1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

РИЁ

05:00 / 28.02.2017 16925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири риёдир. «Риё» сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва одамлар кўрсин маъноларини англатади. Охирги маъно риё учун хосдир.

Ибн Ҳажар Асқалоний риёни қуйидагича таърифлайди: «Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир».
Таҳонавий риёни қуйидагича таърифлайди: «Риё яхшиликни бошқалар кўрсин учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди».
Башарият мубтало бўладиган маънавий хасталиклар ичида энг ёмони ширкдир. Чунки ширк туфайли робблик ҳақи эгасидан бошқага берилади. Бандалик унга лойиқ бўлмаган зотга қилинади. Шу билан бирга, ширк башар қалбини парчаловчи омилдир. Чунки у туфайли инсон қалби бир неча тарафга сиғинишга мажбур бўлади. Унинг тошга, ҳайкалга, дарахтга, ҳайвонга ва бошқа нарсаларга ибодат қилаётганини гувоҳ бўласиз.
Тавҳид ақийдасини лозим тутган мусулмон инсон мазкур нарсаларнинг барчасидан холос бўлган ҳур инсондир. Аммо унинг махфий ширк хасталигига чалиниш хавфи бор.
Бу хасталикнинг номи риё. Ўз амали ила холисона Аллоҳ таолонинг розилигини итамаган риёкор ҳалокатга учрашини баён қилувчи очиқ-ойдин далиллар келган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетгазманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас», деган (264-оят).
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!» деган (38-оят).
Бу оятда Аллоҳ хуш кўрмайдиган мутакаббир ва фахрланувчи кимсаларнинг баъзи сифатлари зикр қилинмоқда. Улар аслида бахил бўлиб, молни яхшиликда сарфлашдан қочадилар. Аммо бордию сарфласалар ҳам, ояти каримада келганидек, кишилар кўрсин учун, риёкорлик учун сарфлайдилар.
«Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар».
Демак, бахил бўлиш ҳам Аллоҳ таолога ёқмайди. Риёкорона нафақа бериш ҳам Аллоҳ таолога ёқмайди. Чунки риёкорнинг мол сарфлашдан кўзлаган мақсадлари одамлар кўрсин ва эшитсин, гап қилсин, мақтасин, дейишдир. Аллоҳ учун, Унинг розилиги учун эмас.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турурлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қилурлар», деган (142-оят).
Аллоҳ таоло «Моъуун» сурасида: «Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир», деган (4–6-оятлар).
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.
Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида: «Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», деган (110-оят).
Риё ҳақида айтилган ҳадислардан намуналар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таборак ва таоло: «Мен шерикка энг беҳожат Зотман. Ким бир амал қилсаю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шерик қилишини ҳам тарк этурман», деди». Муслим ривоят қилган.
Бу ерда амалда риёкорлик қилиш ширкка тенглаштирилмоқда. Шунинг ўзидан риёкорлик қанчалар ёмон нарса эканини билиб олса бўлади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан Жуббул ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул ҳазан нимадир?» дейишди.
«Жуббул Ҳазан, жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.
«Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».
Қуръонни Аллоҳ учун эмас, одамлар мақтови учун, фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундоқ қилади, бундоқ қилади, дейишлари учун ўқийдиган қорилар. Қаранг, Аллоҳнинг каломини ўқиш ҳам ният ва ихлос билан бўлмаса, риёкорлик учун бўлса қанчалик оғир оқибатларга олиб келиш мумкин экан.

Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қачонки, Аллоҳ қиёмат кунида- бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа, бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат Зотдир», деб нидо қилади». Термизий ривоят қилган. Аллоҳ билувчидир.

Риёнинг зарарлари:

1.Риё амалнинг савобини зое қилади.
2.Риё Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабабдир.
3.Риёкор Аллоҳ таолонинг лаънатига сазовордир.
4.Риё ҳалокатга олиб борувчи гуноҳи кабирадир.
5.Риё риёкорнинг ғоятда жоҳил эканинига далил бўлади.
6.Риё фақирликни жалб қилади.
7.Риё ўз соҳибини фитналарга гирифтор қилади.
8.Риё эгасини қиёмат куни халойиқнинг олдида шарманда қилади ва бошқалар.

