Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (71-дарс). Хушуъли қалб тузук, хушуъсиз қалб бузуқдир

16:05 / 08.02.2020 3770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.

Аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, хушуъ қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир.

Намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири хушуъдир. Айнан хушуъ орқали намоз ички покланиш омилига айланади. Хушуъли намозгина қалбни поклаш ва ахлоқни сайқаллашга хизмат қилади.

عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ الله ُعَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَوَّلُ مَا يُرْفَعُ مِنَ النَّاسِ الْخُشُوعُ». أَخْرَجَهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ердан энг аввал кўтариладиган нарса хушуъдир», дедилар».

 Табароний ривоят қилган.

Хушуъ илм бўлиши билан бирга, нажот топувчиларнинг аломати ҳамдир.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ

«Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир» (1-2-оятлар).

Маълумки, хушуъ қалбга оид амалдир. Хушуъли қалб тузук, хушуъсиз қалб бузуқдир. Қалбнинг бузуқлиги ва тузуклигига қараб инсоннинг ўзининг бузуқ ёки тузуклиги белгиланади.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ الله ُعَنْهَا ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً، إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ الله ُعَنْهَا قَالَ: أَشْهَدُ أَنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «خَمْسُ صَلَوَاتٍ افْتَرَضَهُنَّ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ، مَنْ أَحْسَنَ وُضُوءَهُنَّ، وَصَلَّاهُنَّ لِوَقْتِهِنَّ، وَأَتَمَّ رُكُوعَهُنَّ وَخُشُوعَهُنَّ، كَانَ لَهُ عَلَى اللهِ عَهْدٌ أَنْ يَغْفِرَ لَهُ، وَمَنْ لَمْ يَفْعَلْ فَلَيْسَ لَهُ عَلَى اللهِ عَهْدٌ، إِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُ وَإِنْ شَاءَ عَذَّبَهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ азза ва жалла беш вақт намозни фарз қилди. Ким таҳоратни яхшилаб олса ва уларни ўз вақтида ўқиса, рукуъ ва хушуъни батамом қилса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким (бундай) қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади, хоҳласа азоблайди».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

عَنْ مُطَرِّفٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ الله ُعَنْهَا قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يُصَلِّي وَفِي صَدْرِهِ أَزِيزٌ كَأَزِيزِ الرَّحَى أَوِ الْمِرْجَلِ مِنَ الْبُكَاءِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Мутарриф отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аъло намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъсини жойига қўйиб ўқиганлар.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, Аллоҳдан қўрқиб йиғлар эдилар, кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

У кишининг умматлари ичида ҳам хушуъ-хузуъни жойига қўядиганлари кўп бўлган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқиса, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эди. Сажда қилганида чумчуқлар уни девор ҳисоблаб, устига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида тош тушиб, кийимининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаган.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтади: «Муслим ибн Ясорни намозда у ёқ-бу ёққа қараганини ҳеч кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб, бозордаги одамларнинг ҳаммаси қочиб кетган, аммо у ҳеч нарсани сезмай, намозини ўқийверган».

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёғига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташланмаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, кесиб ташланглар», деди.

Табиблар: «Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди.

У киши: «Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», деди.

Табиблар: «Ундай бўлса, оёқни кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганида билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», деди.

Кейин у киши намозга турди. Бадани титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесишди. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёққа солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб, ҳушидан кетди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Самоъ, сўзи арабча бўлиб, .эшитиш, маъносини англатади. Бу сўз тасаввуфга хос истилоҳлардан бирига айланиб қолган. Тасаввуфда .самоъ, сўзи зикр ёки зикрга оид давоми...

4121 17:58 / 21.09.2019
Робиъа ибн ҲайсамРобиъа ибн Ҳайсам ҳар тунни бедор ўтқазардилар. Бир куни у зотнинг қизилари Аллоҳ яратганлари ичида энг афзали кимrdquo деб сўради. Ибн Ҳайсам давоми...

3321 05:00 / 01.03.2017
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, ўзаксўздан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъносини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади давоми...

5765 05:00 / 28.02.2017
КибрГуноҳга битта тавба балки кифоя қилади, аммо тоатга мингта тавба ҳам етмаслиги ҳам мумкин. Гуноҳ қилган киши тавба қилса, Аллоҳу таоло уни мағфират қилади. давоми...

4051 00:02 / 15.03.2017
Аудиолар

135066 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55345 14:35 / 11.08.2021