Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (1-дарс) Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари

10:46 / 17.08.2018 11592 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди: «Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталаридаги сулҳ пайтида жўнаб кетдим. Шомда эканимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳирақлга мактуб олиб келинди. Уни Диҳятул Калбий олиб келди. Уни Бусронинг бошлиғига берди. Бусронинг бошлиғи уни Ҳирақлга берди. Ҳирақл: «Бу ерда ўша набийман деяётган одамнинг қавмидан бирор киши борми?» деди. «Ҳа»,  дейишди. Мен бир тўп қурайшликлар билан бирга чақирилдим. Ҳирақлнинг олдига кирдик. У бизни қаршисига ўтқазди ва: «Қай бирингиз ўша набийман деяётган одамга насаб жиҳатидан яқинсиз?» деди. Абу Суфён айтди: «Мен», дедим». Шунда мени унинг олдига ўтказишди. Шерикларимни орқамга ўтказишди. Кейин таржимонини чақирди ва: «Уларга айт, мен манавидан анави ўзини набий деяётган одам ҳақида сўрайман. Агар менга ёлғон гапирса, ёлғон гапирганини айтинглар», деди. «Аллоҳга қасамки, агар мени ёлғончи дейишларидан қўрқмаганимда, албатта ёлғон гапирган бўлардим», деди Абу Суфён.

Кейин таржимон орқали суҳбат бошланди:

Ҳирақл: Ичингизда унинг насаби қандай?

Абу Суфён: У ичимизда соҳибнасабдир.

Ҳирақл: Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?

Абу Суфён: Ночорлари.

Ҳирақл: Улар кўпаймоқдами ё озаймоқдами?

Абу Суфён: Кўпаймоқда.

Ҳирақл: Бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб, диндан чиқяптими?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Унга қарши жанг қилдингларми?

Абу Суфён: Ҳа.

Ҳирақл: Унга қарши жангингиз қандай бўлди?

Абу Суфён: Гоҳ ундай, гоҳ бундай. Баъзан у бизни енгади, баъзан биз уни енгамиз.

Ҳирақл: У хиёнат қиладими?

Абу Суфён: Йўқ. Биз ҳозир у билан сулҳ муддатидамиз, нима қилишини билмаймиз (Абу Суфён ушбу гапларни одамларга айтаётиб, «Ҳирақл менга ушбу калимадан бошқа гап қўшишга имкон бермади», деган).

Ҳирақл: Бу гапни ундан бошқа бирортаси айтганми?

Абу Суфён: Йўқ.

У таржимони орқали бундай деди: «Мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, у ичингизда соҳибнасаблигини айтдинг. Набийлар доимо ўз қавмининг соҳибнасаби бўлиб юбориладилар.

«Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Агар ота-боболаридан подшоҳ ўтгани бўлганида, ота-боболарининг мулкини талаб қилмоқда, дер эдим.

«Унга одамларнинг обрўлилари эргашдими ёки ночорларими», деб сўрадим. «Ночорлари», дединг. Ана шундайлар набийларнинг эргашувчиларидир.

«Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Демак, билдимки, албатта, у одамларга ёлғон гапирмай юриб, Аллоҳга ёлғон гапириши мумкин эмас.

«Бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб, диндан чиқяптими», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Иймон қалбларга йўғрилганда шундай бўлади.

«Улар кўпаймоқдами ё озаймоқдами», деб сўрадим. «Улар кўпаймоқда», дединг. Иймоннинг иши шундай камолга етади.

«Унга қарши жангингиз қандай бўлди», деб сўрадим. «Гоҳ ундай, гоҳ бундай. Баъзан у бизни енгади, баъзан биз уни енгамиз», дединг. Расуллар шундай синаладилар. Сўнгра оқибат уларники бўлади.

«У хиёнат қиладими», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Ана шундай, расуллар хиёнат қилмайдилар.

«Биров ундан олдин бу гапни айтганмиди», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Агар биров ундан олдин бу гапни айтган бўлганида, ўзидан олдин айтилган гапни айтмоқда, дер эдим», деди.

Сўнгра у (Ҳирақл): «У сизларни нимага буюради?» деб сўради.

