Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (94-дарс). Умр кунлардан иборатдир

19:30 / 18.07.2020 4690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ الْجُهَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ قَعَدَ فِي مُصَلَّاهُ حِينَ يَنْصَرِفُ مِنْ صَلَاةِ الصُّبْحِ حَتَّى يُسَبِّحَ رَكْعَتَيِ الضُّحَى لَا يَقُولُ إِلَّا خَيْرًا غُفِرَ لَهُ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: «مَنْ صَلَّى الْغَدَاةَ فِي جَمَاعَةٍ ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللهَ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ كَانَتْ لَهُ كَأَجْرِ حَجَّةٍ وَعُمْرَةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ».

Муъоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунича ўтирса, яхшиликдан бошқа(нарса)ни гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинур», – дедилар.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида: «Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозни «салотуш-шуруқ» (ишроқ намози) дейилади. «Шуруқ» қуёш чиқишини билдиради. Саҳар чоғи ниҳоятда фазилатли чоғ экани ҳақида олдинги ўрганган ҳадисларимиздан ҳам кўплаб маълумотлар олганмиз.

Бу ҳадиси шарифда ҳам бомдод намози билан қуёш чиққунча бўлган вақтни Аллоҳ таолонинг зикри билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, шуруқ намозини ўқишга ҳам қизиқтирилмоқда.

Аввал айтилганидек, шуруқ намози чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намозидир. Ҳадисда бомдод намозини жамоат билан ўқишга тарғиб борлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Ушбу ҳадисга амал қилишимиз жуда ҳам зарурдир. Саҳар чоғи Аллоҳ таолонинг ибодати, зикри билан машғул бўлиш ўта фазилатли ишдир.

Юқорида зикр қилинган вақтда муриднинг вазифаси тўрт хил амалдан иборат: дуо, зикр, қироат ва фикр.

Наҳор(кундуз)нинг иккинчи вирди:

Бунинг вақти қуёш чиққанидан зуҳо вақтигачадир. Агар кундузни ўн икки соат деб оладиган бўлсак, унинг чораги уч соатдир. Бу вақт ҳам шарафли вақт бўлиб, унда бажариладиган икки вазифа бор.

Биринчи вазифа – зуҳо намозини ўқиш.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ حَافَظَ عَلَى شُفْعَةِ الضُّحَى غُفِرَ لَهُ ذُنُوبُهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссаллом: «Ким зуҳо (чошгоҳ) намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадисдан чошгоҳ намози ўқиш жуда ҳам савобли амал экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу намоз кўплаб ажру савоб, хайр-барака ва файзу футуҳга сабаб бўлиши таъкидланмоқда. Бу намознинг вақти қуёш чиқиб бўлганидан заволгача давом этиб, энг афзал вақти қуёш ерни қиздирган вақтидир. Ривоятларда чошгоҳ намози икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлиши зикр қилинади. Демак, ҳолат ва имкониятга қараб ушбу икки рақам орасидаги ададда чошгоҳ намозини ўқиса бўлаверади. Вақти оз одам икки ракъат ўқиса ҳам, чошгоҳ намозини ўқиган бўлади. Имкони кенг одам кўпроқ ўқиса, яна ҳам яхши. Энг муҳими, ўқиш керак.

Иккинчи вазифа – бемор кўриш, жанозада қатнашиш, илм мажлисида ҳозир бўлиш, мусулмоннинг ҳожатини чиқариш каби одамларга боғлиқ амаллар. Агар мазкур ишларни қилмаса, қироат ва зикр билан машғул бўлади.

Наҳорнинг учинчи вирди:

Зуҳодан заволгача. Бу вақтдаги вазифалар қуйидагилар:

Касб ва тирикчилик билан машғул бўлиш. Бозорга ва бошқа ерларга бориш. Агар тожир бўлса, садоқатли ва омонатли бўлсин. Ҳунарманд бўлса, ихлос ва қунт билан ишласин. Аммо зинҳор Аллоҳ таолонинг зикрини ёдидан чиқармасин.

Наҳор(кундуз)нинг тўртинчи вирди:

Заволдан пешинни ўқиб бўлгунча давом этади. У наҳорнинг энг қисқа вирдидир. Мурид муаззиннинг азонини эшитганда унинг айтганларини такрорлаб туради. Кейин пешин намозини суннатлари билан яхшилаб адо этади.

Наҳорнинг бешинчи вирди:

У юқоридаги вақтдан асргача давом этади. Унда зикр ва намоз билан машғул бўлиш мустаҳабдир.

Наҳорнинг олтинчи вирди:

Асрдан қуёш сарғайгунича давом этади. Аср намозини ўқигандан кейин биринчи вирдда баён қилинган тўрт қисм, яъни дуо, зикр, тиловат ва фикр билан машғул бўлинади. Бу вақтда фаҳм ва тадаббур ила Қуръон тиловат қилган афзал ҳисобланади.

Наҳорнинг еттинчи вирди:

Қуёш сарғайгандан то ботгунича бўлган вақтни ўз ичига оладиган бу пайт шарафли ҳисобланади.

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳи: «Наҳорнинг аввалидан кўра кечки пайтни кўпроқ улуғлашар эди», деган.

Бу вақтда тасбеҳ ва истиғфор айтиш мустаҳабдир.

Шом намози ила наҳорнинг вирдлари тугайди. Банда ўз ҳолини мулоҳаза ва нафсини муҳосаба (ҳисоб-китоб) қилсин. Батаҳқиқ, унинг йўлидан бир босқич тугади. Билсинки, умр кунлардан иборатдир ва унинг бирлари тугаши ила барчаси ҳам тугайди.

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳи: «Эй одам боласи! Сен кунлардан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, бир қисминг ўтган бўлади», деган.

Бугуни кечасига баробар бўлдими? Мурид шунга назар солсин. Агар кунни яхшилик ила ўтказган бўлса, уни муяссар қилган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Агар бошқача бўлса, тавба қилиб, йўл қўйган камчилигининг ўрнини кечаси тўлғазишга ҳаракат қилсин. Чунки яхшиликлар ёмонликларни ювади.

Жисмини соғ қилган ва нуқсонини тузатишга умр берган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Ўтган азизлардан баъзилари кунни садақа билан тугатиш, имкони борича яхшилик қилиш ҳаракатида бўлар эдилар.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
давоми. ,..Аллоҳумма Ижъал лии нурон фии қолбии, важъал лии нурон фии самъии, важъал лии нурон фии басории, важъал лии нурон ъан яминии ва нурон ъан давоми...

4059 15:00 / 15.12.2018
Аллоҳ таоло .Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана давоми...

4600 05:00 / 28.02.2017
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.Аввал ҳам таъкидлаб давоми...

5005 16:05 / 08.02.2020
Қуръони каримда зикр қилинган нафс ҳолатга қараб турли сифатларга эга бўлади.1. Гоҳида .хотиржам нафс, бўлиши мумкин.Аллоҳ таоло .Фажр, сурасида .Эй хотиржам нафс давоми...

11095 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

213180 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132400 14:35 / 11.08.2021