Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (24-дарс). Шайх масаласи (давоми)

21:00 / 15.03.2019 4983 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар, балки яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар.

Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устин турувчи жиҳат белгилаши керак.

Ислом динида яхшилик – Аллоҳ таоло яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани юқоридаги оятда тўлиқ таърифлаб берилган.

Келинг, аввал ушбу ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир», демоқда.

Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон:

«...ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобга, набийларга иймон келтирган...»

Яъни Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиячи эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш;

Охират кунига, яъни қиёмат бўлишига иймон келтириш; фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш;

Китобга, яъни Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун нозил қилинган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш;

Аллоҳ таоло юборган набийларнинг бирортасини ҳам қўймасдан, ҳаммасига иймон келтириш.

Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳ таолога, охират кунига, фаришталарга, китобларга, набийларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди, чиқса ҳам, доимий бўлмайди, балки бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.

2. Мол-дунёсидан нафақа қилиш: 

«...молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган...» 

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хожаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш мусулмон кишининг яхшилиги аломати экан.

Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

3. Намоз ўқиш.

«...намозни тўкис адо этган...»

Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи – буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.

4. Закот бериш.

«...закот берган...»

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

5. Аҳдига вафо қилиш.

«...Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар...»

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

(давоми бор)

 “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидага эга бўлмаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан ақида бўлмагандан кейин давоми...

6947 05:00 / 28.02.2017
Зоҳидликнинг биринчи даражаси борига масрур, йўғига маҳзун бўлмасликдир. Зоҳидликнинг иккинчи даражаси мансабни мадҳ қилувчи ҳам, сўкувчи ҳам унинг олдида давоми...

1827 19:00 / 09.04.2023
Аллоҳга қасам, Аллоҳдан мен учун ёрдам сўрашингиз учун аввало ўзимда эҳтиёж бор. Ўзим мана бу аҳволда бўлиб, аслида бу мактубни йўллашга Аллоҳдан ҳаё қилмоқдаман. давоми...

3434 05:00 / 01.03.2017
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг мақсадларидан бири, ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни тўғри тутиш, хушуъ ва хузуъни қойиллатиб адо этиш, бир сўз билан давоми...

3552 19:05 / 28.12.2019