Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзида киши таҳажжуд намози ўқийдиган одамлар билан бирга тунаб қолиши мумкин. Улар кечанинг кўп қисмини намоз ўқиш билан ўтказишар экан. У эса маълум соатдагина қоим бўлишни одат қилган эди. Энди кўпчиликка қўшилиб, уларнинг қилганини қилди. Улар рўза тутса, бирга рўза ҳам тутди. Агар улар бўлмаганида, тутмас эди.
Баъзи одамлар мазкур кишини риёкор деб ўйлаши мумкин. Аммо бу мутлақо нотўғри. Бунинг тафсилоти бор.
Тафсилоти эса қуйидагича: ҳар бир мўмин Аллоҳ таолонинг ибодатига рағбат қилади. Аммо баъзи тўсиқлар бўлади. Гоҳида ғафлат босиши ҳам мумкин. Кўпинча бошқаларни кўриш ғафлатнинг кетишига ва тўсиқларнинг очилишига сабаб бўлади. Инсон ўз уйида оила аъзолари ила ҳузурланиши ва юмшоқ жойларда ётиши мумкин. У бегона жойда ётиб қолса, мазкур тўсиқлар йўқ бўлади ва яхшилик қилишга сабаб пайдо бўлади. Ўшалардан бири – обидларни кўришдир.
Ўз уйида таомлар кўплиги учун рўза тутиши қийин бўлиши мумкин. Бундай пайтларда шайтон уни тоатдан тўсиш учун ҳаракатга тушади. У бандага: «Агар одатдагидан бошқача йўл тутсанг, риёкор бўласан», дейди. Банда унинг васвасасига эътибор бермаслиги керак.
Банда риё офатларини яхшилаб ўрганиб олиб, ниятни тўғрилаши лозим. Зотан, риё чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир.
Барча тоатларини Аллоҳ таоло билиб туриши ҳақида қалбида қаноат ҳосил қилиши лозим. Бундай қаноат Аллоҳ таолодан қўрқадиган ва Ундан умидвор бандадагина бўлади. У ихлосдан ноумид бўлмаслиги керак.
Иброҳим ибн Адҳамдан ривоят қилинади:
«Мен маърифатни Самъон исмли роҳибдан ўрганганман. Мен унинг хилватхонасига кириб:
«Сен неча йилдан бери бу хилватхонадасан?» дедим.
«Етмиш йилдан бери», деди.
«Таоминг нимадан иборат?» дедим.
«Ҳар кеча бир дона нўхат», деди.
«Ушбу нўхат донаси сенга кифоя қилиши учун қалбингда нима қўзғалади?» дедим.
«Рўпарангдагиларни кўряпсанми?» деди у.
«Ҳа», дедим.
«Улар ҳар йили ҳузуримга бир кунга келадилар. Хилватхонамни зийнатлайдилар ва унинг атрофида айланиб, мени улуғлайдилар. Қачон нафсим ибодатни оғир санаб қолса, унга ўша соат иззатини эслатаман. Мен бир соат иззати учун бир йиллик машаққатни кўтараман. Бас, эй ҳанифий! Абадий иззат учун бир соат машаққатни кўтар», деди.
Қалбимда маърифат виқори пайдо бўлди.
«Яна зиёда истайсанми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Хилватхонадан туш», деди.
Тушган эдим, ичига йигирмата нўхат донаси солинган қаҳва идишини берди ва:
«Монастирга кир. Улар мен сенга берган нарсани кўрдилар», деди.
У ерга киришим билан насоролар мени ўраб олдилар ва:
«Эй ҳанифий! Роҳиб сенга нима берди?» дейишди.
«Ўз таомидан бир оз нарсани», дедим.
«Сен уни нима қиласан? Биз унга ҳақлимиз. Уни бизга сот», дейишди.
«Йигирма динор», дедим.
Улар менга йигирма динор бердилар. Роҳибнинг олдига қайтиб бордим.
«Хато қилдинг. Агар йигирма минг баҳо қўйганингда ҳам берар эдилар. Бу У Зотга ибодат қилмайдиганнинг иззати. Ибодат қиладиганнинг иззати қандай бўлишини ўзинг билиб олавер. Эй ҳанифий, Роббинг ибодатига юзлан!» деди».
«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди