1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Рақоиқлар ҳақида

05:00 / 28.02.2017 4220 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, рақоиқ луғатда рақиқнинг жами бўлиб, «нозик», «ўта таъсирли» деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтилганда, қалбни рақиқ-юмшоқ қиладиган нарсалар деганидир.
Рақоиқ Қуръони Карим ояти, ҳадиси шариф, мавъиза, кишининг қалбини юмшатадиган манзара ёки ҳолат бўлиши мумкин. Рақоиқ ҳисобланган нарсалар Аллоҳ таолодан қўрқиш, қалбнинг титраши ва кўзга ёш келишига сабаб бўладиган нарсалардир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Аллоҳ таоло: «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман. Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Агар Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Уз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса, унга ёмонлик қилишни истамайман», деди», дедилар». 
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган. 
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда жуда ҳам нозик масалалар жуда ҳам нозик иборалар ила баён қилинган. Шунинг учун унинг зоҳирий маъносига учмасдан, уламоларимиз узоқ изланишлар оқибатида эришган нозик натижаларни ҳушёрлик билан ўзлаштиришимиз лозим.
Аввало, бу ривоят ҳадиси қудсий эканлигини англамоғимиз лозим, чунки Пайғамбар алайҳиссалом бу гапларни Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.
Иккинчидан, бу ривоят тасаввуф бобида катта баҳсларга сабаб бўлганлигини билмоғимиз керак. Чунки бу ерда Аллоҳ таолога валий бўлган шахс У Зотга қурбат ҳосил қилиш учун нима қилиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.
Учинчидан, бу ривоятда зоҳирий маъноси таъвилсиз англаниши мумкин бўлмаган иборалар келмоқда.
Келинг, ҳадиси шариф матни билан яқиндан танишиб чиқайлик.
«Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман». 
Демак, ким Аллоҳ таолога валий бўлиш шарафига эришган бўлса, ана шу бандага душманлик қилган одамни Аллоҳ таоло Ўзига душман тутар экан. Хўш, бунчалик олий мақомга сазовор бўладиган кишилар кимлар ўзи?
Валий сўзи араб тилида «яқин дўст» маъносини англатади. Оддий ҳолатларда, айниқса, Қуръони Карим оятларидан келиб чиқадиган маъноларда «валий» деб, тақводор мўмин кишига айтилади.
Аллоҳ жалла ва аъло Юнус сурасида бу ҳакда қуйидагиларни айтади:
«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар» (62-оят).
Аллоҳнинг валийларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонлиқдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий бўлганлари учун, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-поқ тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг валийлари бу дунёю охиратда заррача хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана шу бахтиёр шахслар — Аллоҳнинг валийси бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?
«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир». 
Демак, Аллоҳнинг валийси бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзига-ўзи йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга валий бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга валий бўлганларга эса:
«Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир». 
Аллоҳнинг валийларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир.
«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир». 
Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар бу дунё ҳаётида ўша улуғ ютуққа эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.
Аммо урфда ва ҳаётда валий-авлиё деганда, юқорида зикр қилингандан кўра, тор доирадаги маълум бир кишилар кўзда тутиладиган бўлиб қолган. Уларнинг васфи айнан ушбу ҳадиси шарифда келган. Улар Аллоҳ таолога алоҳида яқин бўлиш шарафига муяссар бўлган саодатманд зотлардир. Уларнинг қандоқ тарзда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилганларининг баёни ҳадиси шарифнинг давомида келади.
«Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас». 
Бундан Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда аввало, ўзига фарз қилинган нарсаларни ўрнига қўйиб адо этадиган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган банда Аллоҳ таолога яқин бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ўтириш ҳам мумкин эмас экан. Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар У Зотга янада яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим экан.
«Бандам менга нафллар ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман». 
Агар банда фарзларни тўлиқ адо қилганидан кейин нафлларни бардавом бажариб турса, маълум даражага етганида Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.
«Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман». 
Бу жумлада келган Аллоҳ таолонинг «Унинг эшитадиган қулоғи бўламан», дегани банданинг фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, бошқа нарсаларни эшитмайдиган ҳолга етиб қолишини билдиради. Бу ерда зинҳор зоҳирий маънони хаёлга келтирмаслик керак.
Шунингдек, кўрадиган кўзи, деганда банда Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсадан бошқа нарсани кўришдан ўзини тортадиган, ушлайдиган қўли, деганда банда фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни ушлайдиган бўлишини ва юрадиган оёғи, деганда банда фақатгина Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларга юрадиган ҳолга етишишини тушунмоқ керак.
Демак, банда фарзларни адо этиш ила Аллоҳ таолога яқин бўлади. Нафл ибодатларини кўп қилиш ила Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Сўнгра фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, кўрадиган, ушлайдиган ва Аллоҳ таолони рози қиладиган жойларга юрадиган ҳолга эришади. Бу ҳол унинг учун алоҳида бир мақомга эришиш имконини беради. У ҳолда нималар бўлишини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз:
«Агар Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман». 
Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шундайдир.
«Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман». 