Риёнинг қисмлари.

Риё бир неча тури бор

Биринчи тури. Бадан ила риё қилиш. Бунда озғинлик ва сарғайишни зоҳир қилинади. Бу билан қаттиқ ижтиҳод қилаётгани, дин учун маҳзунлик ва охират хавфи кучли эканини одамларга кўз-кўз қилишга ҳаракат қилинади.
Аҳли дунёнинг риёси семизлик, рангнинг тозалиги, қоматнинг мўътадиллиги, юзнинг гўзаллиги, баданнинг поклиги ва аъзоларнинг қуввати ила бўлади.
Иккинчи тури. Ташқи кўриниш ва кийим ила бўлади. Бунда сочни тўзиган ҳолда тутиш, юзда сажда асарини қолдириш, қўпол кийим кийиш, енгини калта қилиш, кийимни покламаслик, уни йиртиқ ҳолида қўйиш кабилар суннатга эргашиш даъвоси сифатида қилинади.
Аҳли дунёнинг бу борадаги риёси нафис кийимлар, муҳтарам маркаблар, кийим ва маскандаги турли кенгликлар ва жамоллар ила бўлади.
Учинчи тури. Гап-сўз ила бўладиган риё. 
Бу турдаги риё дин аҳлида ваъз ва иршодда, ҳикматни нутқ қилишда, илмнинг кўплигини билдириш учун хабарлар ва асарларни ёд олиш билан бўлади.
Шунингдек, одамлар жамланган ерда лабини қимирлатиб, зикр қилиб туриш, уларнинг олдида амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш билан бўлади.
Аҳли дунёнинг бу турдаги риёси эса шеърлар ва масалларни ёд олиш, ибораларни алоҳида оҳанг билан гапириш ва кўпчилик билмайдиган сўзларни ишлатиш билан бўлади.
Тўртинчи тури. Амал билан бўладиган риё.
Бу намозхоннинг рукуъ ва саждани узун қилиши каби ишлар билан бўлади.
Аҳли дунё бўлса, манманлик ва гердайиш каби бойлик ва обрўни кўз-кўз қилувчи нарсалар ила риёкорлик қиладилар.
Бешинчи тури. Дўстлар ва зиёратчилар билан мақтаниш.
Бунда риёкор машҳур олимни уйига «фалончиникига машҳур олим келибди», дейилиши учун таклиф қилади. Ёки «мен фалончининг мажлисида иштирок этаман» дея доимо мақтаниб юриш билан бўлади.

Риёнинг даражалари

1. Бу даража энг ёмони ҳисобланади. Унда риёкор савобни мутлақо ирода қилмайди. Мисол учун одамлар кўрсин учун намоз ўқийди. Аммо ўзи ёлғиз бўлса ўқимайди. Баъзида риё уни таҳоратсиз намоз ўқишга ҳам олиб боради.
2. Савоб умиди «одамларга амалимни кўрсин», деган умиддан кўра озроқ. Бу даражадаги риёнинг гуноҳи олдигисиникидан озроқ бўлади.
3. Савоб ва риё мақсади тенг бўлади. Агар улардан биригина бўлса амални қилмай қўяверади. Аммо икки мақсад жам бўлганда амални қилишга рағбат қўзғалади. Бу ҳам гуноҳ ҳисобланади.
4. Одамларнинг билиши амални яхшилаб қилишига сабаб бўлади. Агар одамлар билмаса ҳам амални қилаверади. Бу даражадаги риёда савобнинг асли ботил бўлмайди. Аммо савоб нуқсонга учрайди. Бундай ишнинг соҳиби риёси миқдорича иқобга ва савоб умиди миқдорича савобга сазовор бўлади.

