Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (83-дарс). Қуръонни кўтарган Ислом байроғини кўтарувчидир

13:54 / 02.05.2020 3709 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: «Қуръонни кўтарган одамлар ухлаганда кечаси бедорлик билан, одамлар оғзи очиқ юрганда кундузи рўзадорлик билан, одамлар кулганда йиғиси билан, одамлар хурсанд бўлганда маҳзунлиги билан, одамлар маҳмадоналик қилганда жим туриши билан, одамлар гердайганда хушуъси билан танилмоғи лозим. У ғофил, бақироқ ва тез бўлмаслиги керак».

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Қуръонни кўтарган Ислом байроғини кўтарувчидир. У Аллоҳ таолони улуғлаш учун беҳуда сўзловчи билан беҳуда сўзлашмаслиги, унутувчига қўшилиб унутмаслиги, бемаза ила бемазалик қилмаслиги керак. Унинг бировда ҳожати бўлмасин, бировларнинг унда ҳожати бўлсин».

 

Қуръон тиловати одоблари

Қуръони Карим қироатининг ўзига яраша одоблари бор. Улардан баъзиларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан билиб оламиз. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар. Мен:

«Ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.

Охири бориб у зот:

«Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шу ҳадиснинг маъносидан келиб чиқиб, оддий мўмин-мусулмон кишига Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.

Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар, яхши бўлади. Бундан оз муддат хатм учун камлик қилади. Чунки шошилиб хатм қиламан деб, ҳарфларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай, камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай?» дедим.

«Уни бир ойда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни йигирма кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни ўн беш кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни ўн кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни беш кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим.

Ул зот менга рухсат бермадилар». 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса, яхши англамабди», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Қуръони Каримни хатм қилиш муддатларининг энг ози етти, беш ёки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади. 

Қуръони Каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам, уч кундан озга рухсат йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар.

Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:

1. Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.

2 Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.

3. Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозеъ билан ўтириши керак.

4. Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки бошқа мутакаббир сифатида ўтирмаслиги керак.

5. Қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқишидир.

6. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганида қироат қилади.

7. Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб, баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.

8. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб, тартил ва тажвидни бузмаслиги лозим.

9. Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий шахс бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.

10. Қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кунда бир марта хатм қилиши лозим.

11. Хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръони Каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир», деган. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилса, аҳли аёлини жамлаб дуо қилар эди.

12. Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.

13. Қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.

14. Баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.

15. Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам, унга қараб ўқиб турмоғи лозим.

16. Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У Зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.

17. Қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилинган. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор бўлиб, уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир. Мадҳ қилувчидаги давоми...

3120 11:15 / 18.04.2021
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло коинот ишларини жуфтлик асосида ташкил қилган. Ҳар бир нарса ўзига мувофиқ ёки зид келувчи жуфтига эгадир. Масалан, ернинг жуфти осмон, давоми...

3290 05:00 / 01.03.2017
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик давоми...

2322 00:00 / 23.10.2022
Сенга кафолат берилган нарсага тиришиб ҳаракат қилишинг ва сендан талаб қилинган нарсада сусткашлик қилишинг, сендаги қалб кўзининг кўр бўлиб қолганига давоми...

3425 05:00 / 01.03.2017