Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳ таолога шундай ражо қилгинки... | Тазкия дарслари (250-дарс)

19:00 / 08.10.2023 3772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фарзандларидан бирига:

«Болагинам! Аллоҳ таолодан шундай хавф қилгинки, агар сен Унинг ҳузурига ер аҳлининг барча ҳасанотларини олиб борганингда ҳам, уларни сендан қабул қилмаслиги мумкин, деб билгин.

Аллоҳ таолога шундай ражо қилгинки, агар сен Унинг ҳузурига ер аҳлининг барча гуноҳларини олиб борганингда ҳам, уларни сендан мағфират қилади, деб билгин», деганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

Агар бир нидо қилувчи осмондан нидо қилиб:

«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз жаннатга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам эмасмиканман, деб хавф қиламан.

Агар бир нидо қилувчи нидо қилиб:

«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам бўлсам, деб ражо қиламан», деганлар.

Лекин ҳозирда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даражасидаги одамлар қани? Ҳозирги замоннинг одамлари учун хавф муносибдир.

Шарти шуки, мазкур хавф ўз эгасини ноумидлик, мағфиратни орзу қилмаслик руҳиятига солиб, амални тарк қилиш даражасига олиб бормасин. Бундай ҳолат ўз эгасини шаръий амалларни қилмасликка ва маъсиятларни тап тортмай қилишга олиб боради. Бу эса хавф эмас, балки умидсизликдир.

Хавф эса амалга чорловчи, шаҳватларни жиловловчи, қалбни дунёга берилишдан қайтарувчи ва алдамчи ғурурни тарк қилишга чақирувчи кучдир.

Ўлимга кўзи етгунча бўлган даврда хавфнинг ғолиб бўлиши муносибдир. Ўлимга кўзи етгандан кейин эса ражо ва яхши гумон муносибдир. Чунки хавф амалга боис бўладиган қамчи каби нарсадир. Ўлим келгандан кейин эса амалнинг вақти тугайди. Бу пайтдаги хавф қалбга зарар қилади.

Аммо ражо руҳи унинг қалбига қувват беради ва Роббига бўлган муҳаббатини кучлантиради. Аллоҳ таолога муҳаббат қилган ҳолда бу дунёни тарк этиш улкан саодатдир.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْأَنْصَارِيِّ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ قَبْلَ مَوْتِهِ بِثَلَاثَةِ أَيَّامٍ، يَقُولُ: «لَا يَمُوتَنَّ أَحَدُكُمْ إِلَّا وَهُوَ يُحْسِنُ الظَّنَّ بِاللهِ عَزَّ وَجَلَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан уч кун олдин:

«Сиздан бирортангиз Роббига яхши гумонда бўлмасдан ўлмасин!» деганларини эшитдим».

Муслим ривоят қилган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлими олдидан ўғлига:

«Менга ражо ва яхши гумон ҳақидаги хабарларни зикр қил», деганлар.

Сулаймон Таймий ўлими олдидан ўғлига:

«Болагинам! Менга рухсатлар ҳақида гапир! Менга ражони зикр қил! Токи Роббимга яхши гумон қилган ҳолимда рўбарў бўлай», деган.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гуноҳни оғир билишинг Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумондан сени тўсадиган даражага етмасин. Албатта, ким Роббини яхши таниса, У Зотнинг карами олдида гуноҳларини давоми...

3763 05:00 / 06.03.2017
Уйқунинг одобларидан бири ndash таҳорат билан ётиш.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлганларида емоқ ёки ухлашни давоми...

6839 13:32 / 25.07.2020
Мақолага сарлавҳа қилиб олинган бу уч маънавий жиноят бирбирлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бунга ажабланиш керак эмас. Зотан, барча маънавий жиноятлар давоми...

5115 05:00 / 28.02.2017
Маҳзунлик йилиАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

5460 18:30 / 14.03.2017