Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (59-дарс). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ибрат тимсолидир

15:30 / 16.11.2019 6392 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин-мусулмон сунний тасаввуфни йўлга қўяр экан, фақат муридчиликдан иборат эмаслигини англаб етмоғи лозим. Зеро, шайхга келиб қўл бериш ва баъзи вирдларни вазифа қилиб олиш билан иш тугаб қолмайди.

Сунний тасаввуф бошдан-оёқ руҳий тарбиядир. Унда Қуръон ва Суннат асосида кишиларнинг руҳий олами, одоб-ахлоқи, ибодатларидаги хушуъ ва хузуълари тартибга солинади. Кундалик вирдлар фақатгина бошланғич қадам, холос. Қолаверса, янги йўлга кирган муриднинг вирди билан йиллар давомида соликлик қилган шахснинг вирди орасида фарқ бўлиши керак.

Аммо диннинг барча соҳаларида бўлгани каби, тасаввуфда ҳам ўртача бир йўлдан – васатийликдан муболағага кетмаслик лозим. Албатта, солик учун фақат ўз шайхи эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ибрат тимсолидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ила хулқланиш соликнинг ҳам, тариқат шайхининг ҳам асосий истаги, мақсади бўлиши керак. Аммо айрим мустаршиду муридлар бу борада шу қадар муболағага борадиларки, уларнинг бир-бирларининг таърифларидаги гапларидан «Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам маъсумроқмикан», деб ўйлаш мумкин. Бу ҳақда қуйидаги ҳадиси шариф ғоятда ибратлидир:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: صَنَعَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم شَيْئًا، فَرَخَّصَ فِيهِ، فَتَنَزَّهَ عَنْهُ قَوْمٌ، فَبَلَغَ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم، فَخَطَبَ فَحَمِدَ اللهَ، ثُمَّ قَالَ: «مَا بَالُ أَقْوَامٍ يَتَنَزَّهُونَ عَنِ الشَّيءِ أَصْنَعُهُ، فَوَاللهِ إِنِّي لَأَعْلَمُهُمْ بِاللهِ وَأَشَدُّهُمْ لَهُ خَشْيَةً». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарса қилдилар. Унда рухсат бердилар. Қавм у нарсадан ўзини олиб қочди. Бу (гап) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамд айтганларидан сўнг:

«Қавмларга нима бўлдики, мен қилган нарсадан ўзларини олиб қочадилар?! Аллоҳга қасамки, мен уларнинг Аллоҳни энг яхши танувчисиман ва У Зотдан энг кўп қўрқувчисиман», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ҳадисга ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилган ва рухсат берган амалларидан парҳез қилган одамлар ўзларини шариат соҳибидан ҳам тақводор санайдиларми? Астағфируллоҳ, бу гап ҳеч бир мантиққа тўғри келадими?

Тўғри, зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли бир мақомидир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ва у зотнинг ўзлари «ҳар бири йўлчи юлдуз» дея таърифлаган саҳобаи киромларининг ҳаёт тарзидан бизга маълум бўладики, зоҳидлик таркидунёчилик эмас. Шунинг учун ҳам ҳаёт учун зарур бўлган таом, кийим, маскан ва ҳаттоки мол-дунё ҳам зоҳидликни ошкора қилиш учун восита бўлмаслиги лозим.

Аслида зоҳидлик пинҳоний бир ҳолат бўлиб, ҳар қанча неъматга кўмилганда ҳам масрур бўлмай, шукрини чиройли тарзда адо этиш ва неъмат йўғида махзун бўлмаслик ҳақиқий зоҳидликдир.

Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида яна шуни айтишимиз мумкинки, ким Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзи жорий қилган шариатдан бошқа йўл билан қурбат ҳосил этишга ҳаракат қилса, шубҳасиз, адашган бўлади. Чунки бу нарса динда ғулувга кетиш ҳисобланади.

Имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», деганлар.

Ва бу ҳақда Абу Солтдан шундай ривоят қилинади:

«Бир киши Умар ибн Абдулазизга мактуб ёзиб, қадар ҳақида сўради. У эса қуйидаги жавобни ёзди:

«Аммо баъду: Сенга Аллоҳга тақво қилишни, Унинг амрида мўътадил бўлишни, Набийининг суннатига эргашишни ва бидъатчилар янгитдан пайдо қилган нарсаларни тарк этишни тавсия қиламан.

Ўзингга суннатни лозим тут. У Аллоҳнинг изни ила сен учун исматдир. Сўнг билки, одамлар ҳар қандай бидъатни чиқарсалар ҳам, албатта унинг далили ёки ибрати ўзидан олдин келган бўлади. Суннатни эса унга (яъни суннатга – муал.) хилоф қилиш хатолигини, тойилиш эканини, аҳмоқлик ва чуқур кетиш эканини яхши билган зот жорий қилгандир.

Шундай экан, ўша қавм ўз нафсига рози бўлган нарсага сен ҳам рози бўлгин. Улар илмга асосланганлар, ўткир назар ила қараганлар. Улар ишларни кашф қилишда қувватли бўлганлар ва ўзлари доим бўлган фазлга ҳақлироқдирлар. Агар ҳидоят сиз турган нарсада бўлса, унга улардан олдин эришган бўласизлар. Агар «Бу улардан кейин пайдо бўлган» десангиз, албатта, уни уларнинг йўлига эргашмаган ва улардан юз ўгирганлар пайдо қилган бўлади.

Аслида эса аввалгилар ўзувчилардир. Улар бу ҳақда кифоя бўладиган гапни айтиб ва шифо бўладиган васфни қилиб бўлганлар. Улардан паст бўлганлар камчиликка йўл қўйганлардир. Улардан устун бўлмоқчи бўлганлар ҳасратга учраганлардир. Батаҳқиқ, бир қавмлар улардан паст бўлдилар ва жафочи бўлдилар. Бошқа бирлари улардан юқори бўлишга тама қилдилар ва ғулувга кетдилар. Улар эса иккисининг ўртасида, сиротул мустақиймда эдилар».

Диндаги ғулув ҳам турлича бўлади. Бунинг энг ёмон тури етарли илми бўлмаса ҳам, Қуръонни ўзича тушуниш, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир.

Яна бир тури эса тасаввуфни шариатдан устин қўйиш, ўзи қўл берган пирига кўр-кўрона эргашиш, ҳатто унга сиғиниш даражасида (астағфируллоҳ!) эътиқод қилишдир.

Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқдир. Аммо диний билимлардан анчагина бохабар одамларнинг ҳам баъзан ғулувга кетиб қолишлари, назаримизда, улуғ Аллоҳнинг синови, Аллоҳ изн берган шайтоннинг васвасаси оқибатидир.

Бинобарин, тасаввуф ҳақида баҳс юритганимизда, етмишдан ортиқ фирқага бўлинган мусулмонлар орасида тафриқа бўлгани каби, юзлаб тариқатлар ҳам айнан бир хил тўғри йўлда эмаслигини, бузилган, адашган тариқатлар ҳам борлигини билиб қўйишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз лозим.

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биринчидан, кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш давоми...

3147 17:00 / 31.07.2021
1530 йилларда Афғонистон ва Ҳиндистоннинг баъзи ҳудудларига Шерхон номли адолатли подшоҳ ҳукмронлик қилган. У кишининг ҳукмронлик вақтида қўшинлари мамлакат давоми...

7268 17:16 / 06.06.2017
.Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз,.Шарҳ Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан давоми...

4037 16:00 / 29.06.2019
. ,. . .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон одамларга аралашмайдиган ва озорларига давоми...

1179 19:00 / 05 май