Бу жумладаги иккиланиш ҳам Аллоҳ таолонинг фаришталарига нисбатан айтилмоқда. Яъни, бу жумладан фаришталар мўминнинг жонини олишда иккиланганлари каби бошқа бирор нарсада иккиланмайдилар, деган маъно келиб чиқади, Чунки Аллоҳ таолога иккиланиш нисбатини бериб бўлмайди. Хўш, нима учун фаришталар мўмин банданинг жонини олишда иккиланар эканлар?
«У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса, унга ёмонлик қилишни истамайман». 
Яъни, мўмин банда ўлишни хоҳламайди, Аллоҳ таоло эса, унга ёмонлик қилишни хоҳламайди.
Валий бўлиш учун нималар қилиш кераклигини ҳам ўрганиб олдик. Аммо бу ҳадиси шарифни нотўғри талқин қилиш оқибатида кўпгина ноқулайликлар келиб чиққанини ҳам эслатиб ўтмоғимиз лозим. Баъзи кишилар бу ҳадиси шарифдаги маъноларнинг зоҳирини олиб, банда нафл ибодатларни кўп қилиши орқали Аллоҳ таоло билан бирлашиб кетади, ваҳдатул вужуд шундандир, деган фикрга бориб, кўпгина тортишувлар, адашувлар ва ғавғоларга сабаб бўлганлар. Бу нарсанинг нотўғрилигини айтиш билан, ҳаммани бундан огоҳлантириш билан кифояланганимиз маъқул.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
У киши:
«Қачон мўминнинг руҳи чиқса, уни икки фаришта қабул қилиб олиб, юқорига олиб чиқа бошлайдилар», деди.
Ҳаммод айтди:
«У бизга унинг ҳиди хушбўйлигини ва мушкни зикр қилди. Осмон аҳли: «Пок руҳ ер томондан келди. Аллоҳ сенга ва сен обод қилган жасадга раҳмат назари билан қарасин», дейди. Бас, у Роббиси азза ва жалланинг ҳузурига олиб борилади. Сўнгра У Зот:
«Уни белгиланган жойнинг охиригача олиб боринглар!» дейди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «мана бундоқ қилиб» деб, елкаларида турган бўйинбоғни бурунлари томон қайтардилар».
Муслим ривоят қилган. 
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мўмин кишининг ажали етиб, вафот этадиган бўлса, унинг руҳига кўрсатиладиган эҳтиром ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, мўминнинг руҳини икки фаришта қабул қилиб олиб, юқорига олиб чиқиши, унинг руҳидан мушку анбарнинг ҳидидек хушбўй ҳид чиқиб туриши, осмон аҳли уни олқишлар билан кутиб олиб, мақтов сўзларини айтишлари ҳамда Аллоҳ таоло томонидан уни юқори мартабанинг охирги нуқтаси бўлмиш, Сидратул мунтаҳогача олиб боришга амр қилиши катта гапдир. Бунда мўмин ҳолда ўлиш қанчалар улуғ мақом эканига далил бор.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ансорийлардан бирининг жанозасига чиқдик. Қабрга етиб бордик. Ҳали лаҳад қазиб бўлинмаган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирдилар. Биз ҳам у зотнинг атрофларида ўтирдик. Биз худди бошимиз устида қуш учаётгандек жим ўтирар эдик. У зот қўлларидаги чўп билан ерга чизар эдилар. Сўнгра у зот бошларини кўтариб, уч ёки икки марта «Қабр азобидан Аллоҳнинг Ўзи паноҳ берсин», дедилар. Сўнгра ўз сўзларида давом этиб:
«Қачон мўмин қабрга қўйилиб, асҳоблари унинг олдидан қайтиб кетсалар, у уларнинг ковушлари овозини эшитиб турган бир пайтда икки фаришта келиб, уни ўтқазадилар ва унга:
«Роббинг ким?!» дейишади.
«Роббим Аллоҳ!» дейди.
«Дининг нима?!» дейишади.
«Диним Ислом!» дейди.
«Ичингизга юборилган бу киши ким?» дейишади.
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир», дейди.
«У сенга нима билдирди?» дейишади.
«Аллоҳнинг Китобини ўқидим. Унга иймон келтириб, тасдиқ қилдим», дейди.
Бунинг тасдиғи Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур», деган қавлидир. Сўнгра осмондан бир нидо қилувчи нидо қилиб:
«Батаҳқиқ, бандам тўғри айтди. Унга жаннатдан жой солиб беринглар. Унга жаннатдан либос беринглар. Унга жаннат эшигини очиб қўйинглар», дейди.
Бас, унга унинг ҳиди ва хушбўйлиги келади ва унинг учун ундан кўзи етгунча жой очилади.
Қачон кофир ёки мунофиқ қабрига қўйилса ва унинг руҳи жасадига қайтса, унинг олдига икки фаришта келиб ўтказадилар ҳамда унга:
«Роббинг ким?!» дейишади. 
«Ҳоҳ, ҳоҳ, билмайман», дейди. 
«Дининг нима?!» дейишади. 
«Ҳоҳ, ҳоҳ, билмайман», дейди. 
«Ичингизга юборилган бу киши ким?» дейишади. 
«Ҳоҳ, ҳоҳ, билмайман», дейди. 
