1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

НОЎРИН ҒАЗАБ

05:00 / 28.02.2017 5506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ғазаб» луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни «ғазба» дейишади. Ғазаб ҳам шундан олинган. Зотан у қаттиқ жаҳл чиқишини англатади.

Уламолар ғазаб хусусида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифлар айтганлар.
Журжоний «Таърифот»да ғазабни: «У қалбнинг қони қайнаганда кўксида ҳосил бўладиган бахтсизликдан шифо топадиган ўзгаришдир», деб таърифлаган. (167-бет).
Имом Ғаззолий: «Ғазаб қалб қонининг интиқом талабида ғалаён қилишидир», деган.
Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида сўз юритиб шундай дейди: «Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада – тафрийт (камчилик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар».
Тафрийт (камчилик) ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай инсон ҳамияятсиз одам дейилади ва жуда ҳам маззаммат қилинади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий: «Кимнинг ғазаби қўзғотилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган.
Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзига номуссизлик ва хорликни раво кўрадиган бўладилар.
Ифрот (ортиқчалик) ғазаб сифати ғолиб бўлиб, ақл, дин ва тоат чегарасидан чиқиб кетишгача олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади, тафаккур ва ихтиёр қолмайди.
Ғазабдаги мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши ақл ва диннинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганда қўзғолади, ҳилм керак бўлганда босилади. Ғазабни мўътадил ҳолда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандаларидан талаб қилган мустақимлик ҳолатидир. Ана ўша ўртачаликдир.
Бас, ким ўзида ғазабда футурга кетиш, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак. Ким ўзида ноўрин ғазаб, ҳаддан ошишини, ман қилинган ишларни қилишга рағбатни ҳис қилса, ўзидаги ғазаб оловини ўчириш ҳаракатида бўлсин.
Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутишнинг пайидан бўлсин. Мана шу мўътадиллик сироти мустақиймдир».
Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада ноўрин ғазаб қаттиқ қораланиб, уни ютиш тарғиб қилинган.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир», деган (37-оят).
Мазкур улуғ мақомга сазовор бўладиган жамоа аъзоларида бўлиши шарт қилинган сифатлар – «ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар»дан бўлиш.
Яъни, бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш. ўазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради.
Лекин бу умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас. Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб бўлади, олийжаноблик ҳисобланади.
Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатларни инкор этиш йўқ, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади. Лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади.
Демак, ҳамма нарса, жумладан, ғазаб ҳам, ҳилм ҳам, ўрнида бўлиши керак. Шоир айтганидек, «Ноўрин ҳалимлик жаҳолатдир».
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Ҳумайд ибн Абдурроҳмандан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади:
«Бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди.
У зоти бобаракот: «Ғазаб қилма», дедилар.
«Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан
». Аҳмад ривоят қилган.
Саҳл ибн Муоздан, у отасидан ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», дедилар». Аҳмад ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига келиб: «Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди.
«Ғазаб қилма!» дедилар.
У ўз сўзини бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар: «Ғазаб қилма!» дедилар
». Термизий, Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган.
Саҳл ибн Муоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ъийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Ғазабнинг зарарлари:

1.Ғазаб Роҳман ва Роҳийм Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради.
2.Ғазаб шайтонур-рожиймни рози қилади.
3.Ғазаб одамлар орасини бузади.
4.Ғазабдан ҳасад ва фисқу фасод чиқади.
5.Ғазаб ақл ва дин нуқсонлигининг аломатидир.
6.Ғазаб ортидан узр айтиш ва надомат келади.
7.Ғазаб кўзни кўр, қулоқни кар қилади.
8.Ғазаб ўз эгасига одамлар нафратини келтириб чиқаради.

ҒАЗАБНИНГ САБАБЛАРИ ВА ДАВОСИ

Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, жумладан қуйидагиларни айтиш мумкин:
1.Манманлик.
2.Мазах.
3.Ҳазил.
4.Масхара.
5.Айблаш.
6.Риёкорлик.
7.Алдамчилик.
8.Мансабпарастлик.
9.Дунёпарастлик ва бошқалар.
Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади.
Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади:
1. Ғазабни ютиш, афв қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш.
Молик ибн Авсдан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга:
«Эй мўминларнинг амири! «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дедим (Аъроф, 199-оят). Умар ўзига ўзи: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дея бошлади.
У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп таъммул ва тадаббур қилар эди. Бироз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди».
Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди- да, сўнг «Ва ғазабни ютувчилар» оятини ўқиб туриб, ғуломига: «Уни қўйиб юбор!» деди.
2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш.
Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи «Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан, Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра афв қилай, ўзим ҳам қиёмат куни афв қилинсам, ажаб эмас», дейди.
3. Ўзини ўзи адоват ва ўч олиш оқибатидан огоҳлантириш.
Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди.
4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш. Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Одамлар ғазабланган кимсанинг қутирган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин.
5. Ғазабни ютмаслик ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш. 
Эҳтимол, шайтон унга «Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверсанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!» деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига: «Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!» дейиши керак.
6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.

Ғазабнинг амалий давоси:

Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»дир , дедилар.
Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди
». Тўртовлари ривоят қилишган.
Ғазаби чиқиши олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир-рожийм»ни айтиб турмоғи лозим.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан кимда ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетади, бўлмаса ёнбошласин», дедилар
». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил ал-Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди:
Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса, Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У зот ҳар бир нарсани кўриб билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилишини билиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши зарур.

ҒАЗАБНИ ЮТИШНИНГ ФАЗЛИ

Ғазабни ютиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бунга ҳар қандай одам ҳам қодир бўла олмайди.
Аллоҳ таоло ғазабни ютувчиларни мадҳ қилган: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», деган (“Оли Имрон” сураси, 134-оят).
Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар Эй умматим, сиз учун қўрққанларимнинг энг қўрқинчлиси икки нарсадир1. Ҳоюхавас.2. Ҳавойи нафсга давоми...

3536 12:02 / 20.11.2018
. ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дунё мўминнинг зиндони ва кофирнинг жаннатидир,, дедилар,. Аллоҳ давоми...

3004 19:00 / 03.09.2022
Хавф ва ражо бирга бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган. . , . ,. . Анас розияллоҳу давоми...

1866 19:00 / 23.09.2023
иккинчи мақола . ,. .Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай давоми...

4232 20:04 / 04.01.2020