1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир

19:30 / 20.12.2018 4777 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир одам доим шундай дуо ўқиркан:

– Эй осмони фалакни ўз низомида тутган Аллоҳ, масъулиятсиз дунё ҳаётидан мени қутқар!..

Муҳаммад ибн Мунқадир: «Одамлар бўладики, йилларча рўза тутади, тунлари эрталабгача намоз ўқийди, молини Аллоҳ йўлида харжлайди, Аллоҳ йўлида жиҳод қилади ва ҳаром-харишдан тийилиб юради. Шундай бўлса ҳам, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига келтирилганда унга шундай деб хитоб қилинади:

– Бу, Аллоҳ кичик қилган нарсани кўзида (назарида) катталаштирди, Аллоҳ катта қилган нарсани эса кичик кўрди.

Қиёмат куни бундай хитобни эшитганда бу кишининг ҳоли нима бўлади? Ҳолбуки, баъзилар, гуноҳ қилган бўлсалар ҳам, бундай дағдағали хитобга маъруз қолмайдилар.

Абу Ҳозим:

– Аллоҳ йўлида кетмоқчи бўлсанг ҳеч бир ёрдамчи тополмайсан, лекин исён йўлига кирмоқчи бўлсанг, нимагаки қўл урма, остидан мутлақо сенга ёрдамчи бир ёмоннинг чиқиб турганини кўрасан.

Абдуллоҳ ибн Муборак:

– Масъулиятсиз, кайфу сафо ичра яшаш иштиёқи ва гуноҳлар қалбни бутунлай ўраб олади, яхшилик ва ҳақиқат туйғулари қалбга қандай қилиб кирсин!

Ваҳоб ибн Мунаббиҳ:

– Кимда-ким қўлга киритган бир дунёлиги сабаб бўлиб қаттиқ севинса, хато қилган бўлади. Кимда-ким нафсининг ҳавойи орзуларини оёқ остига олса, ўзини орқаворотдан таъқиб этиб келаётган шайтонни қувган бўлади. Кимнингки илми ҳавойи нафсини енгиб олса, у кимса шак-шубҳасиз, музаффар бўлажакдир.

Бишрга дерларки:

Фалончи ўлди! Дер:

– Дунё йиғди, охиратга кетди, ўзини ҳалок қилди. Дерлар:

– У шундай шундай яхшилик қиларди. Дер: У айтганларингиз унга фойда бермайди. Чунки у дунёга сиғинарди.

Исмоил ибн Иёш:

– Таниқли дўстларимиз ҳавойи нафсга мослашиб яшалган дунё ҳаётини «тўнғиз ҳаёти» деб атардилар ва шундай ҳаёт кечирувчи кишиларга: «Биздан нарироқ тур, эй тўнғиз» дердилар.

Агар бундан ҳам хунукроқ бир калима топсайдилар, шубҳасизки, уларга ўша сўзни лақаб қилиб тақардилар.

Биндоp:

– Агар дунёга сиғинувчиларнинг тўғрилик ва тақводан гап очганларини кўрсанг, билиб қўйки, улар бу ҳолда шайтон масхараларидирлар.

– Ким дунёга сиғинса, дунёнинг олови, яъни ҳирс уни ёндиради, оқибатда у маънан қул ҳолига келади. Ким, охират ҳаётини ўйласа ва Аллоҳ кўрсатган ахлоқ асосларига риоя қилса, у бамисоли ўз-ўзидан соф кумуш парчаси олиб фойдалангандай бўлади. Ким Аллоҳга юз тутса, тавҳид олови шундай қиздирадики, қиёматда у беқиёс бир гавҳар ҳолига келади.

Ҳазрати Али:

– Дунё ҳаёти олти нарсадан иборатдир:

1. Ейилувчи нарсалар.

2. Ичилувчи нарсалар.

3. Кийилувчи нарсалар.

4. Минилувчи нарсалар.

5. Никоҳланувчилар.

6. Ҳидланувчи нарсалар.

Ейилувчи нарсаларининг энг қийматлиси бол, у эса арининг чиқиндисидир.

Ичилувчи нарсаларнинг энг қийматлиси сув, уни ичишда яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам (ҳаромлар ҳам, ҳалоллар ҳам) баробардир.

Кийилувчи нарсаларнинг энг қийматлиси ипак, у эса қуртнинг чиқитидир.

Минилувчи нарсаларнинг энг тузуги от, унинг устида эса, жанг чоғи инсонлар ўлдирилади.

Никоҳланувчиларнинг энг шарафлиси хотин, у ҳам ясан тусанлари сабабли бир қатор ёмон феълларнинг туғилишига сабаб бўлади.

Ҳидланувчи нарсаларнинг энг қийматлиси мушкдир, унинг асли эса қондан иборатдир.