Шунда осмондан бир нидо қилувчи нидо қилиб: 
«Батаҳқиқ, бу ёлғон гапирди. Унга дўзахдан жой солиб беринглар. Унга дўзахдан либос беринглар. Унга дўзах эшигини очиб қўйинглар», дейди. 
Бас, унга унинг иссиғидан ва қизиган шамолидан келади. Унга қабри тор қилинади. Ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Сўнгра унга бир кўр ва кар қўриқчи берилади. Унинг темир гурзиси бўлади. Агар у билан тоғ урилса, тупроқ бўлиб кетади. Бас, уни ўша билан бир зарба урилади ва у зарбани машриқ ва мағриб орасидаги барча эшитади. Фақатгина инс ва жин эшитмайди, холос. У тупроққа айланади. Сўнгра унга руҳи қайтарилади». 
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган. 
Шарҳ: Банда вафот этганидан кейин бўладиган ҳолатлар, қабрга қўйилгандан кейинги ишлар ҳақида ва мўминнинг ўша вақтдаги хушбахтлиги-ю, кофир ва мунофиқнинг бадбахтлиги ҳамда қабр азоби тўғрисидаги бир қанча ҳадиси шарифлар «Намоз китоби»нинг жаноза бобида батафсил ўрганилган.
Албатта, бу борадаги барча ҳадислар, шу жумладан, ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шариф ҳам ҳар бир кишининг қалбини ларзага солувчи манзара ва сўзларга бойдир. Ҳар бир банда бунга ўхшаш ҳолатларни доимо ёдга олиб турмоғи лозим. Кишининг тақвоси ошишида, Аллоҳ таолога яқин бўлишида бу ишнинг ўрни катта бўлади.
Шунинг учун ҳам тасаввуф тариқатларида, хусусан, Нақшбандия тариқатида «Робитатул мавт» номли нарса бор. Унга кўра, солик зикрни бошлашдан олдин ўлимни ва унга боғлиқ нарсаларни кўз олдига келтириб, руҳан ўша ҳолатга боғланади. Бу эса, унга зикрни яна ҳам ихлос ила амалга оширишга ёрдам беради. Ҳар бир мўмин банда бу нарсадан воқиф бўлиб, унга амал қилиб турса, катта фойда топади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон майит қабрга қўйилса ёки бирингиз уйқуга ётсангиз, унга икки қоп-қора, кўм-кўк фаришта келадир. Уларнинг бирини Мункар дейилади ва бошқаси Накир дейилади. Бас, икковлари унга:
«Бу киши ҳақида нима дер эдинг?» дерлар.
Бас, у ўзи айтиб юрган нарсасини айтиб:
«У Аллоҳнинг бандаси ва расули. Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннаа Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу», дейди.
«Батаҳқиқ, биз буни айтиб юрганингни билар эдик», дерлар.
Сўнгра қабр унинг учун етмиш аршинга етмиш аршин қилиб кенгайтирилади. Кейин у унинг учун мунаввар қилинади. Ва унга:
«Ухла», дейилади.
«Аҳлимга қайтиб, уларга хабар берайин», дейди.
«Ухла. Худди энг маҳбуб аҳлидан бошқа киши уйғотмайдиган куёвга ўхшаб ухла», дейилади.
Бас, у то Аллоҳ уни ўша ётган еридан қайта тирилтиргунча ухлайди.
Агар мунофиқ бўлса:
«Билмайман, одамлар айтиб юрган нарсани эшитиб, айтиб юрганман», дейди.
«Биз сенинг ўшани айтиб юрганингни билар эдик», дейди икковлари.
Сўнгра ерга «Уни бир сиққин» дейилади. Бас, уни сиққанда, қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Бас, у то Аллоҳ уни ўша ётган еридан қайта тирилтиргунча азобланган ҳолда қолади», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон икки муҳофаза қилувчи фаришта Аллоҳнинг ҳузурига кечами, кундузми, ўзлари ҳифз қилган нарсани кўтаришса-ю, Аллоҳ саҳифанинг аввалидами ёки охиридами яхшиликни топса, албатта, Аллоҳ таоло: «Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, Мен шубҳасиз бандамнинг саҳифанинг икки тарафи орасидаги нарсасини мағфират қилдим», дейди», дедилар». 
Иккисини Термизий ривоят қилган 
Шарҳ: «Намоз китоби»да ҳам худди ушбу ҳадис маъносидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган эди. Унда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари Ўзи билиб турса ҳам улардан:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар:
«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Уларнинг ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар», дейилган эди.
Ушбу икки ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун ер юзига навбат билан тушиб туришади. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Уларнинг алмашиш вақти бомдод ва аср намозлари вақти бўлади. Бомдод намози вақтида тун фаришталари кўтарилиб, кундуз фаришталари муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар. Аср намозида эса, кундузи муҳофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.
Бандаларнинг ичида турган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса ҳам фаришталардан:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга кўтаришидир. Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб бўлган фаришталар тўпига кўтаришидир. Бу эса намознинг ўта улкан ва ўта фазилатли ибодат эканидандир.
