осийликдир.

«Осийлик», «исён», «маъсият» сўзлари бир ўзакдан бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» деган маънони билдиради.

Уламолар истилоҳида «осийлик» Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир.

Бошқа бир таърифда айтилишича, осийлик амрларни тарк этишдир. Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилинган нарсаларни тарк қилиш ва Аллоҳ таоло амр қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган зоҳир ва ботин амалларни содир этмасликдир.

Осийлар икки хил бўлади:

1. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатдан ҳам бош тортади. Бу энг ёмони ҳисобланади.

2. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатларни ҳам адо этади. Бундай банда маъсиятига яраша жазо олади.

Маъсиятнинг катта ёки кичиклигига қараб унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради. Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди.

Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ҳазир бўлишга чақирган. У Зот Нисо сурасида марҳамат қилади:

وَمَن يَعْصِ اللّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا وَلَهُ عَذَابٌ مُّهِينٌ

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, У Зот уни мангу қолувчи бўлган ҳолида оловга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир» (14-оят).

Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, У кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда яшаш демакдир.

Демак, охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этмай, осийлик қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда албатта, хорловчи азоблар ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُّبِينًا

«Ҳеч бир мўмин ва мўмина учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди» (36-оят).

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради.

Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганда, мўмин киши хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ўзича бир иш қила олмайди. Бу мумкин ҳам эмас.

Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди».

Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар.

عَنِ ابْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَقَلَّمَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُومُ مِنْ مَجْلِسٍ حَتَّى يَدْعُوَ بِهَؤُلَاءِ الدَّعَوَاتِ لِأَصْحَابِهِ: «اللَّهُمَّ اقْسِمْ لَنَا مِنْ خَشْيَتِكَ مَا يَحُولُ بَيْنَنَا وَبَيْنَ مَعَاصِيكَ، وَمِنْ طَاعَتِكَ مَا تُبَلِّغُنَا بِهِ جَنَّتَكَ، وَمِنَ الْيَقِينِ مَا تُهَوِّنُ بِهِ عَلَيْنَا مُصِيبَاتِ الدُّنْيَا، وَمَتِّعْنَا بِأَسْمَاعِنَا وَأَبْصَارِنَا وَقُوَّتِنَا مَا أَحْيَيْتَنَا، وَاجْعَلْهُ الْوَارِثَ مِنَّا، وَاجْعَلْ ثَأْرَنَا عَلَى مَنْ ظَلَمَنَا، وَانْصُرْنَا عَلَى مَنْ عَادَانَا، وَلَا تَجْعَلْ مُصِيبَتَنَا فِي دِينِنَا، وَلَا تَجْعَلِ الدُّنْيَا أَكْبَرَ هَمِّنَا وَلَا مَبْلَغَ عِلْمِنَا، وَلَا تُسَلِّطْ عَلَيْنَا مَنْ لَا يَرْحَمُنَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камдан-кам ҳолларда бирор мажлисдан саҳобаларига ушбу дуоларни қилмасдан турар эдилар:

«Аллоҳим! Бизга бизни Сенга маъсият қилишдан тўсадиган қўрқув; бизни жаннатингга етказадиган тоат; бизга дунё мусибатларини енгил қиладиган қаттиқ ишонч насиб қилгин.

То тирик эканмиз, бизни қулоқларимиз, қўлларимиз ва қувватимиз ила ҳузурлантиргин ва буни биздан (кейингиларга ҳам) мерос қолувчи қилгин. Бизнинг ўчимизни бизга зулм қилганларга хослагин.

Бизга душманларимиз устидан нусрат бергин. Мусибатимизни динимизда қилмагин. Дунёни бош қайғумиз, илмимизнинг етган жойи қилмагин. Устимиздан бизга раҳм қилмайдиганни султон қилмагин».

Термизий ривоят қилган.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4409 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳга итоат этмоқ ndash унинг фарз қилганларини тўкис ҳарфмаҳарф адо этмоқ, ҳаромқилган нарсаларидан қочмоқ ва у чизиб берган чегарадан чиқмаслик давоми...

4127 17:08 / 23.11.2018
Яхшиликлар иймоннинг мевалари, яхши амаллар ишончнинг маҳсули, ўйин кулгу эса, шубҳанинг самарасидир. Эшитиш ва кўриш тақводорларнинг икки сифати. Кўрлик ва давоми...

4736 05:00 / 01.03.2017
Албатта, мусулмонларда барча илмлар қатори, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4636 20:05 / 31.12.2019