Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (87-дарс). Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир

13:00 / 30.05.2020 4631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир» (2-оят).

Бу ояти каримада мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган. Оят «албатта», деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.

«Аллоҳ зикр қилинса қалблари ларзага келадиган»лар... мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳ таолони зикр қилиш керак экан. Аллоҳ таоло зикр қилинганда қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни, бирон ишни Аллоҳ таоло буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳ таолодан қўрқиб ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

«Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (28-оят).

Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳ таолонинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳ таолога доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолодан эканини яхши биладилар. Аллоҳ таолодан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунёю у дунёнинг саодати Аллоҳ азза ва жалланинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳ таолонинг зикри ила қалблари ором топмасин?!

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади:

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин», (дейдилар)» (191-оят).

Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат, зикр ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан. Аллоҳ таолони тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда зикр қилиш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

Зокирларнинг имоми бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам зикрга оид кўп нарсаларни баён қилганлар.

Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ азза ва жала: «Мен бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман. У Мени зикр қилган чоғда Мен у биланман. У Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз эслайман. У Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида эслайман. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан зикр қилинмайдиган уйнинг мисоли худди тирик ва ўликка ўхшайди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким бир кунда юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр», деса, бу унинг учун ўнта қулни озод қилишга баробар бўлади, унга юзта ҳасана битилади ва ундан юзта ёмонлик ўчирилади. Бу унга ўша куни шайтондан сақлаш бўлади. Ўша ҳол кеч киргунича давом этади. (Буни) шундан кўпроқ қилган кишидан бошқа ҳеч ким у келтиргандан афзалроқ нарса келтира олмайди».

Ким бир кунда юз марта «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий ўттиз иккинчи сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу давоми...

3535 19:00 / 27.05.2023
.Ҳасад, сўзи луғатда арчиш ва шилиш деган маъноларни билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади. Уламолар .Ҳасад ndash бировга етган неъматга рашк билан қараш ва давоми...

4010 17:00 / 22.01.2022
Бандаларининг имкониқтидорини, феълатворини турлича яратган ва улар учун Ўзига етишишнинг сон саноқсиз йўлларини тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар давоми...

6030 05:00 / 01.03.2017
Нафс ва қалб хасталиклари икки турга тақсимланади. Биринчиси ndash қалб мақомотларига зид бўлган куфр, ширк, нифоқ, риё ва бидъат каби хасталиклар. Иккинчиси ndash давоми...

4731 18:30 / 05.06.2021
Аудиолар

210860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130125 14:35 / 11.08.2021