Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 28 жумадис сони | 2024 йил 30 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Етти ҳалок қилувчи нарсалардан сақланиш | Тазкия дарслари (311-дарс)

19:00 / 20 декабрь 626 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шаръий истилоҳда катта гуноҳлар «кабийра», кичик гунолар «сағийра» дейилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ

«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз» (Нисо сураси, 31-оят).

Бу ояти кариманинг маъноси «Катта гуноҳлардан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечириб, охиратда сизни жаннатга киритамиз», деганидир.

Кабийра гуноҳлар қайси гуноҳлар экани ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَمَا هُنَّ؟ قَالَ: «الشِّرْكُ بِاللهِ، وَالسِّحْرُ، وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللهُ إِلَّا بِالْحَقِّ، وَأَكْلُ الرِّبَا، وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ، وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ، وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етти ҳалок қилувчи нарсалардан четда бўлинглар!»  дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?» дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдириш, рибохўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, уруш куни ортга қараб қочиш, мўмина, ғофила, афийфа аёлларга бўҳтон тоши отиш», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ اسْتِطَالَةَ الْمَرْءِ فِي عِرْضِ رَجُلٍ مُسْلِمٍ بِغَيْرِ حَقٍّ، وَمِنَ الْكَبَائِرِ السَّبَّتَانِ بِالسَّبَّةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабийраларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил теккизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабийралардандир», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ أَوْ قَوْلُ الزُّورِ»، قَالَ: فَمَا زَالَ يَقُولُهَا حَتَّى قُلْنَا: لَيْتَهُ سَكَتَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга (гуноҳи) кабийраларнинг энг каттасининг хабарини берайми?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон шаҳодат ёки ёлғон гап», дедилар.

Ул зот тўхтамай айтавердилар, ҳаттоки биз «Қачон сукут қилар эканлар», дедик».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْكَبَائِرُ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон қасам гуноҳи кабийралардир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадислар турли муносабатларда келгани учун мақомига қараб айтилган.

Ушбу масалада уламоларимиз ҳам анчагина баҳс­лар юритишган. Улардан баъзилари: «Гуноҳи кабийра – уни қилган одамнинг дўзахга кириши Қуръон ёки ҳадисда тайин қилинган гуноҳлардир», дейдилар.

Иккинчилари: «Шариатда ҳаддни жорий этишни тақозо қилган гуноҳлар гуноҳи кабийрадир», дейдилар.

Бошқа бирлари эса: «Аллоҳ таоло ман қилган ҳар бир иш гуноҳи кабийрадир», деганлар.

«Талхийси шарҳи ақийдатут-Таҳовия» китобида бу ҳақда жумладан қуйидагилар келган:

«Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабийра – ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган ёки дўзахга киришга, лаънатга ва ғазабга сазовор қиладиган гуноҳлардир.

Гуноҳи сағийра эса бу дунёда ҳаддга лойиқ эмас, у дунёда дўзах, лаънат ва ғазаб ила қўрқитилмаган гуноҳлардир.

Юқоридаги таърифни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Ибн Уяйна ва Аҳмад ибн Ҳанбал айтганлар. Ушбу таъриф орқали гуноҳи кабийра билан гуноҳи сағийра орасидаги фарқни очиқ-ойдин билиб олиш мумкин».

Ўтган уламолардан баъзилари гуноҳи кабийралар ҳақида алоҳида китоблар ҳам тасниф қилганлар. Мисол учун, Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий гуноҳи кабийралар ҳақидаги китобларида етмишга яқин гуноҳни санаб ўтганлар.

Аллома Ибн Касир ўз тафсирларида уламолар гуноҳи кабийра сифатида зикр қилган гуноҳлардан баъзиларини мисол келтирганлар: ноҳақ одам ўлдириш, зино, баччабозлик, ароқ ичиш, ўғрилик, бос­қинчилик, бировни зинода айблаш, ёлғон гувоҳлик бериш, рибохўрлик, ёлғон қасам ичиш, қариндошлик алоқаларини узиш, ота-онага оқ бўлиш, жиҳоддан қочиш, етимнинг молини ейиш, ўлчов ва тарозида хиёнат қилиш, намозни вақтидан олдин ўқиш, намозни узрсиз вақтидан кейин ўқиш, пора олиш, эркак ва аёллар ўртасида қўшмачилик қилиш, закотни ман этиш, амри маъруф ва наҳйи мункарга қодир бўла туриб, бу ишни қилмаслик, Қуръон таълимотини унутиб юбориш, ҳайвонни ўтда куйдириш, эри яқинликни истаганида аёл кишининг сабабсиз рози бўлмаслиги, Аллоҳнинг раҳматидан ноумидлик, Аллоҳнинг макридан бепарволик, аҳли илм ҳамда ҳофизи Қуръонларга ёмонлик қилиш ва бошқалар.

Бундан кўриниб турибдики, аҳли салаф уламоларимиз мазкур гуноҳларни санашда ўзлари яшаб турган воқеълик таъсирида бўлганлар ёки баъзи бир кичик гуноҳларни ҳам катта гуноҳ ҳисоблаганлар.

Шунинг учун Қуръони Каримда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам гуноҳи кабийралар чегаралаб қўйилмаган. Чунки гуноҳи кабийралар вақтга, шароитга, жамиятга қараб хилма-хил бўлиб туради.

Мусулмон одам, исломий жамият, Аллоҳдан заррача бўлса ҳам қўрқувчи, қиёматдан умидвор шахс гуноҳи кабийрани ажратиб олиши қийин эмас.

Энг муҳими, «Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз» оятида келган умумий қоидани унутмаслик керак. Банда ўзини гуноҳи кабийрадан четга олса, қолган хато ва айбларини Аллоҳ таолонинг Ўзи мағфират қилади.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми, деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор. 1. Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, давоми...

3377 19:00 / 27.11.2021
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик давоми...

2328 00:00 / 23.10.2022
Саккизинчи ҳикмат Қачонки сенга Ўзини таниш йўлидан бирини очса, бас у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки, албатта, у йўлни сенга Ўзини танишингни хоҳлаб давоми...

3533 05:00 / 01.03.2017
Ибодат маъносини тўғри тушуниб, ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, барча ишимиз давоми...

2341 19:00 / 17.12.2022