Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (19-дарс). Тариқат силсиласи (давоми)

17:00 / 08.02.2019 5762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳу

Бу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда бўлган.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи заиф вужудли, оппоқ рангли ва сийрак соқолли зот эдилар. У киши ўз замоналарида тақво ва илмда тенги йўқ шахс эдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг набиралари, яъни қизларининг ўғли бўладилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ёшликларида ўз-ўзларидан ибодат, тақво ва зоҳидликка берилган эдилар. Кейинчалик ўзларига бир муршиди комил зарур эканини англаб етдилар. Ўша муршид хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг турган жойларини излаб, сафарга чиқдилар. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бундан хабардор бўлиб, у кишини кутиб олгани бир жониворга миниб, шаҳар ташқарисига чиқиб турдилар. Улар бир дарахтзорда учрашдилар ва уловларидан тушиб, сўрашиб, ўша ернинг ўзида маънавий дарсни бошладилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳининг шахсида ўта қобилиятли шогирдни кўрдилар. У кишига катта аҳамият билан дарслар бердилар. Тез орада сайри сулук дарслари ҳам охирига етди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳига иршод учун ижозат ва рухсат бердилар.

Шу тариқа хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг биринчи халифалари бўлдилар. Сўнгра дуолар қилиб, бир-бирларидан айрилишди. Бу уларнинг биринчи ва охирги ўзаро мулоқотлари эди.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонларининг буюк олими, адиби, шоири, орифи, ошиғи бўлиш шарафига муяссар бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 936 санада Бадахшда вафот топдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан олганлар.

Дарвеш Муҳаммад қуддиса сирруҳу

Бу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 970 сана, милодий 1562 санада Дасфирорда бўлган.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, гўзал юзли, буғдой рангли ва оқ соқолли бир зот эдилар. У кишининг аъзолари келишган ва ғоятда мутаносиб эди.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ҳар бир киши осон тушунадиган тилда содда ва равон сўзлайдиган олим эдилар. У киши-да хожа Муҳаммад Зоҳид ҳазратларига шогирд тушиш иштиёқи пайдо бўлди. Шу иштиёқ ила бориб, ўз устозларидан кўп нарсаларни ихлос билан ўргандилар. Барча илмларни пухта ўрганганларидан кейин у кишининг халифаларидан бирига айландилар.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи муридни тарбия этишда фавқулодда бир маҳорат соҳиби эдилар.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

Хожа Муҳаммад Имканагий қуддиса сирруҳу

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 918 сана, милодий 1512 санада Самарқанднинг Имкана деган жойида таваллуд топганлар. У кишининг вафотлари ҳижрий 1008 сана, милодий 1599 санада ўзлари туғилиб ўсган юртда бўлган.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи қорамтир рангли, нурли юзли ва оз соқолли зот эдилар. «У киши денгиз каби файзга молик эдилар», дейишади тарихчилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталари Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг халифалари эдилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи зоҳир ва ботин илмларни ҳамда тарбия усулларини ўз оталаридан олдилар. У киши ўз ҳолларини одамлардан беркитар эдилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи туғма дарвеш эдилар. У кишининг ишлари ва ҳаётлари мунтазам равишда ташкил қилинган эди. Ул зотга яқин бўлган ҳар бир киши файзларидан баҳра олар эди.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1008 санада Имканада вафот этдилар. У киши ўз вафотларидан олдин халифаларига васият қилиб, ҳар бир нарсани аниқлаб берганлар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини ўз оталари Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

Хожа Муҳаммад Боқий қуддиса сирруҳу

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 973 сана, милодий 1565 санада Афғонистоннинг Кобул шаҳрида туғилганлар ва ҳижрий 1014 сана, милодий 1606 санада Деҳлида вафот этганлар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, соқоли оз ва соқолларига бир оз оқ оралаган зот эдилар. У киши ҳар замонда узлат ва риёзатни ёқтириб қолар эдилар. Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи оз еб, оз ухлар, оз гапирар ва кечаю. кундуз Қуръони карим ила машғул бўлар эдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғларидаёқ ўзларининг киндик қонлари тўкилган Кобулдан ўша вақтда ер юзининг сайқали бўлган Самарқандга ўз устозлари мавлоно Муҳаммад Содиқ Ҳалвоий раҳматуллоҳи алайҳи билан бирга ҳижрат қилиб келганлар. У киши бу ерда зоҳир ва ботин илмларини пухта эгалладилар ҳамда татбиқ этдилар. У киши жуда ҳам гўзал ахлоқ соҳиби эдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи Хожагий Муҳаммад Имканагий ҳазратларидан маънавий дарслар олганлар. У киши кечаси кўп Қуръон ўқир ва ибодат қилар эдилар. Бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг қуёш чиққунга қадар Йаасийн сурасини тиловат қилар эдилар. Қуёш чиққанда эса: «Ё Аллоҳ! Кечалар қанчалар тез ўтади-я!» дердилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи жуда ҳам ҳалол зот эдилар. У киши хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ва хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг руҳониятларидан кўп фойда олган ва файзларини орттирган эдилар. Шунинг учун у киши Увайсий деб ҳам аталади.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида эдилар. У киши иккинчи минг йилликнинг мужаддиди бўлган Имоми Роббонийдек зотни тарбиялаб етиштирдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи қирқ бир ёшларида вафот топдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган давоми...

4141 14:00 / 21.03.2020
86. Вафот этганингда quotЖасад қаердаquot дейишади. Жаноза намози асносида quotЖанозани олиб келингларquot дейишади. Дафн этишаётганда quotМаййитни олиб келингларquot давоми...

5160 10:13 / 22.03.2017
Ётишдан олдин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб ётилади.Бу кечаси туриб таҳажжуд ва витр ўқийдиганлар учун. Кечаси тура олмайдиганларнинг охирги намози витр бўлиши давоми...

2474 15:00 / 06.12.2018
Аллоҳ таоло .Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана давоми...

3821 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

135048 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55323 14:35 / 11.08.2021