Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Инсон ғайбга иймон келтириш билан ҳайвондан ажралиб туради | Тазкия дарслари (253-дарс)

19:00 / 28.10.2023 3596 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَيُّ الْخَلْقِ أَعْجَبُ إِلَيْكُمْ إِيمَانًا؟» قَالُوا: الْمَلَائِكَةُ، قَالَ: «وَمَا لَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ وَهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ؟» قَالُوا: فَالنَّبِيُّونَ، قَالَ: «وَمَا لَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ وَالْوَحْيُ يَنْزِلُ عَلَيْهِمْ؟» قَالُوا: فَنَحْنُ، قَالَ: «وَمَا لَكُمْ لَا تُؤْمِنُونَ وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ؟ قَالَ: فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا إِنَّ أَعْجَبَ الْخَلْقِ إِلَيَّ إِيمَانًا لَقَوْمٌ يَكُونُونَ مِنْ بَعْدِكُمْ يَجِدُونَ صُحُفًا فِيهَا كِتَابٌ يُؤْمِنُونَ بِمَا فِيهَا». رَوَاهُ الْحَاكِمُ.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизнингча кимнинг иймони ажойиб?» дедилар.

«Фаришталарники», дейишди.

«Улар Роббларининг олдида туриб, иймон келтирмасалар қандай бўлади?» дедилар.

«Набийларники», дейишди.

«Уларга ваҳий тушиб туриб, иймонга кемасалар қандай бўлади?» дедилар.

«Бизники», дедилар.

«Мен ораларингизда туриб, иймон келтирмасаларингиз қандай бўлади?» дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен учун халойиқнинг ичида иймони ажойиби сизлардан кейин саҳифалардаги китобга иймон келтирган қавмлардир», дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

Инсон ғайбга иймон келтириш билан ҳайвондан ажралиб туради. Чунки ҳис қилиш аъзолари ёрдамида моддий таъсир этувчи нарсаларни идрок қилиш, уларга ишониш ҳайвонларда ҳам бор. Ғайбга иймон келтириш туфайли инсон ўзини ўраб турган ҳиссий дунёдан чексиз уфқли, кенг оламга чиқади.

Иккинчиси:

«намозни тўкис адо этадиган».

Яъни улар Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Роббига қул бўладилар. Банда намоз орқали Аллоҳ таолога боғланади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади.

Учинчиси:

«Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қиладиганлардир».

Тақводор мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё ўзи яратган нарса эмас, балки Аллоҳ таоло берган ризқдир. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ таоло берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. «Садақа» сўзининг «тасдиқ» маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор.

«Нафақа» умумий сўз бўлиб, «закот», «хайр-эҳсон», «садақа» каби маъноларни англатади.

«Ҳамда сенга нозил қилинган нарсага ва сендан олдин нозил қилинган нарсаларга иймон келтирадиган».

Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат – Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин нозил қилинган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса тақводорларнинг, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳ нозил қилган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ нозил қилган барча китобларга бирдек иймон келтиради.

Бу ҳол эса аслида башариятнинг китоблари ва набийлари бир эканининг аломатидир.

Бешинчи сифат:

«охиратга аниқ ишонадиган».

Яъни ҳеч шак-шубҳа қилмай ишонадилар. Охиратга ишониш инсонни тор дунёдан кенг дунёга чиқаради. Охиратга ишониш инсон ҳаёти имтиҳонларга тўла бу беш кунлик дунё билан тугамаслигига, келажакнинг узоқ эканига, ниҳоясиз яшаш олами бор эканига ишонишдир.

Ушбу беш сифат инсоният учун ниҳоятда зарур сифатлар бўлиб, ким шуларни ўзида мужассам қилса, Қуръон ҳидоятидан тўла баҳраманд бўлади.

Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўлган кимса эса икки дунё саодатига эришади. Шунинг учун ҳам келаси оятда мазкур беш сифатга соҳиб бўлганлар эришадиган натижанинг эълони келяпти:

«Ана ўшалар Роббларидан бўлган ҳидоят узрадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина зафар топувчилардир».

Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.

Аллоҳ таоло тақводор бандаларини шундай таърифлайди:

ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇﮈ

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўловчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир» (Бақара сураси, 177-оят).

Бу ояти каримада таводорликка олиб борувчи яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон.

2. Молу дунёсидан нафақа қилиш.

3. Намоз ўқиш.

4. Закот бериш.

5. Аҳдига вафо қилиш.

6. Сабр қилиш.

Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», деб таърифланмоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан: «Иймон нима?» деб сўраганида, у зот ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганида, яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини жамлаб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб бирлаштириб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди.

Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафснинг шаҳватлари фақат ёмонликдан иборат эмас. Улардан фойда ҳам бор. Таом шаҳвати бўлмаса, ғизо тановул қилинмас эди. Жинсий шаҳват бўлмаса, насл қирқилар эди. давоми...

4115 13:00 / 31.10.2020
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн. Абу Жаъфар давоми...

5440 05:00 / 01.03.2017
...Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган давоми...

14735 05:00 / 28.02.2017
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 560 сана, милодий 1165 санада Ревгарда таваллуд топганлар ва ҳижрий 660 сана, милодий 1212 санада ўша ерда вафот давоми...

6887 13:15 / 18.01.2019
Аудиолар

213524 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132734 14:35 / 11.08.2021