Шу билан бирга, ўша икки вақтда намозини ўқиб, яхши амал қилиб турган бандаларнинг бу икки вақт орасида билмай қилган хатолари мағфират қилинар экан. Ана шу улкан фазлни эсдан чиқармасдан, мазкур вақтларда савоб ишлар қилиш керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким охират ғамида бўлса, Аллоҳ унинг қалбини беҳожат ва хотирини жам қилиб қўяди. Унга хоҳламаса ҳам, дунё ўз-ўзидан келади. Ким дунё ғамида бўлса, Аллоҳ унинг кўзлари олдига камбағалликни келтириб қўяди ва хотиржамлигини пароканда қилади. Унга дунёда ўзига тақдир қилинганидан бошқаси келмайди», дедилар». 
Шарҳ: Албатта, охират ғамида бўлган банда унда бирор нарсага эришиш учун ҳаракат қилади ва ўша ҳаракати унга ютуқ келишига сабаб бўлади.
Зеро, Аллоҳ таоло Исро сурасида:
«Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир», деган (19-оят).
Демак, охират саодатига эришиш учун фақат уни исташ-хоҳлашнинг ўзи кифоя қилмас экан. Унга эришиш учун истак билан бирга, иймон ва жиддий ҳаракатлар ҳам даркор экан. Истак билан бирга, энг аввал иймон керақ усиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Истак ва иймон бўлса-ю, керакли саъй-ҳаракат қилинмаса ҳам натижа чиқмайди. Демак, охират саодатига эриштирувчи ишларни ҳам амалга ошириш керак. Яъни, одам охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда жаҳаннамга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади.
«...бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир». 
Улар бу дунё ва охиратнинг саодатига эришадилар. Аллоҳ таоло бу дунёда уларнинг қалбини беҳожат ва хотиржам қилиб қўяди. Уларга хоҳламаса ҳам, дунё ўз-ўзидан келадиган қилиб қўяди.
Бас, шундоқ экан, банда дунёнинг ғамини бир четга қўйиб, охират ғами билан яшамоғи лозим. Ана шундагина бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам обод бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ҳар бир нарсанинг фаолияти бор. Ҳар бир фаолиятнинг тўхташи ҳам бор. Агар унинг эгаси тўғри иш қилган ва яқинлаштирган бўлса, унинг учун яхшиликни орзу қилинг. Агар унга бармоқлар ила ишора қилинса, уни (ўша яхшилик орзу қилинадиганлардан) ҳисобламанг», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларнинг бу дунёда олиб борадиган фаолиятларининг натижалари ҳақида гап кетмоқда. Агар кишининг бу дунёдаги фаолияти мўътадил ва ўртача бўлса, унинг оқибати яхши бўлишидан умид қилса бўлар экан. Аммо бир киши бу дунёдаги дунёвий ва диний ишларда қўл билан ишора қиладиган даражада машҳур бўлса, ортида бир гап бўлар экан. Чунки одатда, Аллоҳ таоло баъзи сақлаганлардан бошқаларда, бармоқ билан ишора қилинадиган даражага етганларнинг фаолиятлари риё учун бўлади.
Шунинг учун банда бундоқ ишларда ҳушёр бўлмоғи лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Аллоҳ: «Эй одам боласи, ибодатимга фориғ бўл, кўксингни бойликка тўлдираман ва камбағаллигингни тўсаман. Агар ундоқ қилмасанг, икки қўлингни меҳнатга тўлдираман ва камбағаллигингни тўсмайман», дейди», дедилар». 
Учаласини Термизий ривоят килган. 
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлиш киши ўз қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолдирмаслигидир. Бундай мақом эса, ибодатни кўп қилиш, бошқачароқ қилиб айтганда, фарз ибодатларни мукаммал адо қилиб бўлгандан сўнг нафл ибодат, хусусан, зикр билан машғул бўлиш ила юзага келади. Албатта, бу даражага етган кишининг қалби савдо-сотиқ, тижорат, касб билан шуғулланаётган пайтда ҳам Аллоҳ таоло билан бирга бўлади. Қўли иш қиладию, қалби Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳ таоло ана шундоқ даражага етган бандасининг кўксини бойликка тўлдиради ва камбағаллигини тўсади. Бу банданинг назари тўқ бўлади. Унинг қалбидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат ўткинчи дунё ҳақида ташвиш қилишга йўл қўймайди.
Шу билан бирга, у камбағал ҳам бўлиб қолмайди. Тарихда мол-мулкининг ҳисобига етиб бўлмайдиган тариқат шайхлари бўлган. Аммо уларнинг мол-мулклари ибодат ва зикр билан машғул бўлишларига халақит бермаган. Ва аксинча, ибодат ва зикрлари мол-мулкларига зарар етказмаган. Ана шу азизларнинг қалбларида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарса бўлмаган.
Агар банда Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлмаса, унинг назари оч бўлади ва доимо мол-дунё ташвишида бўлади. Бундай кишининг керагидан кўп моли бўлса ҳам, яна дунёга ўзини уришдан ва очкўзликдан тўхтамайди. Аллоҳ таоло бундай кишининг икки қўлини меҳнатга тўлдиради ва камбағаллигини тўсмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб-тошган бўлса, у қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундоқ банда жисми билан мол-мулк учун ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади. У Нақшбандийнинг «Даст ба кору дил ба ёр» шиорига амал қилган бўлади.