«Бизни намозга, закотга, силаи раҳмга ва иффатга буюради», дедим.

«Агар сен айтган гап ҳақ бўлса, албатта, у Набийдир. Мен унинг чиқишини билардим. Унинг сизлардан эканини ўйламаган эдим. Агар унга етиша олганимда, у билан учрашишга уринар эдим. Агар унинг ҳузурида бўлганимда, оёқларини ювар эдим. Унинг салтанати оёқларим остига ҳам етиб келади», деди.

Кейин у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини опкелтирди. Уни ўқиди. Қарасам, унда шундай дейилган экан:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Рум подшоҳи Ҳирақлга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом даъватига чақираман. Мусулмон бўл, омон қоласан. Мусулмон бўл, Аллоҳ ажрингни икки ҳисса қилиб беради. Агар юз ўгириб кетсанг, арисийларнинг гуноҳи зиммангга бўлади. «Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамиздаги баробар сўзга келинг. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Робб қилиб олмайлик» (дегин). Шунда агар юз ўгирсалар, «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар»

У мактубни ўқиб бўлиши билан ҳузурида овозлар кўтарилиб, шовқин-сурон кўпайиб кетди. Бизни чиқаришга буюрилди, чиқиб кетдик. Чиққанимиздан кейин асҳобларимга: «Ибн Абу Кабшанинг иши зўрайиб кетди-ку! Ундан Бану Асфарнинг подшоси ҳам қўрқмоқда», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига ва у зотнинг зоҳир бўлишларига ишончим комил бўлди. Охири Аллоҳ қалбимга Исломни жо қилди».

Зуҳрий айтади: «Сўнгра Ҳирақл Румнинг улуғларини чақириб, бир уйга тўплади ва: «Эй Рум улуғлари! Сиз нажотни, абадул абад рушду ҳидоятни ва мулкингиз собит бўлишини истайсизми? (Унда шу Набийга байъат қиласиз!)» деди.

Шунда улар ёввойи эшаклардек ўзларини эшикларга уришди. Эшиклар қулфлоғлиқ эди. «Уларни олдимга қайтариб келинглар», деди ва: «Мен ҳалиги гапларни сизларнинг динингизда мустаҳкамлигингизни синаб кўриш учун айтган эдим. Ҳақиқатан, сизларда ўзим истаган нарсани кўрдим», деди. Барчалари унинг оёғига йиқилдилар ва ундан рози бўлдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

2. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менинг исмларим бор: Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этади. Мен Ҳоширман, Аллоҳ оёқларим олдида одамларни ҳашр этади. Мен Оқибман, мендан кейин бирорта (пайғамбар) келмайди». Батаҳқиқ, Аллоҳ у зотни Рауф ва Роҳийм, деб атаган.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

3. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларини бир неча исмлар билан номлар эдилар: «Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийюттавбаман, Набийюрроҳмаман»,   дер эдилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

4. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Амр ибн Абаса Суламий айтди: «Жоҳилиятдаги пайтимда «Одамлар залолатда, улар модомики бутларга ибодат қилишар экан, ҳеч нарсага эриша олишмайди», деб юрардим. Шунда Маккада бир киши нималарнингдир хабарини бераётганини эшитдим. Уловимга миниб, унинг олдига бордим. Қарасам, қавмининг (озор беришга) журъатидан яшириниб юрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Пайт пойлаб туриб, Маккада у зотнинг олдиларига кирдим. Шунда мен у зотга: «Сен кимсан?» дедим. «Мен Набийман», дедилар. «Набий нима?» дедим. «Мени Аллоҳ юборди», дедилар. «Сени нима билан юборди?» дедим. «Мени силаи раҳм, бутларни синдириш, Аллоҳни ягона деб билиш, Унга бирор нарсани шерик қилмаслик билан юборди», дедилар. Мен у зотга: «Бунда сен билан ким бирга?» дедим. «Ҳур ва қул», дедилар. У зотга иймон келтирганлардан Абу Бакр ва Билол ўша куни бирга эди. «Мен сенга эргашаман!» дедим. «Бу кунда сен бунга қодир эмассан. Ҳолимни ва одамларнинг ҳолини кўрмаяпсанми? Сен ҳозир аҳлинг ҳузурига қайт. Менинг устун бўлганимни эшитганингда ҳузуримга кел», дедилар.

