1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳга яқин кишиларни муроқабаси ва иймон келтирганларнинг мақомлари

05:00 / 01.03.2017 3363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муроқабанинг биринчи  мақоми

Муроқаба – киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ.                                                                           

Мақом – ҳолнинг доимо бардавом бўлиб, эгасини сифатига айланган бир даража.

Мақом – толибнинг Аллоҳ таолонинг ҳуқуқларини соғлом ният ва тиришқоқлик билан адо қилишлиги. Ким Ҳақ таолони талаб қилса унда мақом бўлади.

Мақом – банда Роббисини талаб қила бошлаган кишилар учун Роббисига етишишлик учун бир сабабдир. Толиб босиб ўтаётган барча мақомлардан фойда олади.

 “Биздан ҳар биримизнинг маълум мақоми бордир”.(“Соффат” сураси, 164-оят)



Муроқабанинг биринчи  мақоми

Иймони қувватли банда ўзиниг тарбия топишига, ўсиши ва ҳаётига сабаб қилиб қўйилганини билади. Ўзи яшаб турган бу дунёдаги вақтлар барзахда (қабрда) унинг устига такрорланишини ва қиёмат кунида унга келтирилишини тушунади. Агар у жаннатга кирса, жаннатда ўтказган вақтлари ўзининг устига қайтишини, у ерда (охиратда)  фақатгина бу ерда (бу дунёда) унга берилган имтиҳон ва қийинчиликлар миқдорича мукофатланишини ҳам унутмаган. У ерда (охиратда) фақатгина бу ердаги (бу дунёдаги қилмишига) муносиб равишда азоб ёки роҳат берилишини ҳам ёддан чиқармайди. Қиёматда фақатгина бу дунёда ўтказган вақти ҳақида сўралишини, қиёматда фақатгина бу дунёда ўтказган дақиқаларидан ҳисоб қилинишини, фақатгина бу дунёда ўтказган дақиқалари тўғрисида мукофатланишини ҳам ёддан чиқармаган. Бошқанинг суратида қайта тирилмаганлиги каби, қиёматда унинг устига бошқанинг вақтлари келтирилмаслигини, бу ерда (бу дунёда) унга бошқанинг муомаласи қилинмагани каби, қиёматда унга бошқани мукофати берилмаслигини ишончли (аниқ) илм ила билади.

Аллоҳ таоло айтади: “Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?!” (“Қалам” сураси, 35-оят)

“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”. (“Сод” сураси, 29-оят)

Изоҳ: Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади.

“Йўқ! Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!” (“Сод” сураси, 28-оят)

“Сизларнинг хом хаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас”. (“Нисо” сураси, 123-оят)

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни тафсир қилиб айтадилар: “Мўмин киши дунёда қилган саййиаси (ёмон амали) сабабли бу дунёнинг ўзида мусибат, очлик-яланғочлик билан жазоланади. Мунофиқ қиёмат кунида жазосини тўлиқ олиши учун гуноҳлари қиёматгача зиммасида қолиб кетади. У гўёки эшак каби гуноҳлари сабабли охиратда жазоланади”.

Ҳасан Басрий доимо айтар эди: “Эй Аллоҳнинг бандалари бу хом хаёлингиздан тақво қилинг! Бу хом хаёлингиз сизларни аҳмоқлар водийсига туширади. Аллоҳ бандасиниг хом хаёли сабабли унга дунёда ҳам, охиратда ҳам хайр бермайди”.  

Баъзи уламолар айтади: “Қачонки ақл камайса хом хаёл кўпаяди. Баъзи салафлар дунё болаларига айланиб қолган дўстларига ваъз қилиб, мактуб ёзган эди: Сен машаққат тортиб, ҳирс қўйиб интилган дунё ишларидан ўзинг истаганларингга етдингми? Ва ўзинг орзу қилганларингга эришдингми? У жавоб бериб айтди: Аллоҳга қасамки йўқ. У айтди: ўзингга бир назар сол! Сен унга ҳирс қўйиб жон-жаҳдинг билан ҳаракат қилиб, истаган дунё нарсаларига ета олмаган бўлсанг, қандай қилиб ўзинг юз ўгирган охират яхшиликларига етасан? 

Баъзи уламолар айтади: Хом хаёл ақлни камайтиради. Хабарда келтирилади: Иймон зебу-зийнат ва хом хаёлдан иборат эмас. Лекин иймон қалбдаги виқордир. Амал иймонни тасдиқлайди.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир”. (“Ар Роҳман” сураси, 60-оят)

Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо оладир, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар”. (“Ғофир” сураси, 40-оят)

Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? (“Бақара” сураси, 214-оят)

Изоҳ: Демак, жаннатга кириш осон эмас, иймон, Исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлавермайди. Жаннатга киришнинг бир шарти – аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.

