1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Устоз шогирдига қизини никоҳлаб берди

19:00 / 25.12.2021 2386 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн абу Вадоа камбағалликка учраб, юзларига ажинлар тушди ва кўрган одам уни фақир дер эди.

Абдуллоҳ ибн абу Вадоа Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиди имоми, ўз асрида Мадина шайхи бўлган Имом Саид ибн Мусайябдан дарс олар, у дарслар Қуръон ва суннат илмларини ташкил этарди. Бу тоза илм булоғидан ичгани сари ташналиги ортиб борар эди. Устози Саид ибн Мусайяб тилидан отилиб чиқадиган илм ва ҳикматга сира тўймас эди. Кун сайин Саид ибн Мусайяб илм ва ҳикматни шогирди қалбига сочар, Аллоҳнинг Каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини шогирд қалбига жойлар эди. Ибн абу Вадоа уйқудан уйғониб яна устози билан учрашишга иштиёқи ортарди.

Шайхни Аллоҳ таоло мол, насаб жиҳатидан ҳам улуғлаб қўйган бўлиб, моли кўп эди. Ўзи ҳам асл қурайшлик эди. Шундай бўлса ҳам у парҳезкорлик, тақво, зоҳидлик кабиларни маҳкам тутиб яхшилик ва тақво чўққисига чиққан эди. Одамлар унинг ўттиз марта атрофида ҳаж қилган, деб таърифлардилар. У киши қирқ йил масжидда бирор намознинг аввалги такбирини ўтказиб юбормаган. Яъни, ҳар бир намозни жамоат билан ўқиган. Шу қирқ йил давомида бирор марта ҳам биринчи сафда намоз ўқишни канда қилмаган.

Устоз ва шогирд ўртасини моддий тафовут ажратиб турмас, балки муҳаббат ва Аллоҳ учун дўст тутиниш туйғуси бирлаштириб турар эди. Иккиси Аллоҳ учун ака-укадек эди.

Саид ибн Мусайябнинг қизлари илм ва жамолда таърифи кетган эди. Ўша даврда ҳукмронлик қилган халифа Абдулмалик ибн Марвон ўзидан кейин тахтга келувчи валиаҳди Валидга шу қизни олиб бермоқчи бўлади. Қиз билан бир кўришган ва бир маротаба суҳбатлашган инсон: «бу қиз фақат саройга ярашади» деб баҳо берарди. Чанги уфқни тўлдириб халифа чопарлари Мадинага совчи бўлиб келди. Совчилар рад жавобини олиб ортга қайтиб кетади. Халифа совчиларини қуруқ жўнатган олим шогирдлар даврасигa келиб, дарсни бошлайдилар. Икки-уч кундан бери дарсга қатнашмаётган Абу Вадоа деган шогирдларига қарата: Қаерда юрибсан? Кўринмайсан? дедилар.

Аёлим оламдан ўтди. Шу боис дарсларга келолмадим. Бизга хабар бермабсанда, Аллоҳ раҳмат қилсин, жойи жаннатда бўлсин. Омийн.

Бошқа аёл топдингми? Тақсир, уч дирҳами бор фақирга ким ҳам қизини берарди. Саид беради. Саид?! Ҳа, мен Саид. Агар қизимни берсам, оласанми? Йигит эсанкираб қолди, лекин сездирмай: Албатта, деди. Саид ибн Мусайяб жамоат ичида овозларини бир оз кўтариб никоҳ хутбасини бошладилар. Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва дурудлардан кейин: «Мен, Саид ибн Мусайяб, кизим фалончини уч дирҳам маҳр билан фалончи ўғли фалончига никоҳладим», дедилар. Воқеани йигитнинг ўзи давом эттиради.

Масжиддан чиқиб, нима қилишимни билмай қолдим. Кечагина қайғу, бугун эса қувонч. Тўғри уйга келдим. Шомга азон айтилди. Ўша куни рўза эдим, бир бурда нон ва зайтун ёғи билан ифтор қилдим. Миямни «кимдан қарз олсам экан» деган савол чулғаб олди.

