Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (66-дарс). Илм сени қўриқлайди, сен молни қўриқлайсан

20:04 / 04.01.2020 4231 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ الله ُعَنْهَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَبْتَغِي فِيهِ عِلْمًا سَلَكَ اللهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضَاءً لِطَالِبِ الْعِلْمِ، وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ حَتَّى الْحِيتَانُ فِي الْمَاءِ، وَفَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الْأَنْبِيَاءِ، إِنَّ الْأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلَا دِرْهَمًا، إِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَ بِهِ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитдим «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади.

Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Саҳоба ва улуғлардан илм ҳақида ривоят қилинган ҳикматлар жуда ҳам кўп. Улардан баъзиларини эсга оламиз.

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас, илм қўрқишнинг кўплигидир», деган экан.

2. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар экан.

3. Ибн Абдул Барр Ҳилол ал Варроқдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дер эди:

«Огоҳ бўлинглар! Энг содиқ гап Аллоҳнинг гапи. Энг гўзал ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидояти. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганлари.

Огоҳ бўлинглар! Илм одамларга уларнинг акобирларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар».

4. Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Илмни ўрганинглар ва одамларга таълим беринглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозеъли бўлинг. Уламоларнинг жабборлари бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди».

5. Абу Нуъайм ва бошқалар Кумайл ибн Зиёддан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, саҳро томонга олиб чиқди. Саҳрога чиққанимиздан кейин ўтириб, нафас ростлади ва қуйидагиларни айтди:

«Эй Кумайл ибн Зиёд! Қалблар идишлардир. Уларнинг яхшиси кўпни ўз ичига оладиганидир. Сенга айтадиган нарсаларимни ёдлаб ол.

Одамлар уч тоифадир: олими роббоний; нажот йўлини ўрганувчи; пасткаш, ғавғочи, ҳар кимга эргашувчи, ҳар шамолга мойил бўлувчи, илм нуридан зиё олмаган кимса.

Илм энг яхши молдир. Илм сени қўриқлайди, сен молни қўриқлайсан. Илм амал билан зиёда бўлади, мол сарфлаш билан ноқис бўлади.

Олимга муҳаббат қилиш лозим тутиладиган диндир. Илм туфайли олим ҳаётида тоат касб этади, вафотидан сўнг яхши ном билан эсланади. Молнинг қолгани эса у билан қўшилиб завол бўлади. Молларнинг хазиначиси ўлди, улар эса тирикдирлар.

Уламолар замон тургунича боқийдирлар. Таналари йўқолса ҳам, хотиралари қалбларда мавжуддир.

Албатта, мана бу ерда (қўли билан кўксига ишора қилди) илм бор, уни кўтарадиганларни топсанг эди! Ҳа, топилса ҳам, тез тушунадиган, аммо ишончсизи топилади. У динни дунё учун ишлатади. Ҳужжатларини Аллоҳнинг Китобига қарши, неъматларини бандаларига қарши ишлатади. Ёки аҳли ҳаққа эргашиб, ҳаётни қалб кўзи билан кўра олмайдигани топилади. Сал шубҳа пайдо бўлиши билан қалбида шак аланга олади. Ёки лаззатларга берилган, шаҳватларга жиловини тутқазгани топилади. Ёки молу дунё тўплашга ва уларни сақлашга мубтало бўлгани топилади. Улар ҳам дин даъватчилари эмас, кўпроқ далада ўтлаб юрган ҳайвонга ўхшайдилар. Бундай илм уни кўтариб юрувчиларнинг ўлими ила ўлади.

Ё Аллоҳ! Аллоҳнинг ҳужжатлари ва равшан далиллари ботил бўлмаслиги учун ер юзи Аллоҳнинг ҳужжати ила қоим бўлувчидан холи бўлмас. Уларнинг адади оздир. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги қадри улуғдир. Улар ила Аллоҳ Ўз ҳужжатларини олға сурур. Улар ўша(ҳужжат)ларни ўз тенгдошларига етказурлар ва ўзларига ўхшаганларнинг қалбларига экурлар.

Илм уларни ҳақиқатга етказур. Шунда улар бойваччаларга қийин кўринган нарсаларни енгил билурлар, жоҳиллар ўзини олиб қочган нарсага улфат бўлурлар. Улар баданлари билан дунёда бўлсалар ҳам, руҳлари аъло мақомларга боғлиқ бўлур.

Ана ўшалар Аллоҳнинг юртларидаги халифалари ва динига даъватчилардир.

Эй воҳ! Уларни кўришга шавқим келур! Ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтурман. Хоҳласанг, туриб кетавер!»

6. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу илм билан бирга амал ҳам бўлиши зарурлигини доимо таъкидлар эдилар.

Ибн Абдулбарр ва Дорақутний келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Эй илм ўрганганлар, унга амал қилинглар. Албатта, ҳақиқий олим илмни ўрганиб, кейин амал қилган ва амали илмига мувофиқ келган кишидир. Бир қавмлар бўлурки, улар илмни кўтарсалар ҳам, у бўғизларидан нарига ўтмас. Ичлари ташларига, илмлари амалларига хилофдир. Ҳалқаларни бир-бирларига кўз-кўз қилиш учун қурурлар. Ҳатто бир киши ўзиникини қўйиб, бошқанинг ҳалқасига ўтирганга ғазаб қилур. Уларнинг амаллари ўша мажлисларидан Аллоҳ азза ва жаллага кўтарилмас».

(Тамом)

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий ўттиз иккинчи сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу давоми...

2222 19:00 / 27.05.2023
Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳуБу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда давоми...

5835 17:00 / 08.02.2019
Илмнинг фойдалари сонсаноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Бу ўринда биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз1.Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга давоми...

4013 13:30 / 18.01.2020
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилинган шундай бир ҳадис бор Аллоҳ қўрқувидан кишининг вужуди ҳурпайган вақтда, дарахтдан япроқлар давоми...

3387 12:35 / 20.10.2018