Ҳикмат аҳлидан бири:

– Кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир. Эй инсон, замон ҳар кун сени ўқлари билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб, кечаю-кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин? Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонликлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, келиб кетган у кунлардан ўтаканг ёрилар, сўнг зир югуриб кетардинг, тез келиб-кетган соатларинг нималарга сарфланганини кўриб жирканардинг. Лекин Аллоҳнинг тадбири тадбирларнинг аълосидир. Дунё ташвишларидан узоқбўлганда ҳаёт тотли кўринади, албатта, лекин аслида сен завқ деб ўйлаган нарсалар кимёгарнинг ханталдан (горчицадан) олган аччиғидан ҳам аччиқдир. Ҳавойи нафсга берилиб яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шу қадар кўпдирки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар. Аллоҳим, Ўзинг бизни тўғри йўлга сол!

Бир аҳли ҳикматдан дунё ҳаётини тавсифлашни сўрашганда, шу жавобни берган эди:

– Дунё ҳаёти сен ичида бўлган ондан иборатдир. Чунки, ўтган ўтмиш бўлиб қолади, ортиқ ҳеч нарсалик бўлолмайсан. Келажагинг эса қандай бўлишини билмайсан. Вақт шундай нарсаки, тун кундузнинг ўлимидан хабар беради. Туннинг бошланиши куннинг завол топганини билдирувчи бир ишоратдир. Тинимсиз келиб-кетган ҳодисалар инсонларни ўзгартиради, эскитади, қаритади. Вақтнинг вазифаси жамоаларни сочиб ташламоқ, сараламоқ ва неъматларни йўқотмоқдан иборатдир. Орзу-ҳаваслар чексиз, умр қисқа, ҳар нимарса эса ёлғиз Аллоҳга қайтади.

Амавий халифаларидан Умар ибн Абдулазиз бир хитобида шуларни айтганди:

– Эй сизлар, бу дунёда абадий яшамоқ учун яратилмадингиз. Эй Аллоҳнинг бандалари, сиз шундай бир дунёдасизки, у ерда сиз учун еганларингизда ҳам, ичганларингизда ҳам қувончу ҳаловат йўқ. Бир томондан қўлга киритган неъматларингиз туфайли севинсангиз, иккинчи томондан қўлдан чиқарган нарсаларингиз учун маъюсланасиз. Қаерга кетаётганингизни, қаерда абадий қолишингизни билингда, ўша ҳаёт учун ҳаракат қилинг.

Қуйидаги гапларни бир хутбасида Ҳазрати Али айтган эди:

– Эй инсонлар, қанчадан-қанча кишилар борки, бир неча кунлик умрлари қолганини билмайдилар, лекин улар ҳамон очкўзлик билан дунёлик пайида бўладилар. Дyнёда кўрган зарарларингиз туфайли йиғлаб сиқтаманг, чунки улар келаверади, кетаверади қўлга киритган неъматларингиз туфайли жуда хурсанд бўлиб ҳам кетманг, чунки вақги-соати келгач у неъматлар йўқолади. Мен очкўзлик билан дунёлик пайида ҳовлиқиб юрган кимсалаpни кўрсам ҳайратланаман, чунки ўлим унинг кетида юрибди-ку, нега у бунчалик ғофил, дейман. Ҳолбуки, ўлим ундан ғофил эмас.

Шундай қилиб, дунё ҳаётининг бундай қийматсиз эканлигини англаган илгариги олим, ориф, фозил ва адиб кишилар тежамли ҳаёт кечирдилар, эҳтиёжлари даражаси билан қаноатланиб, бойликларининг аксариятини Аллоҳ йўлида сарф этдилар. Устларини бекитадиган даражада кийиндилар, очликларини қондирадиган даражада овқатланиш билан кифояландилар. Дунёга фоний кўзи билан, охиратга боқий кўзи билан қарадилар. Бу дунёларидан кўпроқ охиратларини ясатдилар, охиратларини обод қилдилар. Охиратни қалб кўзи билан ҳам, юздаги кўзлари билан ҳам кўражакларини англаб етдилар. Келажакда қалблари билан ҳам охиратга кўчажакларини билганлари учун ҳозирдан қалбан у ерга кўчдилар. Бу дунёда қисқа бир вақт заҳмат чекдилар, лекин охиратда улар абадиян неъматларга мазҳар бўлажаклар буларнинг бари Аллоҳи Каримнинг тавфиқи биландир.

Аллоҳнинг севганини севдилар, севмаганини севмадилар.

Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” асаридан

Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири бахилликдир..Бахиллик, луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

3251 19:00 / 18.04.2022
Гарчи вақти таъйин қилинган бўлсада ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Чунки, у сенинг қалб кўзинга нуқсон давоми...

3649 05:00 / 01.03.2017
Нафснинг шаҳватлари фақат ёмонликдан иборат эмас. Улардан фойда ҳам бор. Таом шаҳвати бўлмаса, ғизо тановул қилинмас эди. Жинсий шаҳват бўлмаса, насл қирқилар эди. давоми...

2941 13:00 / 31.10.2020
Баъзида киши таҳажжуд намози ўқийдиган одамлар билан бирга тунаб қолиши мумкин. Улар кечанинг кўп қисмини намоз ўқиш билан ўтказишар экан. У эса маълум соатдагина давоми...

2999 17:00 / 25.12.2021