Риёнинг ҳукми

Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми, деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор.
1. Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, ҳажи ила риёкорлик қиладиган банда осийдир. Чунки у ўз риёси ила Аллоҳдан ўзгани қасд қилади. Ҳолбуки, ибодатга сазовор ягона зот Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидир.
2. Риё мол талаби каби ибодатдан бошқа нарсада бўлса, ҳаром бўлмайди. Чунки бу одамлар қалбидан жой олмоқни исташдан иборатдир. Мол касб қилишда баъзи бир ман қилинган сабаблар аралашиши бўлиши каби обрў талабида ҳам шу нарса бўлади. Инсон ўзи муҳтож бўлган молни талаб қилиши мақтовга сазовор бўлганидек, орбў талабида ҳам шундай бўлади.
Юсуф алайҳиссалом ҳам подшоҳ ҳузуридаги амални ўзлари талаб қилганлар. Обрў кўп бўлса ҳам уни ҳаром дея олмаймиз. Фақатгина обрў ўз эгасини ножоиз нарсага бошламаслиги шарти ила бўлса.
Аммо талабига ҳирс қўйилмаган ва завол бўлганда ғам- ғуссага ботилмайдиган обрў қанча баланд бўлса ҳам зарар қилмайди.
Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотдан кейинги уламоларнинг обрўларидан кенгроқ обрўнинг ўзи йўқ. Аммо бор ҳимматни обрў кетидан қувишга сарфлаш динда нуқсондир.
3. Яхши кийиниш ҳам одамлар ҳузурида гўзал кўриниш учун бўлади. Шунингдек, бошқа чиройли кўриниш учун қилинадиган ҳаракатларнинг барчаси ҳам ман қилинган, дея олмаймиз. Бунда мақсадлар турлича бўлади.
Кимдир ўзига паст назар билан қаралишини истамайди. Кимдир ўзига берилган неъматни изҳор қилиш ниятида бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра оғирлигида кибрёси бор киши жаннатга кирмайди», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг расули, киши кийими гўзал бўлишини, пойафзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деди бир одам.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.

МАХФИЙ РИЁ ҲАҚИДА

Риёнинг ошкораси ва махфийси бўлади. Ошкора риё амалга чорловчи омил бўлиб, одамлар кўриши учунгина қилинади.
Ундан кейинги ўринда турадиган риё ўзи амалга боис бўлмаса ҳам, Аллоҳ учун қилинадиган амални енгиллатади.
Мисол учун, бир одам ҳар кеча таҳажжуд ўқир ва бу унга оғир келар эди. Уйига меҳмон келган куни бу иш унга жуда ҳам енгил бўлиб қолади.
Ундан ҳам махфийроқ риё амалга ҳам, унинг енгиллашишига ҳам таъсир қилмайди. Лекин бари бир қалбдан жой олган бўлади.
Бу турдаги риё амалга боис бўлмагани учун уни билиб олиш фақатгина баъзи аломатлардан бўлади. Унинг энг маш-ҳур аломати одамлар унинг тоатидан хабардор бўлса хурсанд бўлишидир.
Кўпгина бандалар ихлос билан амал қилади. Риёни қасд қилмайди, балки ёмон кўради. Амал ўшанга биноан бўлади.
Шу билан бирга, одамлар амалидан хабардор бўлсалар масрур бўлади ва ҳузур топади. Бу нарса қалбида ибодат машаққатини енгиллаштиради. Мана шу сурур ундаги махфий риёнинг далилидир.