Шунда аҳлим ҳузурига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Мен эса аҳлимнинг олдида эдим. Хабарларни кузатиб турдим. У зот Мадинага келганларида одамлардан сўрар эдим. Мадинадан Ясриб аҳлининг бир гуруҳ одамлари ёнимга келганида: «Мадинага келган анави одам нима қилди?» дедим. «Одамлар (эргашишда) у томон шошилишмоқда. Қавми уни ўлдирмоқчи бўлган эди, лекин бунга қодир бўлмади», дейишди.

Мадинага бордим. У зотнинг ҳузурларига кирдим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танидингизми?» дедим. «Ҳа, сен мен билан Маккада учрашгансан», дедилар. «Худди шундай, эй Аллоҳнинг Набийи! Менга Аллоҳ сизга таълим бергану, аммо мен билмайдиган нарсадан хабар беринг. Менга намоздан хабар беринг», дедим. У зот айтдилар: «Бомдод намозини ўқи. Кейин қуёш чиқиб кўтарилиб бўлгунича намоздан тийилиб тур. Чунки у чиқаётган пайтда шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар унга сажда қилишади. Сўнгра намоз ўқийвер. Чунки то соя найзага тенг бўлгунча намоз (фаришталар тарафидан) гувоҳ бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Сўнгра намоздан тийил. Чунки у пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачон соя қайта бошласа, шунда намоз ўқийвер. Чунки намоз (фаришталар тарафидан) гувоҳ бўлинган ва ҳозир бўлингандир. Бу то асрни ўқигунингчадир. Сўнгра то қуёш ботгунча намоздан тийил. Чунки, у шайтоннинг икки шохи орасида ботади ва ўша пайтда унга кофирлар сажда қилади».

Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Набийи, таҳорат-чи? Менга шундан гапиринг», дедим. Шунда у зот айтдилар: «Сиздан ким таҳоратига яқинлашса ва оғзини чайиб, бурнига сув олиб тозаласа, албатта, унинг юзидаги, оғзидаги ва бурнидаги хатолари тўкилади. Сўнгра юзини Аллоҳ буюрганидек ювса, албатта, юзининг хатолари соқолларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки қўлини чиғаноғи билан ювса, албатта, икки қўлининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра бошига масҳ тортса, албатта, бошининг хатолари сочларининг атрофидан сув билан бирга тўкилади. Сўнгра икки оёғини тўпиқлари билан ювса, албатта, оёқларининг хатолари бармоқларининг учидан сув билан бирга тўкилади. Шунда агар у туриб намоз ўқиса, Аллоҳга У зот муносиб бўлган ҳамду сано айтса, У зотни улуғласа ва қалбини Аллоҳ учун холи қилса, албатта, у хатосидан худди онаси уни туққан кунидек ҳолга қайтади».

Амр ибн Абаса бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Абу Умомага айтиб берди. Шунда Абу Умома унга: «Эй Амр ибн Абаса! Нимани деяётганингга назар сол! Кишига бир мақомда шу нарса бериладими?» деди. Амр унга айтди: «Эй Абу Умома! Батаҳқиқ, ёшим улғайди. Суягим мўртлашди. Ажалим яқинлашди. Менинг Аллоҳга ва Расулуллоҳга ёлғон гапиришга ҳожатим йўқ. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки, уч марта... деб (то еттигача санади) эшитмаганимда, буни асло айтмас эдим. Лекин мен уни бундан ҳам кўп эшитганман».

Муслим ривоят қилган.

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ азза ва жалла ўзининг тоатига бўлган буйруқни Расули саййидимиз соллаллоҳ алайҳи васалламга бўлган итоатга боғлади. Кейин уни такрор ва такарор таъкидлаб, давоми...

4542 16:50 / 12.02.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган давоми...

5391 11:00 / 14.11.2020
306. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Айтингларчи, агар бирингизнинг давоми...

3997 19:05 / 20.12.2019
316. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан давоми...

1761 19:00 / 24.11.2023