Оқибатда унинг қалби Аллоҳ таоло муҳаббати ила тўлади. Қалби илоҳнинг муҳаббати ила тўлиб-тошган бандага Аллоҳ таоло ҳақиқий маънодаги бойликни ато қилади ва уни қашшоқликдан қутқаради. Аксинча, қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ҳамда зикри билан обод бўлмаган банда очкўз бўлиб, доимий қашшоқликда қолиши турган гап.
Гап моддий маънодаги мол-дунёнинг кўп ёки озлигида эмас. Гап банданинг ўша мол-дунёга бўлган муносабатидадир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, тарихда мол-дунёси ҳад-ҳисобсиз бўлган тариқат шайхлари анчагина бор. Уларнинг бошқа бойлардан фарқи, ўз мол-дунёларига заррача муҳаббат қўймасдан, фақат Аллоҳ таолонинг ибодати ва зикри билан машғул бўлиб, қалбларида мол-дунё муҳаббатига жой қолмаганидадир.
Камина — ходимингиз ёшлик чоғимда асримизда кўзга кўринган тасаввуф билимдонларидан бири «ал-Азҳар» дорилфунунининг раҳбари, шайх Абдул Ҳалим Маҳмуд ҳазратларининг тасаввуфга оид бир неча китобларини ўқиган эдим. Уша китоблардан бирида ҳозир сиз билан биз ўрганаётган мавзуга оид маълумотлар ҳам бор эди. Хусусан, бир қисса менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилган эди. Ижозатингиз билан ўша қиссанинг хулосасини ўз ибораларим ила айтиб ўтсам.
Зоҳидликка қизиққан бир киши балиқ овлаб ҳаёт гузарон қилар экан. Бир куни у иккита балиқ овлабди. Бирини пишириб еб, иккинчисини келажак учун асраб қўйишга қарор қилибди. Бир оз ўтиб, бир балиқни бечораларга садақа қилмасдан ўзи учун асраб қўйиши қалбини ром қилганидан ташвишга тушибди. «Бу балиқни ўзимга олсаммикин, бировга берсаммикин», деган хаёлий тортишувда ўзини устун қўйгани ўзига ёқмабди. Қалби тўқ бўлмагани уни ташвишга солибди. Ўзидаги бу ҳолат зоҳидлик мартабасига эришиш истагига зид эканлигидан ўкинибди. Шунда у ўзидаги бу камчиликни йўқотиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида тариқат шайхлари билан маслаҳатлашишга қарор қилибди.
Шу мақсадда ўша вақтнинг донғи кетган машойихларидан бири билан учрашиш учун йўл олибди. Қаҳрамонимиз шайхнинг исмларини эшитган экану, ўзларини ҳам, уйларини ҳам кўрмаган экан. Одамлардан сўраб-сўраб, у зотнинг уйларини топиб борибди. Топиб борибдию, эсанкираб туриб қолибди. Шайхнинг қароргоҳи оддий уй эмас, кўркам қаср экан. Шайх ҳазратларининг ўзлари йўқ эканлар. У кишини пойлаб ўтириб, қаҳрамонимизнинг кўнглидан ҳар хил фикрлар ўтибди. «Мен ўзи қаерга келиб қолдим? Ўзим учун битта балиқни ортиқча кўриб келган эдим. Бу ерда нималарни кўриб турибман?» дея, ўзига-ўзи савол берибди.
Шу пайт шайх ҳазратлари келиб қолибдилар. Салом-аликдан сўнг у киши зиёратчига қараб: «Агар банда Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлиб чиқмаган бўлса, қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлиқ бўлмаган бўлса, унинг қалбига битта балиқнинг муҳаббати ҳам ўрнашиб қолаверади», дептилар. Шунда ҳалиги киши узр айтиб, у зотга шогирд тушган экан.
Демак, киши Аллоҳ таолонинг ибодатига фориғ бўлиб, ўз қалбини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлдирса, бу дунёнинг фақирчилигидан қўрқмаса ҳам бўлаверар экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шокир таомланувчи, собир рўза тутувчи кабидир», дедилар». 
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. 
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Исломда диний таълимотларга амал қилиб яшаган кишининг ҳар бир иши ибодат даражасига кўтарилиши турган гаплигини яна бир бор намойиш қилмоқда. Ният билан нафл рўза тутиб, очлиқ чанқоқ ва бошқа нарсаларга сабр қилинса, савобга эришилади.
Аммо нафл рўза тутмай, оғзи очиқ юрган одам ҳам савоб олиши мумкин экан. Бунинг учун Исломий таълимотга амал қилиб, ўзи тановул қилаётган неъматларга етарлича шукр қилишнинг ўзи кифоя қилар экан. Албатта, шукр қилишни билиш керак. Шукр икки хил бўлади.
Биринчиси, неъмат берувчига мақтов сўзлари, ҳамду сано айтишдир.
Иккинчиси, эса берилган неъматни неъмат берувчини рози қиладиган тарзда сарф қилишдир.