АМАЛНИ ЗОЕ ҚИЛАДИГАН ВА ҚИЛМАЙДИГАН РИЁ

Риё ибодатдан фориғ бўлгандан кейин ёки олдин содир бўлиши эҳтимоли бор.
Агар ибодатдан фориғ бўлганидан кейин ўзи ҳаракат қилмаса ҳам бандада сурур пайдо бўлса, амали ҳабата бўлмайди.
Чунки мазкур амал ихлос асосида адо этилди, сурур эса ундан кейин келди. Хусусан, банда унинг келиши учун ҳаракат ҳам қилмади, гапирмади ҳам.
Аммо амал тугагандан кейин у ҳақида гапирган бўлса, бу хавфли. Бунда кўпинча амални қилаётган пайтида қалбида риё бор бўлади.
Агар риё бўлмаса ҳам гапиргани учун савоби озаяди. Зотан махфий ва ошкора амал орасида етмиш даража бор.
Агар риё ибодатдан фориғ бўлмай туриб содир бўлса, ҳукми бошқача. Мисол учун биров ихлос билан намоз бошлади. Кейин қалбида сурур пайдо бўлди. Бошқа нарса аралашмади. Бунда амалига таъсири йўқ бўлади.
Аммо ўша сурур намозни одамлар кўрсин учун чўзиб юборишга олиб борса, амали ҳабата бўлади.
Агар риё билан ибодат бир вақтда содир этилса, ибодат қабул бўлмайди. Мисол учун, риё учун намоз ўқишни бошлаш каби.

РИЁНИНГ ДАВОСИ

Аввалги сатрларда риёнинг ҳалокатли зарарлари ҳақида кўп нарсалар зикр қилинди. Энди ундан қутилиш йўллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтайлик.
Риёнинг муолажаси икки турли бўлади.
Биринчиси – унинг асл томирларини қўпориб ташлаш.
Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.
Сўзни биринчисидан бошлайлик. Риёнинг асли обрў ва мартаба муҳаббатидир. Бу нарсанинг тафсилоти уч нарсага бориб тақалади.
1.Мақтов лаззати муҳаббати.
2.Танқид аламидан қочиш.
3.Одамлар қўлидаги нарсага таъмагирлик қилиш.
Бунга имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келган бир ҳадис далилдир.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир одам келиб Набий алайҳиссаломдан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, шижоат билан урушга кирган одам Аллоҳнинг йўлида урушган бўладими, тарафкашлик учунми ёки риё учунми?» деди.
У зоти бобаракот: «Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳнинг йўлида урушган бўлади», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
«Шижоат билан» дегани зикр қилиниши ва мақталиши деганидир.
«Тарафкашлик учун» дегани – танқиддан қўрқиб дегани.
«Риё учун» дегани унинг кимлигини кўриб қўйсинлар учун дегани. Мана бунинг оти обрў ва мартаба муҳаббатидир.
Гоҳида инсон мақтовни истамаслиги мумкин. Аммо қораланишдан қўрқади. Бунга шижоатлилар ичига тушиб қолган қўрқоқ мисол бўлади. У қораланмаслик учун қочмай собит туриши мумкин.
Шунингдек, илмсизликда айбланишидан қўрққан одам билмаса ҳам фатво бериб юбориши мумкин. Риёкорлик шу каби тарзлар ила содир бўлади.
Риёнинг асл томирларини қўпориб ташлаш иложи қандай бўлади?! Маълумки, инсон ўзи учун ҳозир ёки келажакда фойдали бўлган нарсаларга рағбат қилади. Агар у бир нарсанинг ҳозирда ҳузурбахш бўлса ҳам кейин зарарли эканини билса, ундан рағбатини кесиши турган гап. Мисол учун, асалга заҳар қўшилиганини билган одам аслнинг лаззатидан ўйлаб ўтирмай воз кечади.
Риё ҳам худди шунга ўхшашдир. Агар инсон риёнинг бу дунё ва охиратдаги зарарларини англаб етса, уни тарк қилиш турган гап.
Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг мақтови дея риё қилаётганда Роббисининг мақтовидан маҳрум бўлишини ва азобига қолишини ўйласин.
Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қоралашидан қўрқиб риё қилётганда Роббисининг қораловидан ва азобидан қўрқсин.
Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қўлидаги нарсага таъмагир бўлиб риёкорлик қилаётганда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина қалбларга ман қилиш ва бериш туйғуси ва истагини солувчи зот эканини ўйласин. Ундан ўзга ризқ берувчи йўқ.
Бандадан таъмагир бўлган одам муродига етганда ҳам, хору зор бўлиши турган гап. Бас, шундай экан, қандоқ қилиб Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсани қўйиб бандадаги нарсага таъмагир бўлади?!
Бу борадаги фойдали даволардан бири нафсини ибодатни махфий қилишга ўргатишдир. Зотан, риёнинг амалларни махфий қилишдан афзал давоси йўқ.
Бу иш аввалда жуда ҳам қийин бўлади. Аммо бир муддат қийналиб бўлса ҳам сабр қилиб борса, кейин иш осонлашиб кетади. Аллоҳ таоло унга мадад беради. Бандадан ҳаракат, Аллоҳдан барокат.
Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.
Ибодат пайтида пайдо бўладиган риёни даф қилишни ҳам ўрганиш лозим. Шайтон ибодат пайтида бандани тек қўймайди. У лаънати риё хотираларини эсга солиб туради. Шунинг учун банда нафсига қарши жиҳод қилиб туриши керак. Қаноат ва ўзини одамлар назаридан тушириш ила қалбидаги риё ўсадиган жойларни қўпориб ташламоғи керак. Одамларнинг мақтовига ҳам, қораловига ҳам эътибор бермасин. Одамлар билди нимаю, билмади нима, Аллоҳ таолонинг Ўзи билса бўлди, десин.
Мақтов офатига рағбати қўзиб қолса, нафсига риё офатини ва Аллоҳ таолонинг ғазабига учрашини эслатсин.

