Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (95-дарс). Уйқунинг одоблари

13:32 / 25.07.2020 5396 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уйқунинг одобларидан бири – таҳорат билан ётиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлганларида емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: «(Инсонлар) ухлаётган вақтда руҳлари осмонга олиб чиқилади ва Аршнинг олдида сажда қилишга амр қилинади. Агар таҳоратли бўлса, Аршнинг олдида сажда қилади. Аммо таҳоратли бўлмаса, Аршдан узоқ жойда сажда қилади».

– Уйқудан олдин тавба қилиш. Зеро, сирти таҳоратли бўлгандан кейин, ичи ҳам таҳоратли бўлиши керак. Эҳтимол, уйқусидан турмай вафот этар.

– Уйқунинг одобларидан бири – мусулмон кишига нисбатан қалбида ғили-ғаш бўлса, уни кетказиш, зулм қилишни ният қилмаслик ва уйғонганда гуноҳ қилишга азм қилмаслик.

– Васият қилиши лозим бўлган одамнинг васиятини ёзиб қўйиб ухлаши ҳам уйқунинг одобларига киради..

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий солаллоҳу алайҳи васаллам:

«Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолиши дуруст эмас», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

– Уйқунинг одобларидан бири – уйқу ғолиб келмагунча ухламаслик. Салафи солиҳларнинг одатлари шундай бўлган.

– Ўнг тарафга ёнбошлаб, қиблага юзланган ҳолда ҳадисларда келган дуоларни ўқиб ётиш уйқунинг одобларидан.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган ҳадисда:

«بِاسْمِكَ رَبِّي وَضَعْتُ جَنْبِي وَبِكَ أَرْفَعُهُ، فَإِنْ أَمْسَكْتَ نَفْسِي فَارْحَمْهَا، وَإِنْ أَرْسَلْتَهَا فَاحْفَظْهَا بِمَا تَحْفَظُ بِهِ عِبَادَكَ الصَّالِحِينَ».

«Бисмика Роббий, вазаъту жанбий ва бика арфаъуҳу. Фа ин амсакта нафсий фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳаа фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳи ибадакас-солиҳийн», деган дуо ўқилиши айтилган.

Маъноси: «Роббим, исминг ила ёнимни қўйдим ва Сенинг ила уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қоладиган бўлсанг, унга раҳм қилгин. Агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳ бандаларингни муҳофаза қиладиган нарса ила муҳофаза қил».

Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннааси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига етган жойигача бошлари ва юзларидан бошлаб олд тарафларига суртиб ётардилар. Буни уч марта қилар эдилар».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Икки хислат ёки одат бор. Мусулмон банда уларни муҳофаза қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозида бир минг беш юзта.

Қачон ётар жойини олса, ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозида мингта».

«Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг осон бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» дейишди.

«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади», дедилар».

«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Мурид уйқусидан олдинги охирги каломи Аллоҳ таолонинг зикри бўлиши учун ҳаракат қилади.

Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганида ҳам аввалги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳмоудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар: «Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларни қоим қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир. Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг нурисан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. Соат (қиёмат) ҳақдир. Аллоҳим! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга қайтдим. Сен ила хусумат қилдим (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим.). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Олдинга сурувчи ҳам Ўзингсан, охирга сурувчи ҳам Ўзингсан, Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллааҳи».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Таҳажжудга турганда Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини ўқийди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турганларида Оли Имрон сурасининг «Инна фий холқис-самовати вал арзи вахтилафиллайли ван-наҳари лааятул-лиулил албаб» деб бошланувчи ўн оятини ўқиганлари маълум. Биз ҳам кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ўша ояти карималарни ўқисак, у зотга эргашган бўламиз.

Таҳажжуд намозини енгилгина икки ракат ила бошлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина, икки ракъат билан очсин», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Кейин икки ракат-икки ракъатдан қилиб таҳажжуд намозини ўқисин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ракатгача ўқиганлар. Мурид ҳолига қарасин.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яхшиликлар иймоннинг мевалари, яхши амаллар ишончнинг маҳсули, ўйин кулгу эса, шубҳанинг самарасидир. Эшитиш ва кўриш тақводорларнинг икки сифати. Кўрлик ва давоми...

4143 05:00 / 01.03.2017
тўртинчи мақолаМуоқаба ndash нафсни камчилиги учун жазолаш.Инсон нафсини қанчалик тергамасин, барибир баъзи маъсиятлардан ва камчиликлардан четланиб қола олмайди. давоми...

3071 13:00 / 12.09.2020
.Риё, сўзи аслида кўриш маъносини англатади. Шариатда эса, Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш .риё, дейилади.Аллоҳ жалла шаънуҳу .Ким Роббисига рўбарў бўлишни давоми...

3943 05:00 / 28.02.2017
Молик ибн Динор ҳикоя қиладиҲаётимнинг аввалини ичкиликка берилиб, Аллоҳга осийлик ила бошладим. Одамларга зулм қилардим, уларни ҳаққини ердим, судхўрлик давоми...

5585 05:00 / 01.03.2017