1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сафар ойи

11:00 / 05.08.2024 3127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида “сафар ойида сафарга чиқса, тўй қилса бўлмасмиш” каби гаплар айланиб қолади. Ушбу гаплар диний маънода бўлиши ҳам турган гап. Чунки уларнинг замирида сафар ойида сафар  қилса, офатга дучор бўлармиш, тўй қилса, оиласи бахтсиз бўлармиш, деган эътиқод ётади. Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам сафар ойидан шумланиш одати бор эди.
Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар. Жобир розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Касаллик юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ», дедилар». (Муслим ва Абу Довуд ривояти).
1. «Касаллик юқиши йўқ». Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш нозик нарсаларга алоҳида эътибор берилган.
2. «Ғул» йўқ. Ғул жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб кетиб, турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди.
3. «Сафар йўқ». Жоҳилият аҳлининг сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақидалари бор эди. Ислом бундай бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этиб, ой-кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолоники эканини эълон қилди.
Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига зид равишда, бу ой Исломда «сафарул хайр» – «сафар яхшилик» деб номланди.
Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид равишда Исломда кўпгина ишлар айнан шу ойда бошланди. Масжиди набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди.
Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ, мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом бу ойда сафарга чиқиб, Хайбарни фатҳ қилдилар.
Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ, мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. «Туҳфатул Муҳтож фии шарҳил Минҳож» номли китобда ва бошқа манбаларда Имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
Зикр аҳлидан сўранг
Мавзуга оид мақолалар
Масламадан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз вафот этган куни унинг ҳузурига кирдим. Абдулмаликнинг қизи Фотима унинг бош тарафида ўтирар эди. У мени кўриб, давоми...

1847 08:00 / 06.12.2019
Саро ибн Яҳёдан ривоят қилинади .Бир хуросонлик киши Басрада яшаш учун борбудини сотди. Пули ўн минг дирҳам бўлди. Басрага келгач, хотини билан ҳаж қилиш учун давоми...

4100 08:00 / 21.12.2019
Қироат имомларидан бири имом Кисоийнинг дарс ҳалқасида одамлар кўпайиб кетди. Уларни жамлаб Қуръонни уларга мукаммал ўқиб берди. Кисоий уларга Қуръонни ўзининг давоми...

3221 12:40 / 24.01.2022
Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Шу билан бирга, давоми...

6420 14:02 / 26.06.2019