1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ҳусни хулқнинг аломатлари

05:00 / 28.02.2017 4031 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гоҳида мурид жидди жаҳд қилиб, маъсиятларни тарк қилиб, хулқини сайқалланганини ва энди мужоҳадага ҳожат қолмаганини гумон қилиши мумкин. Аслидан эса, ундоқ эмас. Ҳусни хулқ мўминларнинг бир қанча сифатларининг мажмуасидан иборат.

Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни мазкур сифатлар ила сифатлаган:

У зот «Анфол» сурасида: «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир», деган (2–4-оятлар).

У зот «Тавба» сурасида: «Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» деган (112-оят).

У зот «Мўминун» сурасида:  «Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир. Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир. Ана ўшалар ворис бўлгувчилардир», деган (1–10-оятлар).

У зот «Фурқон» сурасида: «Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир. Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказурлар. Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир.  Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир.

Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар. Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб) да хор бўлиб абадий қолур.

Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар.

Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар. Уларга Роббиларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар.

Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир. Ана ўшалар сабр қилганлари учун «ғурфа» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар. Улар ўшанда абадий қолурлар. У қандай ҳам гўзал қароргоҳ ва манзилдир.

Сен: «Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас. Бас, батаҳқиқ, сиз ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга (азоб) лозим бўлур», деб айт», деган (63-77-оятлар).

Кимга ўзининг ҳоли ноаниқ бўлиб қолса ушбу оятларга солиб кўрсин. Мазкур сифатларнинг ҳаммасининг борлиги ҳусни хулқнинг аломатидир. Агар мазкур сифатларнинг баъзиси бўлиб баъзиси бўлмаса, борини сақлаб йўғини пайдо қилиш ҳаракатида бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни бир қанча сифатлар билан сифатлаганлар. Уларда ҳусни хулқни баён қилиб берганлар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.  


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин.  Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, силаи раҳим қилсин.
Бошқа бир ривоятда: “Қўшнисини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дейилган
». 

Тўртовлари ривоят қилган.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дедилар».

Термизий, Муслим ва Бухорий ривоят қилган.

Бухорийнинг лафзида:«Албатта, сизнинг энг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир», дейилган.

Ўзига етган озорларга сабр қилиш ҳам ҳусни хулқдандир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга гапирдилар ва сўнгра ўринларидан турдилар. Биз ҳам турдик. Шу пайт у зотга яқинлашиб келган аъробийга назаримиз тушди. Аъробий у зотнинг ридоларидан ушлаб тортди. У зотнинг бўйинлари қизариб кетди. Ридо қаттиқ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб қарадилар.
Аъробий у зотга: «Менинг бана бу икки туямга юк юклаб бер! Албатта, сен менга ўз молингдан ёки отангнинг молидан юклаб бермайсан!» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, астағфируллоҳ! Йўқ, астағфируллоҳ! Йўқ, астағфируллоҳ! Мени ушбу тортганинг учун ўчимни бермагунингча сенга юклаб бермайман», дедилар.
Ҳар сафар аъробий у зотга: «Аллоҳга қасамки, сенга ўч олдирмайман!» дер эди.
Аъробийнинг гапини эшитиб у томон тезлаб бордик. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб қарадилар ва: «Таъкидли амр қиламанки, менинг каломимни эшитган ҳар бир киши мен унга изн бермагунимча ўрнидан қимирламасин!» дедилар.
Сўнгра бир одамни чақириб унга: «Унинг манна бу икки туясига юк юклаб бер. Бир туяга арпа, бошқасига хурмо», дедилар.
Кейин бизга бурилиб қараб: «Аллоҳнинг баракоти ила қайтинглар», дедилар
».

Абу Довуд ва икки шайх ривоят қилган.

Ким ўзида юқорида зикр қилинган сифатларни топмаса, уларни топишга жиддийлик ила ҳаракат қилмоғи лозим бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Руҳий тарбия машойихлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш ишида энг муҳим воситалардан бири .муробата, эканини алоҳида таъкидлайдилар. Уларнинг давоми...

3730 13:08 / 22.08.2020
Бу маънодаги оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан кечаси бедор бўлиб ибодат қилишнинг нафс тарбиясига катта таъсир кўрсатишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳам давоми...

4136 21:00 / 26.05.2019
.Ихлос, луғатда .тозалаш, ва .тўғрилаш, деган маъноларни англатади. .Холис бўлди, дегани .мусаффо бўлди, маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, давоми...

2414 19:00 / 08.01.2023
186. Иброҳим Фақий айтади Агар қадаминг ерда из қолдираётган бўлса, тилинг қалбда из қолдирадиrdquo.187. Баъзилар ҳаётингга неъмат каби кириб келади.Баъзилар ҳаётингга давоми...

5485 21:59 / 15.05.2017