1447 йил 26 жумадис сони | 2025 йил 17 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Қалб бу биз биладиган юракми?

05:00 / 01.03.2017 6913 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисда «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дейилган. 

Бу ҳадисни ўқиган инсонларда, «қалб» деганда юрак тушуниладими ёки у бошқа нарсами? деган ўринли савол туғилиб қолган. Ҳозир биз мана шу саволга марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобларида келган маълумотлар орқали жавоб излашга ҳаракат қиламиз: 

«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдариш»га нисбатан айтилади. У бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб турганлиги учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади. 

Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир.

У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётига тириклик бахш этади. 

Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ. 

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилинганидан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром¬хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам «Қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир», дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. 

Ҳалол нима эканлигини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканлигини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим. 

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ўзимизга ҳалоллиги аниқ бўлган нарсанигина раво кўришимиз зарур. 

Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.


«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида 

Абдулазиз Мансурхўжа тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маъсиятларнинг касофатларидан бири қалб ҳаёти моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг давоми...

1560 19:00 / 03 май
Қайтақайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин. Чунки, У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган давоми...

4661 05:00 / 01.03.2017
Маҳзунлик йилиАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

5317 18:30 / 14.03.2017
Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга оширишиучун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос давоми...

5109 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

214261 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

133460 14:35 / 11.08.2021