Наҳотки ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон! (“Жосия” сураси, 21-оят)

Изоҳ: Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишади. Бу даъво мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковиларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди?)

Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?! (“Анкабут” сураси, 4-оят)

Изоҳ: Бу оятлар Қуръоннинг қатъият оятларидан бўлиб, бизларга Роббимиз томонидан туширилган энг гўзал оятлардир. Аллоҳ унга эргашишга буюрган. У оятларда ҳавойи нафсига эргашганларни ва Қуръон оятларига эргашадиган ақл эгаларини васф қилгандир.

Аллоҳ айтади: “Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир”. (“Зумар” сураси, 18-оят)

Гапни энг гўзали – қатъият ва ваъид оятлардир.

Аллоҳнинг: “Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур”. (“Зумар” сураси, 47-оят) 

Каломи ҳақида айтилади: Улар алдангани ва ёлғон гумонлари сабабли қиёматда хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур. Кофир ва мунофиқлар дунёда яхши амалларни қиляпмиз, деган гумон билан амал қиладилар-у, қиёматдаги ҳисоб-китоб вақтида амалларини ёмонлигини кўрадилар. Соғлом (яхши) амал ҳисоб-китобдан кейин соғлиги билинган амалдир. Ҳақ амал эса ҳисоб тарозусида оғир келган амалдир. 

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир”. (“Аъроф” сураси, 8-оят)

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Батаҳқиқ, Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик”. (“Аъроф” сураси, 52-оят)

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Бас, уларга илмий равишда қисса қилиб берурмиз. Ҳолбуки, Биз ғойиб бўлмаган эдик”. (“Аъроф” сураси, 7-оят) 

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур ва уларни ўзлари масхара қилиб юрган нарса ўраб олур”. (“Зумар” сураси, 48-оят)

Улар гуноҳни тақдим қилиб, тавбани кечиктирган ва истиғфорни орқага сурган кимсалардир.

Изоҳ: Юқоридаги, бу оят Аллоҳдан қўрқувчилар учун хазина ва орифлар учун қўрқувдир. Аллоҳ азза ва жалла кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйганлигини хабар беради. Мўминларга дўзахдан тақво қилишни амр қилади. Кофирларни дўзахдаги ҳолатини сифатлайди. Ўз бандаларини дўзахдан қўрқитади.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг”. (“Оли имрон” сураси, 131-оят)

“Улар учун тепаларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор, остларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: “Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!” (“Зумар” сураси, 16-оят)

Айтилдики: Дўзахга тушмайман деб гумон қилувчининг қўрқуви, ҳаргиз саҳиҳ (соғлом) қўрқув эмас. Дўзахга кириб, сўнг ундан чиқишни гумон қилган кишини қўрқуви рост қўрқув эмас. Ҳақиқий қўрқув, дўзахга тушиб, унда абадий қолиб кетишдан қўрқмоқликдир.


Ҳикоя



Ҳасан Басрийнинг ҳузурида, дўзахга тушиб, минг йилдан кейин чиқарилган киши ҳақида гапирилганда, у киши йиғлаб айтдилар: Кошкийди мен ўша кишига ўхшасам.

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди: У зот айтдилар: “Кимки албатта мен жаннатийман деса, бас у дўзахийдир ва кимки албатта мен олимман деса, бас у жоҳилдир”. 

Яна Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди: У зот айтдилар: “Кимки ўзини, Аллоҳнинг наздида қай манзилда эканлигини билишни истаса, унинг қалбида Аллоҳ қай манзилда эканлигига назар солсин. Чунки банда ўз наздида Аллоҳни қай манзилга қўйиши ҳисобига кўра, уни Аллоҳ ўз наздидаги манзилга қўяди”.


“Қалблар озуқаси” китобидан Ҳ.Қодиров



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири кибр ва манманликдир.Кибр ва манманлик бирбирига яқин ва ўхшаш салбий давоми...

3560 20:00 / 19.02.2022
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади .Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кекларингизни чиқарур, 37оят.Аллоҳ таоло Ўзи яратган давоми...

3409 19:00 / 23.04.2022
Молдунёнинг фойдалари дунёвий ва диний бўлади. Унинг дунёвий фойдаларини ҳамма яхши билади ва шунинг учун кўпчилик ўзини унга уради. Унинг диний фойдалари уч давоми...

2743 19:00 / 30.05.2022
Келин саломrdquo бидъатми ёки...Аллоҳ таолога беадад ҳамдусаноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

10595 18:23 / 14.03.2017