Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (99-дарс). Муробата, мушората, муроқаба

13:08 / 22.08.2020 3729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

 Руҳий тарбия машойихлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш ишида энг муҳим воситалардан бири «муробата» эканини алоҳида таъкидлайдилар. Уларнинг истилоҳида нафсни Аллоҳ таолонинг тоатида жиловлаш ва яхшиликни лозим тутиб, унда бардавом бўлишга «муробата» дейилади.

Бошқачасига айтганда, нафсни жиловлаш ва уни тергаб туришни тартибли ва давомли равишда йўлга қўйишдир. Бунга мушората, муроқаба, муҳосаба, муоқаба, мужоҳада ва муотаба мақомлари орқали эришилади. Энди мазкур олти мақом билан бирма-бир танишиб чиқайлик.

биринчи мақом мушората

«Мушората» луғатда «икки тарафлама шартлашиш» маъносини англатади. Бу сўз аслида фиқҳ илмига оид истилоҳ бўлиб, мол эгаси бўлмиш тижоратчининг ўзига шерик танлаб, унга шерикчилиги асосини баён қилувчи шартлар қўйишига айтилади. Бундай шартлашишдан асосий мақсад фойданинг саломатлигини таъминлаш бўлади.

Руҳий тарбия устозлари наздида ақл охират йўлидаги тижоратчи, унинг бу тижоратдан кўзлаган фойдаси нафсни поклашдир. Чунки нафс покланмагунича ютуққа эришиб бўлмайди. Ушбу тижоратда ақл ўзига нафсни шерик қилиб олади. Худди савдодаги тожир ўз шеригини ва хизматчисини ҳисобга тутиб, тергаб турганидек, ақл ҳам нафсни ҳисобга тутиб, тергаб туради, ўзаро шартномани бажаришни талаб қилади.

Ҳар бир мўмин банда Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин, худди эрталаб сотувчисига савдо молини топшираётган тожирга ўхшаб, нафси билан мушората – шартлашишни янгилаб туриши лозим.

Банда ўз нафсига: «Эй нафс, билиб қўй, менинг умримдан бошқа савдо молим йўқ. Бугун ундан бир бўлагини савдога қўймоқдаман. Унинг фойдасидан умидворман, буни зинҳор унутмагин ва шунга қараб ҳаракат қилгин», демоғи лозим бўлади.

иккинчи мақом муроқаба

«Муроқаба» зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Нафси билан шартлашган банда уни муроқаба қилиб туриши керак. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Нафс муроқабасиз қолиши билан йўлдан тояди ва туғёнга кетади. Муроқабани тушуниб етишда ва уни йўлга қўйишда Қуръони Карим оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бош омил бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (1-оят).

Инсонларни яратган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи Зотнинг Ўзи кузатиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

«Ҳар бир жоннинг қилган касби устида турувчи Зот ким?» деган (33-оят).

Яъни, ҳар бир жоннинг нима қилаётганини билиб, кўриб, кузатиб, ҳисобга олиб турувчи ким? Албатта, Аллоҳ азза ва жалла. Бу ҳақиқатни идрок қилган ҳар бир жон ўзини ўнглаб олиши керак.

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عِنْدَمَا سُئِلَ عَنِ الْإِحْسَانِ: «أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эҳсон ҳақида сўралганида: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Гарчи сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб туради», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло уни кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Ривоят қилинишича, машойихлардан бирининг ёш шогирди бор эди. Шайх уни эҳтиром қилар ва бошқалардан устун қўяр эди. Шогирдларидан бири: «Бу ёш болани шунчалик ҳам ҳурмат қиласизми, ахир биз машойихлармиз-ку?!» деди. Шайх уларни тўплаб, қўлларига биттадан қуш ва пичоқ бериб, ҳар ким уни ҳеч ким кўрмайдиган жойда сўйиб келишини буюрди.

Бир оздан кейин ҳамма ўзига берилган қушни сўйиб келди. Фақат ёш шогирдгина қўлида тирик қуш билан турарди. Шайх ундан: «Сен қушни нимага сўймадинг?» деб сўради.

«Мен ҳеч ким кўрмайдиган жойни топа олмадим. Қаерга борсам, Аллоҳнинг назар солиб турганини билдим», деди.

Шунда катта ёшли шогирдлар, бу боланинг ҳақиқатан ҳам ҳурматга сазовор эканини тан олишди.

Банда ўзининг ҳар бир ҳолатини Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис этиб, яхши амалларни қилса ва ўзини одоб доирасида тутса, муроқабага амал қилган бўлади. Мисол учун, ўтирганда, ухлаганда ёки қазои ҳожатга борганда ният билан исломий одобларга риоя қилса, муроқабага амал қилган бўлади.

Банданинг тоатда тургандаги муроқабаси ихлос қилиш, тоатни мукаммал ва гўзал тарзда адо этиш ила бўлади.

Маъсиятда тургандаги муроқабаси тавба, надомат чекиш, маъсиятдан ажраб чиқиш, уялиш ва мазкур маъсиятга қайтмасликка азму қарор қилиш ила юзага келади.

Банданинг мубоҳ нарсалардаги муроқабаси одобга риоя қилиш, неъмат берувчининг фазлини тан олиш ва неъматга шукр қилиш ила пайдо бўлади.

Киши ўзининг барча ҳолатларида ҳам сабр қилиш лозим бўлган синовдан ёки шукр қилиш лозим бўлган неъматдан холи бўлмайди. Булар ҳам муроқаба ҳисобланади. Балки банда ўзининг барча ҳолатида унга фарз қилиниб, адо этиш лозим бўлган нарсалардан, ман қилиниб, тарк этиш лозим бўлган нарсалардан, мандуб қилиниб, Аллоҳ таолонинг мағфиратига тезроқ етишга ва бошқа бандалар билан мусобақалашишга қизиқтирилган нарсалардан, мубоҳ бўлиб, банданинг жисмига ва қалбига фойдаси, тоатига ёрдами бор нарсалардан ажрамаган ҳолда бўлади.

Бу нарсаларнинг барчасининг ўз чегараси бор. Давомли муроқаба ила уларнинг риоясини қилиб туриш керак.

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан, ўзига ўзи зулм қилибди» (1-оят).

Банда ушбу нарсаларда доимий равишда ўзини ўзи кузатиб туриши лозим. Агар фарзларни адо қилиб бўлса ва фазилатли ишларга қудрати етса, энг афзал амални танлаб адо этсин.

Ким имкони бўлиб туриб ортиқча фойдани ўтказиб юборса, ғурурга кетган бўлади. Фойдалар эса фазилатларни жамлаш ила кўпаяди.

(Давоми бор)

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хутбада шуларни айтган эдиларndash Мўмин одам икки қўрқув, икки ажал орасидадир. Булардан бири мозий ndash ўтмишдир. давоми...

4479 16:04 / 11.12.2018
Арабчада .хирқа,, ўзбекчада .жанда, деб аталган ўзига хос кийим кийиш бир вақтлар сўфийлар орасида кенг тарқалган эди. Сўфийларнинг турли рангдаги ямоқлар солинган давоми...

4797 15:10 / 18.08.2019
Нафсни поклаш уни ширкдан ва ундан ажраб чиқадиган ифлосликлардан поклаш демакдир. Бу ишни ҳақиқатга чиқариш эса тавҳид ва унинг шўъбалари ила бўлади.Нафснинг давоми...

4094 13:00 / 19.09.2020
Имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган 1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат давоми...

3246 18:14 / 02.10.2021