Болгариянинг Қиржали шаҳрида янги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимга Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, ёшлар ва спорт вазири Усмон Aшки Бек, Диний ишлар бошқармаси раиси профессор, доктор Сафи Арпагуш ҳамда Абдуллоҳ Эрен ва бошқа ташкилот вакиллари ташриф буюришди.
Қиржали янги масжиди Туркия диний ишлар жамғармаси (ТДВ) ва Туркия ҳамкорлик ва Координация агентлиги (Tİ) ҳамкорлигида қурилган.
Доктор Сафи Арпагуш очилиш маросимидаги нутқида, масжидлар Ислом, эътиқод, тафаккур, илм, ҳикмат, маърифат ва гўзал ахлоқларни ҳаётга татбиқ этадиган марказ эканини таъкидлаб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадинага ҳижрат қилгач, биринчи қилган ишлари Масжидун Набавийни қурганларини эслаб ўтди ва сўзида давом этди:
«Масжидун Набавий фақат ибодат жойи бўлиб қолмай, балки ислом олами учун илм, маърифат, одоб ва гўзал ахлоқ ўргатиладиган маскан сифатида хизмат қилган. У шахсий ва ижтимоий эҳтиёжлар қондириладиган, етимлар ва муҳтожлар паноҳ топадиган, муаммолар ҳал этиладиган марказ сифатида мавжуд бўлган. Исломнинг энг афзал авлоди бўлган саҳобалар Масжидун Набавийнинг ҳузурбахш этувчи муҳитида тарбия топганлар. Исломнинг юксак ахлоқи Масжидун Набавийдан бутун ер юзига ёйилган. «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берадиганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар» оятини зикр қилди. — Болгариянинг Қиржали шаҳрида шундай улуғвор янги масжид қурилиши биз учун катта маъно англатади. Чунки бу ҳудуддаги масжидлар Қуръон ва Суннатни инсоният билан боғлаш борасида ўтмишдан бугунгача муҳим вазифаларни бажарган. Юксак динимиз Исломнинг ҳаётбахш ҳақиқатлари ва умуминсоний қадриятларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнаган».
Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳам нутқ сўзлаб, бу масжид минтақадаги мусулмон жамияти учун фақат ибодат жойи эмас, балки маънавий, маданий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мажмуа Қиржали шаҳрида яшовчи мусулмонларнинг таълими, ижтимоий бирдамлик ва маданий эҳтиёжларига жавоб берадиган кенг қамровли ҳаёт маскани эканини айтди.
Масжиднинг умумий майдони 1400 квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1200 киши ибодат қилиши мумкин.
Вазир Эрсой масжид ичида жойлашган Қуръон курси, анжуманлар зали, ва турли хизмат бўлимлари билан яқиндан танишиб, Қиржали мажмуаси муҳим марказга айланишини қайд этди. Ушбу иншоот Қиржали халқи, минтақа мусулмонлари ва бутун мусулмон жамият учун хайрли бўлишини тилади.