Баъзи уламоларимиз: «Ҳақиқий шукр Аллоҳ таолога берган неъматларига яраша шукр қилишдан ожиз эканликни баён қилишдир», деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида эдим. Бас, у зот: 
«Эй Ғулом! Мен сенга калималарни таълим бераман. Аллоҳни муҳофаза қилгин, У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилгин, У зотни ўз рўбарўингда топасан. Қачон сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Қачон кўмак истасанг, Аллоҳдан кўмак иста. Ва билки, агар умматнинг ҳаммаси сенга манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа манфаатни бера олмаслар. Агар уларнинг ҳаммаси сенга зарар етказиш учун жамланса ҳам Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа зарарни етказа олмаслар. Қаламлар кўтарилди ва саҳифалар қуриди», дедилар». 
Термизий ривоят қилган. 
Шарҳ: Бир куни ушбу ривоятнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг хачирларига мингашиб олиб, у зотнинг ортларида кетаётган эдилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом у кишига бутун Ислом умматига зарур бўладиган ушбу ҳадиси шарифдаги гапларни айтдилар:
«Аллоҳни муҳофаза қилгин, У Зот сени муҳофаза қилади». 
Аллоҳ динининг амр ва наҳйиларини муҳофаза қилсанг, Аллоҳ таоло сени муҳофаза қилади. Зотан, У Зотдан ўзга муҳофаза қиладиган йўқ. Демак, зоҳид Аллоҳ таолонинг динига тўлиқ амал қилиш ила ўзининг Аллоҳ томонидан бўладиган муҳофазасини таъминлайди.
«Аллоҳни муҳофаза қилгин, У Зотни ўз рўбарўингда топасан». 
Банда Аллоҳ таолонинг динига оғишмай амал қилиши натижасида дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган даражага ҳам эришар экан. Ушбу жумладан англанадиган ҳақиқат шудир.
«Қачон сўрасанг, Аллоҳдан сўра». 
Чунки барча нарса У Зотнинг ихтиёридадир. У Зотдан ўзга берувчи йўқ. Бошқа зоҳирий берувчилар ҳам У Зотнинг амри ила У Зотнинг берганидан берадилар. Шунинг учун орага бошқани қўшмай, тўғридан-тўғри ҳақиқий берувчининг Ўзидан сўраш керак.
«Қачон кўмак истасанг, Аллоҳдан кўмак иста». 
Чунки ҳақиқий кўмакчи — У зотнинг ўзи. Бошқаларнинг барчаси кўмакка муҳтож.
«Ва билки, агар умматнинг ҳаммаси сенга манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа манфаатни бера олмаслар». 
Шунинг учун ҳаммани қўйиб, фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина таваккал қил.
«Агар уларнинг ҳаммаси сенга зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа зарарни етказа олмаслар. Қаламлар кўтарилди ва саҳифалар қуриди». 
Шунинг учун ҳаммани қўйиб, фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина таваккал қил.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Сени шакка солган нарсани қўйиб, шакка 
солмаган нарсага ўт. Албатта, содиқлик хотиржамликдир. Албатта, каззоблик шубҳадир», дедилар». 
Термизий, Акрлад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. 
Шарҳ: Банда бирор гап, иш ёки нарсанинг яхши-ёмонлигида, ҳалол-ҳаромлигида шакка тушиб қолса, ушбу ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда дарҳол уни тарк қилиши керак. Кўнгли тўлган нарсанигина ихтиёр қилмоғи лозим. Зотан, ёмон, ҳаром ва бўлмағур нарсаларга кўнгил чопмай туради. Кўнгил чопган нарса эса, одатда, яхши нарса бўлади.
Бу маънода фуқаҳоларимиз чуқур ва теран изланишлар олиб борганлар ва сиз билан бизга керакли маълумотларни қолдирганлар. Мисол тариқасида баъзи иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.
«Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир».
Яъни, ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир.
«У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар».
Бундоқ нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.
Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол, дейин деса, ҳаромга ўхшайди. Ҳаром, дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундоқ нарсалар «шубҳали нарсалар» дейилади. Асосий мушкуллик худди шу нарсалардадир.
«Шубҳа» сўзи луғатда, «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Аниқлиги йўқ бўлади.
Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани: «Икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун, икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса дейилади», деганлар.
Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири оддин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади.
Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.
2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам, машҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди.
Мисол учун, «зобб» номли калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.
3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.
4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо бу ҳукмнинг вақтинчалик ёки доимий эканлигида ихтилоф бор нарсалар. Ёввойи эшақ хачир ва отга ўхшаш нарсалар.
Мужтаҳид уламолар шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмини, яъни, ҳалол ёки ҳаромлигини оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва истисҳоблар билан солиштириб, ўрганиб чиқадилар. Сўнгра унинг ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейингина унга ҳалол ёки ҳаром деган сифат берилади. Юқоридаги зикр этилган нарсаларнинг зоти, яъни, аслидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотлардир.
Аммо зоти ҳалол бўлган нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:

1. Биринчи хили — ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.
Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хиддаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар шу ва шунга ўхшаш шубҳали ҳолатларда ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.
Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.
Яна бир мисол: Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги аниқ.
Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

2. Чегараланган ҳаром нарсанинг чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкул эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.
