Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (91-дарс). Субҳ — шарафли ва баракали вақтдир

13:30 / 27.06.2020 5669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вирдлар тонг саҳардан бошланади. Субҳ чоғи шарафли ва баракали вақтдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Таквир сурасида субҳ ила қасам ичган:

«Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам» (18-оят).

Уйқудан уйғонган мурид Аллоҳ таолони зикр қилмоғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқимоғи лозим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонган вақтларида: «Бизни ўлдирганидан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва тўпланиш Унинг Ўзигадир», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бомдодга таҳорат қилгандан кейин қуйидаги ҳадисда келган дуо ўқилади:

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кеч кирса, «Амсайна ва амсал мулку лиллааҳи, вал ҳамду лиллааҳи, лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Робби асъалука хойра маа фии ҳазиҳил лайлати ва хойра маа баъдаҳаа ва аъуузу бика мин шарри маа фии ҳазиҳил лайлати ва шарри маа баъдаҳаа. Роббии аъуузу бика минал касали ва суъил кибари. Роббии аъуузу бика мин азабин финнари ва азабин фил қабри», дер эдилар.

Субҳ бўлганда «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллааҳи», деб худди шуни айтар эдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Дуонинг маъноси: «Кечга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб кечга кирди. Ҳамд Аллоҳга бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк уники ва ҳамд Уники ва У ҳар бир нарсага қодирдир.

Роббим! Сендан ушбу тундаги нарсанинг яхшилигини ва ундан кейинги нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан ушбу тундаги нарсанинг ёмонлигидан ва ундан кейинги нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.

Роббим! Сендан дангасаликдан ва қариликнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим Сендан дўзахдаги азобдан ва қабрдаги азобдан паноҳ сўрайман».

«Тонгга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб тонгга кирди». Тонгда «асбаҳна», кеч кирганда «амсайна» деб ўқилади.

Ушбу ривоятда келган дуони яхшилаб ёд олиб, эрталаб ва кечқурун, аниқроғи бомдод ва шом намозларидан кейин, доимий равишда ўқиб юришга одатланиш лозим.

Тонгда қуйидаги дуо ҳам ўқилади:

Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Бисмиллааҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас-самийъул алийм»ни уч марта айтса, кечқурун бўлгунча унга тўсатдан келадиган бало етмайди», деганларини эшитдим».

«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Демак, ким ихлос билан ушбу ҳадиси шарифда келган дуони ўқиб юрса, унда берилган ваъдадан баҳраманд бўлар экан. Бунга эътиқод ва амал қилишга одатланмоғимиз керак.

Дуонинг маъноси қуйидагича: «Исми бирга бўлганда еру осмонда ҳеч нарса зарар қилмайдиган Аллоҳнинг номи ила. У Зот ўта эшитувчи ва ўта кўрувчидир».

Кейин қуйидаги ҳадисда келган дуо ўқилади:

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ва кечқурун: «Розийнаа биллааҳи роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин Расулан», деса, албатта, Аллоҳ учун уни рози қилиш ҳақ бўлур», дедилар».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб ва Муҳаммадни Расул деб рози бўлдик».

Бомдоднинг фарзини ўқиб бўлганидан сўнг, чўккалаб ўтирган ҳолида, гапирмай туриб ўн марта ушбу ривоятда келган матнни ўқийди:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапиришидан олдин ўн марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр», деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса».

Термизий ривоят қилган.

Кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.

2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.

3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.

4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.

5. Шайтондан сақланур.

6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас. Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, мустасно. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон қироати самаралари ва фойдаларини ҳисобламоқчи бўлсак, бунинг чекичегараси кўринмайди. Улар жуда ҳам кўп бўлиб, ҳадисларда ўз аксини топган, уламоларимиз давоми...

4035 13:01 / 09.05.2020
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган давоми...

4213 14:00 / 21.03.2020
Ким сени икром қилса, У Зотнинг сендаги гўзал сатрини икром қилади. Бас, мақтов сени сатр қилган Зотгадир, сени икром қилган ва сенга ташаккур айтган шахсга давоми...

5409 20:38 / 05.07.2017
Изоҳ Бу фаслда нафсни ҳисобкитоб қилишнинг муроқаба ва мушоҳада мақомлари ҳақида гап боради. Инсон бир амални бажаришида ҳар хил мақом даражаларга эга бўлади. давоми...

3702 05:00 / 01.03.2017