Тўртта одам чақириб олдига дастурхон ёзишга уйда ҳеч вақо йўқ, «Кимдан қарз олсам экан?» Шу хаёллар билан қийналиб ўтирсам, эшик тақиллаб қолди. Ким у? Мен, Саид. Қайси Саид экан деб эшикни очдим. |

Не кўз билан кўрайки, остонада улуғ тобеин, забардаст олим Саид ибн Мусайяб турардилар. Хаёлимдан ҳамма Саидлар ўтган эди. Лекин Саид ибн Мусайяб келадилар деб ҳеч ўйламаган эдим. Чунки у киши қирқ йилдан бери масжид ва уйлари орасида қатнайдилар холос. Зарурат бўлмаган жойга бормасдилар. Келсинлар, тақсир. Марҳабо, чақиртирганларида ўзим етиб борар эдим. Йўқ, биз сизни зиёрат қилишимиз ҳақлирок. Буюринг. Сиз уйланган киши бир кеча аёлсиз қолишингизни кариҳ кўрдим. Шунинг учун хотинингизни олиб келган эдим, деб қизларини ичкарига киргизиб юбордилар. Боя никоҳ ўқилган хотинингиз шу қиз, деб эшикни беркитиб, кетиб қолдилар.

Нима қилишни билмай карахт бўлиб қолдим. Қиз ўта ҳаёли экан, айтишларича, отаси ва маҳрамларидан бошқа бегона эркакка кўзи тушмаган экан. Эшик олдида иккимиз ёлғиз қолдик. Қиз ҳаёдан ҳушидан кетиб ерга, йиқилди. Уйда мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Тезда қўшниларни чақирдим. Уларнинг хотинлари кўмакка чиқишди. Онамни чақиртириб келдим.Бўлган воқеани онамга сўзлаб бердим. Бор, ичкарига кир, уч кунгача кўзимизга кўринма деди онам.

Хўп бўлади деб улар кўзидан ғойиб бўлдим. Уч кундан кейин рафиқам олдига кирдим. Одамлар мақтаганича бор экан.

Бир ойдан кейин устоз ҳузурига бордим. Дарс тугагач: Ҳалиги «одам» яхши юрибдими? дедилар. Жуда соз, яхшилар, дедим, У «одам»: кўнглингизга ёқмайдиган иш қилса, уйда ҳасса бор, деб кулиб қўйдилар. Уйга келдим. Уйга етиб борганимда бир киши мени чақириб қолди: мана буни олар экансиз. Нима бу? Билмадим, Саид ибн Мусайяб бердилар.Тугунни очиб қарасам, йигирма минг дирҳам экан. Эртаси китобларни қўлтиқлаб дарсга кетаётсам, хотиним: «Қаёққа?» деб қолди. «Саид ибн Мусайябнинг ёнларига, дарсга кетяпман». «Дарсга бормай қўяверинг. Ўтиринг, Саид ибн Мусайяб илмини ўзим бераман», деди. Қиз ҳусну жамолда бетаъриф бўлганидек, илму амалда ҳам бетаъриф, беқиёс эди. Замонасининг энг гўзал ва энг олима аёлларидан бўлган. Ҳеч ким қизга қарата: «Халифанинг ўғли, валиаҳдга тегмай, келиб-келиб шу фақирга тегасанми?» демади. Шунингдек, ҳеч ким йигитга қарата: «Юзсиз, кечагина хотинини дафн қилиб, бугун уйланиб олди-я», деб дашном бермади. Ҳамма фотиҳага қўл очиб, уларга бахт-саодат тилашди. Қиз кейинчалик ўз шогирдларига айтган экан: «Сизлар подшоҳни қанчалар улуғлаб, иззат-ҳурмат билан муомала қилсаларинг, биз ўз эрларимизни шунчалар улуғлаб, иззат-ҳурмат билан муомала қиламиз».

Қиз бу гапни онасидан ўрганган. Онаси эса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг шогирдларидан бўлган экан.

«Раббоний уламолар» китоби асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2004 11:00 / 09.09.2022
Бугун тиббиёт соҳаси ихтироларига назар солар эканмиз, унда биринчи навбатда, Европа олимларининг кашфиётлари намоён бўлишини кўришимиз мумкин. Мазкур давоми...

676 16:39 / 27 ноябрь
Абу Исҳоқ Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Мен баъзи китобларда Луқмони Ҳаким ҳақларида ушбу ҳикояни ўқидим .У киши ўғилларига .Эй ўғилчам, албатта, у давоми...

2054 10:00 / 24.12.2022
.Ватан, журналининг 2сони нашрдан чиқди. Унда халқимиз ардоқлаган, Ислом дини ривожи учун буюк ҳиссасини қўшган фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давоми...

2174 14:13 / 21 июнь
Аудиолар

137623 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57690 14:35 / 11.08.2021