Мисол учун, бир одам ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканлигини яхши билади. Аммо ким эканлиги аниқ эмас. Шу сабабдан, ҳамма аёллар унга ҳаром, деб эълон қилинмайди, балки, хоҳлаганига уйланаверади. Уламоларнинг иттифоқи шундоқ.
Шунингдек, мол-дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг нималиги номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўладиган бўлса, кишилар учун катта танглик пайдо бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам рибохўрлиқ ўғирлик содир бўлган, кўп мол-мулкка ҳаром аралашиб кетган эди, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз шунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суриштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.
3. Чегараланмаган ҳаромнинг чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Ҳозирги замондаги моллар шунинг мисолидир. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарса,ина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки, шариатнинг ҳукми бўйича, моллар аслида ҳалолдир. Кишилардаги фисқ эса ғолибдир. Шариат қоидасига кўра, асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган молу дунё, рибохўрликдан келган фойда, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи талаб олинган моллар аралашиб кетган. Бу нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, ҳеч ким бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насрония аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртларидан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб, ишлатиб юрганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб, тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундоқ масалаларни жуда ҳам яхши ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар.
Ҳозирги уламоларнинг ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса Ислом фиқҳи мажмаъларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.
«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади».
Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам ўзининг дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиш керак.
Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзингни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.
Шубҳали нарсага нисбатан бўлиш керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади:
1. Вожиб.
Ўзиники ёки ўзганики эканлиги аниқ бўлмаган молни олмаслик.
2. Мустаҳаб.
Молининг кўпи ҳаром бўлган одам билан муомала қилмаслик.
3. Макруҳ.
Аллоҳ рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.
Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Уқба ибн Ҳорис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен бир хотинга ўйланган эдим, бир қора аёл келиб, мен билан хотинимни эмизганини даъво қилмоқда, у ёлғончи», деди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар. У ўз гапини у зотга иккинчи бор қайтарди. Шунда, у зот:
«Қандоқ қилиб?! Ахир у (аёл) икковингизни эмизганини даъво қилиб турибди-ку? Уни талоқ қил!» дедилар.
Шубҳа тушгани учун шундоқ қилдилар.
Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қийин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилавериш васваса, дейилади.
Уламоларимиз бундоқ васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Шу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, бу ердан уйлансам, билмай қариндошимга уйланиб қўйишим мумкин, деб, бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслиқ бирор кийимни, менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб, ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир.
Имом Қуртубий: «Бундоқ ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундоқ нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади», дейдилар.
Имом Ҳарамайннинг оталари Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Жувайнийга янги кийимни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб ювиб ташлаб, кейин киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:
«Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кийимларни ювишга амр қилган бўлсалар, бу нарса махфий қолмас эди», дедилар.
Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариатининг руҳидан узоқ нарсадир. Лекин муайян шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар:
«Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади». 
Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Сезгир ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Ожиз нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсалар орзу қилган одамдир», дедилар». 
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. 
Шарҳ: Бошқача айтганда, ўзини билган оқил одам ўзини ўзи тергаб, ҳавойи нафсини жиловлаб, Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади. Аҳмоқ эса ҳавои нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, У Зотга тавба ҳам қилмай, «Мени авф этишини орзу қиламан», деб юради. Аллоҳ таоло эса, «Тоатимга бахиллик қилганга қандоқ қилиб раҳматимни ҳадя қиламан», дейди.
Бу ҳақда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб қилинг ва катта кўрикка зийнатланинг. Бу дунёда ўзини ўзи тергаганларга ҳисоб енгил бўлади», дер эканлар.
Маймун раҳматуллоҳи алайҳи бўлсалар: «Киши худди шеригини таоминг қаердан, кийиминг қаердан, деб тергагандек, ўзини ўзи тергамагунича тақводор бўла олмайди», деганлар.
Ҳа, ҳар бир банда ўз нафсини доимо тергайдиган бўлмагунича, тақво, зуҳд ва соликликни даъво қила олмайди.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч тоифага Аллоҳ муҳаббат қилади. Уч тоифани Аллоҳ ёмон кўради. Аллоҳ муҳаббат қиладиганлар қуйидагилардир:
Бир киши бир қавмга келиб, улардан Аллоҳни ўртага қўйиб, ораларидаги яқинликни ўртага қўймай, бир нарса сўради. Улар унга бермадилар. Бас, бир одам улардан ажраб қолди ва унга яширинча берди. Унинг берган нарсасини Аллоҳ таолодан ва олган одамдан бошқа ҳеч ким билмади.
Бир қавм кечаси билан йўл юрди. Ҳатто уйқу уларнинг алмаштириш лозим бўлган нарсаларидан ҳам яхши кўриниб кетганда бошларини қўйдилар. Бас, битталари туриб Менга зиёда муҳаббат қилди ва оятларимни тиловат қилди.
Бир киши жангчи гуруҳда эди. Душманга йўлиқди. Улар енгилдилар. У эса то қатл қилингунича ёки фатҳ қилингунча кўкси ила олға отилди. 
Аллоҳ ёмон кўрадиган уч тоифа: зинокор чол, мутакаббир камбағал ва золим бойдир», дедилар». 
Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
Одамлар садақа қилишни истамай турган пайтда яширин равишда садақа қилиш.