ТОАТНИ ОШКОРА ҚИЛИШГА РУХСАТ

Тоатни махфий қилишда ихлос ва риёдан сақланиш фойдаси бор. Тоатни ошкора қилишда эса, бировларнинг эргашиши ва одамларга яхшиликни тарғиб қилиш фойдаси бор.
Ҳажга ўхшаш ибодатларни эса, махфий қилишнинг умуман иложи йўқ. Бас, шундай экан, амални ошкора қилган одам қалбини кузатиб бориши лозим. Токи унда махфий риёнинг муҳаббати пайдо бўлмасин. Доимо одамлар эргашишини ният қилиб турсин.
Бас, кимнинг нафси бақувват бўлиб, ихлоси бут бўлса, унинг наздида одамларнинг мақтови ва қоралови ҳеч нарса бўлмай қолса, амалини ошкора қилавериши мумкин. Чунки яхшиликка тарғиб қилиш яхшиликдир.
Салафи солиҳларнинг бир жамоалари одамлар ўрнак олиши учун ўзларининг аҳволи шарифларидан баъзиларини ошкора қилар эдилар. Улардан бирлари жон таслим қилиш пайти келганда: «Менга йиғламанглар! Мен мусулмон бўлганимдан бирор оғиз хато гап гапирганим йўқ», деган.
Абу Бак ибн Айёш раҳимаҳуллоҳу ўғлига: «Бу ҳужрада Аллоҳ таолога маъсият қилишдан ҳазир бўл! Мен унда ўн икки минг марта хатм қилганман», деган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир солик билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3334 05:00 / 28.02.2017
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтади 1. Кибр инсоннинг қалбида қарор топган бўлади. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Аммо у тиришиб, давоми...

5196 18:30 / 05.03.2022
Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо .Қуръондаги сабр уч турлидир Аллоҳ таолонинг фарзларига сабр қилиш. Унга юз даража берилади. Аллоҳ таоло ҳаром қилган давоми...

977 19:00 / 09 июнь
Муриднинг ҳоли қуйидаги олти ҳолдан бири бўлади. 1. Обид. 2. Олим. 3. Таълим олувчи. 4. Волий. 5. Ҳунарманд. 6. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган одам. .Обид, давоми...

2489 13:30 / 20.06.2020
Аудиолар

136482 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56608 14:35 / 11.08.2021