Одамлар Аллоҳ таолога ибодатга ва қурбат ҳосил қилишга урина олмай қолганларида ҳам У Зотга муҳаббат ила ибодат қилиш.
Одамлар енгилиб қочганларида ҳам сабот билан туриш.
Қариганда гуноҳлардан яна ҳам йироқроқ бўлиш кераклиги. Чунки қариликнинг ўзи ваъз-насиҳатдир.
Ноўрин мутакаббирликдан ўта ҳушёр бўлиш лозимлиги. Оддий ҳолда ҳам мутакаббирлик қилишга рухсат йўқ. Фақирлик эса яна ҳам мутавозе бўлишни талаб қилади. Бунинг устига, мутакаббирлик қилиш Аллоҳнинг ёмон кўришига сабаб бўлади.
Шукр қилиш ўрнига зулм қилиш ёмон нарса эканлиги. Бойлик ва шунга ўхшаш нарсалар ўз соҳибидан Аллоҳ таолога шукр қилишни тақозо қилади. Шукр ўрнига ўзига ёки ўзгаларга зулм қилишга ўтиш эса, Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабаб бўлади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз жойларига кирдилар ва одамларни тишларини тиржайтириб турган ҳолларида кўрдилар-да:
«Агар сизлар лаззатларни бузувчини кўпроқ эслаганларингизда, мен сизларни кўриб турган ҳолингиздан машғул қилар эди. Бас, лаззатларни бузувчини - ўлимни кўп эслангиз. Ҳолбуки, қабр ҳар куни: «Мен - ғурбат уйиман. Мен - ёлғизлик уйиман. Мен - тупроқ уйиман. Мен - қуртлар уйиман», деб туради. Бас, қачон мўмин банда дафн қилинса, қабр унга:
«Марҳабо! Хуш келдинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра маҳбубсан. Бугун сенга валий бўлсам ва сен мен томон келсанг, сенга нима қилишимни кўрасан», дейди.
Бас, у унинг кўзи етгунча масофага кенгаяди. Унинг учун жаннатга эшик очилади.
Қачон фожир ёки кофир дафн қилинса, қабр унга:
«Сенга марҳабо йўқ! Хуш келмадинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра ёмон кўрилгансан. Бугун сенга валий бўлсам ва сен мен томон келсанг, сенга нима қилишимни кўрасан», дейди.
Бас, у унинг устидан қисади ва унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар ва сўзларида давом этиб:
«Кейин унга етмишта катта илон юборилади. Уларнинг бир донаси ерга пуфласа, дунё тургунча у ерда бирор нарса ўсмайди. Бас, улар уни то ҳисобга олиб борилгунча чақиб ва ютиб турадилар», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Албатта, қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир», дедилар».
Термизий ривоят килган. 
Шарҳ: Ҳар бир банда ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб, ўлимни кўп ўйлаши ва унга тайёргарлик кўриши зарур. Қабрга кириши билан бандага ёруғ дунёдаги эътиқоди ва қилган амалларига яраша яхши ёки ёмон муомала қилиш бошланишини ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги лозим. Қабр азобини ўйлаб юришнинг ўзи ақли-хуши жойида бўлган ҳар бир бандани тўғри йўлга солиб қўйиши турган гап. Шунинг учун ҳам нақшбандия тариқатида ҳар бир зикр жалсасидан олдин йўлга қўйилган уч боғланишдан бири — «Робитатул мавт», яъни, ўлим ила боғланиш бўлган. Унда зокир ўлимни ва ундан кейин бўладиган ҳолатларни бирмабир ёдга олади ва кейин зикрга ўтади. Ҳар бир киши ўз тажрибасида бу ишни йўлга қўйиб олмоғи даркор.

 Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким пок еса, суннатга амал қилса ва одамларни ўз ёмонликларидан омон қилса, жаннатга кирадир», дедилар. 
«Эй Аллоҳнинг Расули, бугунги кунда бу нарса одамлар ичида кўпдир», деди. 
«Мендан кейинги асрларда ҳам бўладир», дедилар». 
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган. 
Шарҳ: Ҳалол юриб, ҳалол турган, шариат қоидаларига мувофиқ яшаган ва одамларга ёмонлик қилмаган одамлар жаннатилардир. Улар, алҳамдулиллаҳи, ҳамма замонларда бўлганлар ва бўладилар ҳам, иншааллоҳ. Бас, ўшалардан бўлишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ иккинчи ҳижрий асарда 107ҳ187ҳ яшаб ўтган тасаввуфнинг кўзга кўринган вакилларидан, руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бўлиб, Обидул давоми...

4045 05:00 / 01.03.2017
Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга оширишиучун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос давоми...

4316 05:00 / 28.02.2017
Буюк хулқ соҳибиПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли хулқлари у зотни .энг севимли, энг суюкли, мақомларига чиқарди. Аллоҳ таъоло бизга бу давоми...

5757 13:30 / 07.03.2019
.Мурид, сўзи арабча бўлиб, .ирода қилувчи, деган маънони англатади. Аҳли тасаввуф бу истилоҳни Қуръони каримнинг Каҳф сурасидаги .Ўзингни эртаю кеч давоми...

5200 12:40 / 27.04.2019